ru uz
Жигар қуртласа... Қаҳва, нон ва гўжадан воз кечинг!

Эхтиёт бўлинг, туз!

Жарроҳликдан кейин жигарим қийналмасин десангиз, туз, мурч ва шакарни дастурхонингиздан бутунлай четланг. Агар тузсиз яшай олмайман десангиз, тозаланган туздан фойдаланинг. Унинг миқдори кунига 3-5 граммдан ошмаслиги лозим. Бундан ташқари, дудланган гўшт маҳсулотлари (колбаса, сосиска, тандир гўшти, дудланган товуқдан бутунлай воз кечасиз. Майонез, кетчуп, сирка солинган консервалар, хантал ҳам «қора» рўйхатда.

Парвариш муҳим

Эхинококкоз жарроҳлик амалиётини ўтказган ҳар бир бемор қуйидаги маълумотларни билиши лозим:

  • шифокор тавсиясига кўра гельминтга қарши дори воситаларини қабул қилиш;
  • амалиётдан кейин 2-3 ой давомида жисмоний машқлар билан шуғулланмаслик;
  • биринчи йили ҳар олти ойда, иккинчи йилдан бошлаб йилда бир бор кўрикдан ўтиш;
  • термик ишлов берилган маҳсулотларни истеъмол қилиш, пишмаган егуликлар, айниқса, кабоб ва балиқ маҳсулотларидан эҳтиёт бўлиш;
  • қайта зарарланишнинг олдини олиш мақсадида жониворлар билан мулоқотни чеклаш;
  • тамаки ва алкоголь маҳсулотларидан бутунлай воз кечиш.

Жигар етишмовчилигида эса

Жигар етишмовчилигида оқсил миқдорини кунига 30-40 граммгача камайтиришингиз лозим. Оқсилни асосан қатиқ, творог каби маҳсулотлардан ўзлаштирасиз, агар хасталик авж ола бошласа, ёғлар ва ҳайвон оқсилларидан хам бутунлай воз кечишга тўғри келади. Бемор хар икки соатда сабзавотлардан тайёрланган хазми енгил таомларни истеъмол қилиши керак.

Қандай ичимликлар мумкин?

Кунига 1.8-2 литргача суюқлик ичиш тавсия этилади. Ичимликлардан қайнаб совиган сув, маъданли сувлар (баржоми, ессентуки, омонхона, чинобод) ёки ширчой (оз микдорда шакар қўшсангиз бўлади), наъматак дамламаси, мева компотлари.

Тақиқланган ичимликлар қаторида эса: қаҳва, какао, газланган ичимликлар, қадоқланган шарбатлар (айниқса, узум шарбати), алкоголь маҳсулотлари, қайноқ шоколад.

Мева ва сабзавотлардан-чи?

Крахмалга бой сабзавотлар: картошка, гулкарам, қовоқ, шолғом, қизил лавлагини ҳам қайнатиб, ҳам димлаб, ҳам буғда пишириб еса бўлади. Лекин кўзиқорин, хом пиёз ва саримсоқпиёз, бақлажонни «мумкинмас» деган рўйхатингизга киритиб қўясиз.

Мевалардан олма, икки тилим тарвуз ёки қовун, анор, анжир, нок истеъмол қцлинг.
Реза мевалар, апельсин, мандарин, киви, банан, писта ва ёнғоқлардан эса узоқроқ юрганингиз маъқул.

Ун ва ун маҳсулотлари

Дастурхонларимизни нонсиз тасаввур қилиш мушкул. Аммо вақтинчалик ўзингиз ўрганган оқ нондан четланиб, жавдар ёки кепакли нонларга ихтиёр беришингизга тўғри келади. Бундай пайтларда таъм берувчи қўшимчаларсиз қотирилган нонлар ҳам жонингизга оро киради. Бироқ оқ ундан ёпилган нон ва нон маҳсулотлари, қуймоқлар, маргарин қўшилган хамирдан тайёрланган турли пишириқлар мумкин змас.

Сабзавотли шўрвалар айни муддао

Жигар хасталиклари билан оғриган беморларнинг асосий таоми сабзавотли қайнатма шўрвалар ҳисобланади. Бунда гўштнинг ёғсиз бўлагидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Шунингдек, ёзнинг асосий таоми гўжа ва айрон ҳам жигар хасталикларидан азият чекаётганларга тавсия этилмайди.

Оқсил-чи?

Кунига ўртача 80-90 грамм оқсил тановул қилиш мумкин. У ёғсиз гўшт, сут ва сут маҳсулотлари, дуккакли ўсимликлар ва тухум таркибида кўп миқдорда мавжуд.

Кунига 2 дона қайнатилган тухум истеъмол қилсангиз бўлади. Оқсил етишмаслиги бошқа хасталикни келтириб чиқариши эҳтимоли мавжуд.

Тартибга риоя қилинг

Таомнинг фақат илиғини тановул қилинг, жуда иссиқ ва ўта совуқ егуликлар ҳам соғайишингизни ортга суради. Шунингдек, кунига беш-олти маҳал таомланинг. Хаста жигар
ёғларни ўзлаштиришга қийналгани учун ҳайвон ёғларидан воз кечинг.

 

Орқага Чоп этиш