ru uz
Лимфа тугуни шиши

Организм иммун тизими ҳужайралари - лимфоцитларнинг тизимланувчи манзил-макони лимфа тугуни ҳисобланади. Ушбу тизим тананинг ҳар бир қисмида жойлашган бўлиб, унинг асосий вазифаси организмни ёт жисмлардан ҳимоялашдир. Бордию касаллик кўзғатувчи микроорганизмлар хужум қилса, лимфа «қўшини» ҳимояга ўтади. Яллиғланиш  ўчоғини келтириб чиқарган инфекция билан курашишда у бор кучини ишга солади. Натижада, лимфа тугунида шиш кузатилиши мумкин. Хўш, бу нечоғли хавфли? Катталашган лимфа ўз ҳолига қайтадими? Қай ҳолларда онкологик хасталиклар тахмин қилинади? Батафсил сўз юритамиз.

У қаерда жойлашган?

Лимфа томирлари деярли барча тўқима ва аъзоларга тарқалган. Ушбу тизим ҳужайра ва тўқималар оралиғидан бошланиб, капиллярларга, сўнг майда лимфа томирлари, ундан кейин лимфа томирларига ўтиб, охирида кўкрак катта лимфа йўлини ҳосил қилади. Лимфа томирлари бош миядан ташқари барча аъзоларда жойлашган бўлиб, унда лимфа суюқлиги оқиб туради. Ушбу суюқлик рангсиз бўлиб, таркибида лимфоцит ва моноцитлар бор.

Лимфа тугуни мошдан нўхат катталигигача бўлиб, якка ёки тўп-тўп жойлашади. Тугун ташқи томондан фиброз парда билан қопланган. Фиброз парда без ичига кириб уни бўлакларга бўлиб юборади. Бўлакчаларнинг асосий вазифаси - организм учун кераксиз нарсалар, микробларни ушлаб қолиб, лимфани тозалаб беришдир. Лимфа безларида кирувчи ва чиқувчи томирлар мавжуд. Лимфоид тугунларда эса фақат кирувчи томир бор. Лимфа томири яллиғланганида унда шиш ва
кучпи оғриқ кузатилади.

Лимфа тугунлари жойлашуви қуйидагича:

  • тиззаости (тизза орқа бўғимларининг юқори крсми);
  • чов соҳаси;
  • энса (бўйиндан бош суягига ўтиш қисми)да;
  • қулоқолди ва орқа қисми (қулоқ супраси олд ва орқа тарафи);
  • жағости соҳаси; иякости;
  • бўйиннинг олд ва ён қисмлари;
  • тирсак (тирсак бўғими олд қисми юзасида жойлашган);
  • қўлтиқости соҳаси (бир қисми кўкрак ички мушакларининг юза қисмига бириккан, қолгани кўлтиқости клетчатка ичига кирган бўлади).

Сабаби - шамоллаш

Лимфа томирлари юзада жойлашгани. Боис ундаги ўзгаришларни пайқаш қийин эмас. Асосий белги - лимфа тугуни шишиб қолишидир. Яллиғланиш зўрайиб борганида шиш жойида оғриқ сезилади. Безовталикни келтириб чиқарувчи омиллар куйидагилар:

  • инфекция (вирус, бактерия, замбуруғ);
  • паразитар инвазия (ҳайвон ва ўсимлик паразитларининг юқиши);
  • аутоиммун ўзгаришлар;
  • аллергик реакция;
  • тез-тез қайталанувчи, асоратли шамоллаш;
  • сил таёқчаларининг таъсири; ревматизм;
  • лимфа тизимининг ўсма касалликлари;
  • ўсма хасталиклари асоратида лимфа тугунида метастаз (мавжуд патологиянинг алоҳида кўринишдаги иккиламчи касаллик ўчоғи) жараёни бошланиши.

Тиббии кўрик шарт

Касалликка ташхис қўйишда умумий қон таҳлили (лейкоцитлар миқдори ҳамда эритроцитларнинг ёпишиш тезлиги) ўтказилади. Зарурат туғилса, шифокор биопсия текширувини тайинлаши мумкин. Бу ўсма касалликларини аниқлашда муҳим саналади.

Давоси операциями?

Лимфа тугуни катталашишида, одатда, яллиғланишга қарши препарат (антибиотик)лар буюрилади. Шунингдек, физиомуолажа, электрофарез, оғриқни камайтириш учун ультратовуш тўлқинли амалиёт, мазлар қўлланиши мумкин. Агар лимфа тугунида йирингли ўчоқ мавжуд бўлса, кичик жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Биопсия таҳлили хавфсиз ўсма мавжудлигини кўрсатса, нур ёки кимё муолажаси белгиланади.

Лимфа тугунида шиш юзага келса, уни асло спирт ёки қиздирувчи бошқа суртмалар билан компресс қилманг. Муолажани фақат шифокор тайинлаши лозим.

Белгилари турлича

Бўйин лимфа тугунлари яллиғланишини кўп ҳолларда ўткир респиратор касалликлар ёхуд ЎРВИ билан адаштиришади. Аммо касаллик симптомига эътибор қилинса, тафовутни сезиш мумкин. Мисол учун, томоқ ва бўйин атрофи лимфа тугуни шикастланганида томокда ёт жисм бордек туйилади, ютиниш қийинлашади, бош оғриғи, тана ҳарорати кўтарилиши юз беради.

Жағости лимфа тугунида шиш юзага келса, авваламбор тери юзаси қизаради. Бемор безгак тутиши, иситма кўтарилишидан шикоят қилиши мумкин. Таом истеъмол қилинаётганда жағ оғрийди.

Қулоқ орқа қисми лимфа ўзгаришлари кўп ҳолларда зарарланган «ҳудуд» атрофида оғриқни юзага келтиради. Мисол учун, ўнг қулоқнинг орқа қисмидаги лимфа яллиғланган бўлса, ўнг жағ ва бошнинг худди шу қисми безовта қилади. Баъзан тиш оғриғи қўшилиши мумкин. Қулокда шовқин бўлиши, ўқтин-ўқтин оғриқлар юзага келиши эҳтимоли бор.

Лимфа тугунидаги ўзгаришлар ҳақида сўз борганида кўпчилик қўлтиқости соҳасидаги шишни тасаввур қилади. Шуниси аниқки, ушбу соҳадаги безовталик организм иммун тизими ниҳоятда заифлашгандагина юз беради. Аввалига тугун бор қўлда оғриқ сезилади. Қўл ҳаракатга келтирилган пайт безовталик кучаяди. Сут безларида яллиғланиш мавжуд бўлса, лимфа тугуни катталашиб боради, сўнг кучли оғриқ, тана ҳарорати кўтарилиши кузатилиши мумкин.

Чов лимфа тугуни хасталанганда уни қуйидаги аломатлар фош қилади: қўл билан пайпасланганда ёхуд нотўғри ётиб қолинганда оғриқ сезилиши, зарарланган лимфа тугуни терисининг қизариши, жисмоний ҳаракат пайтида ёки қадам ташлаганда чов соҳасида оғриқ қўзғалиши.

 

Орқага Чоп этиш