Баъзан қулоқда қандайдир шанғиллаш, шовқин ёки бонг ургандек кучли товушларни ҳис қиламиз. Бундан хавотирга тушиб, шифокорга мурожаат қилишимиз табиий. Тажрибасизроқ мутахассис шовқинлар билан курашса, малакалиси бунинг илдизини ахтаради. Чунки у яхши биладики, қулоқдаги шовқин касаллик эмас, унинг белгилари, холос.
Тиббиётда бу синдром «тиннитус», яъни «қулоқдаги шовқин», деб аталади. Маълумотларга кўра, Ер юзи аҳолисининг 5 фоизи сурункали тиннитус билан оғрийди. Умумий номига қарамай, қулоқдаги шовқинлар турлича бўлиши мумкин: оддий шивир-шивир, томир уришини «эшитиш»дан тортиб, кучли товушларгача. Баъзан улар чигиртканинг чириллашини, сув шилдирашини, ўтлар шитирини эслатади. Одатда, шовқин жимликда кучаяди, уйқусизликда яққол сезилади, мунтазам ёки вақтинча, кучли ёки кучсиз, бир қулокда, иккисида ёки бошда ҳис қилиниши мумкин.
Жараён қулоқ, бош оғриғи (ёки айланиши), кўнгил айниши, кулоққа нимадир кириб қолгандек туюлиши каби аломатлар билан кечади.
Овозлар қаердан пайдо бўлади?
Ички қулоқдаги минглаб эшитиш хужайралари толалар ёрдамида товуш тебранишларини электр сигналларга айлантириб, бош мияга узатади. Меъёрий ҳолатда бу толалар товуш тебранишларига ҳамоҳанг ҳаракатланиши керак. Аммо толалар жароҳатланган ёки бирор сабаб билан «ғазабланган» бўлса, тартибсиз «юра» бошлайди. Натижада, барча сигналлар қоришиб кетиб, мия уларни шовқин, деб қабул қилади.
Аввало, қулоқ ҳужайраларининг ёш ўтиши билан ўзгариши тиннитусга йўл очади. Бу ҳолат тахминан 55-60 ёшлардан кейин юзага келиши лозим. Бироқ ёшларда ҳам ички қулоқнинг кўп давом этган шовқин таъсирида шикастланиши туфайли юқорида айтилган ёқимсиз ҳолат юзага келиши мумкин. Қулоқчин тақиб, мусиқани баланд товушда эшитиш бунга яққол мисол бўлади. Шунингдек, баъзи дори воситаларини узоқ муддат қабул қилиш (масалан, антибиотикларнинг айрим турлари ва кўп микдордаги аспирин) шундай симптомларни келтириб чиқариши мумкин.
Тиннитус вақтида даволанмаса, бемор бора-бора эшитиш қобилиятини йўқотади. Кўпчилик қулоқдаги ёқимсиз товушлардан халос бўлдим-ку, дея касаллик оқибатлари ҳақида ўйламайди. Тўғри, агар баланд овоз ёки мусиқа эшитгандан сўнг қулоқда оғриқ, шовқин пайдо бўлса ва бу тез ўтиб кетса, хавотирга ҳожат йўқ. Айни ҳолат ўта табиий физиологик жараён ҳисобланади. Лекин келиб чиқиш сабаби аниқ бўлмаган, тез-тез такрорланувчи, бошқа товушларни «ютиб» юборадиган ва эшитиш қобилиятини сусайтирадиган ҳар қандай шовқиндан безовталанган киши мутахассисга мурожаат қилиши зарур.
Сизга ҳам эшитиляптими?
Ушбу касаллик объектив ва субъектив турларга бўлинади. Биринчисида, шовқинларни нафақат бир одам, балки унинг атрофидагилар ҳам эшитади, пайқайди.
У бош мия, бўйин ёки қулоқдаги томирларнинг торайиши ва аксинча кенгайиши оқибатида юзага келади. Қон оқими йўлида учраган «тўсиқ»ларни енгиб ўтади ёхуд кенгайган томирлар бўйлаб катта тезликда ҳаракатланади. Бундан келиб чиққан овозни беморга жуда яқин турган инсон ҳам пайқаши мумкин. Бироқ айни ҳолат амалиётда кам учрайди. Субъектив шовқин эса фақат беморнинг ўзига эшитилади ва юқорида таъкидлаб ўтган касалликлар натижасида пайдо бўлади.
Эшитиш аъзоси билан боғлиқ бўлмаган касалликлар — юрак-қон томир, қалқонсимон без хасталиклари, аллергия, тиш ва жағ ёхуд умуртқа поғонаси шикастланишлари ҳам тиннитусга олиб келади.
Муолажа кечикмасин
Вазиятни тўлақонли баҳолаш учун шифокор бир қатор текширувларни ўтказишига тўғри келади. Қулоқ ташқи эшитув йўлини кўриш, аудиологик текширувлар, қоннинг лаборатор тахдиллари, бош мия томирларининг ультратовуш текшируви (допплерография), бош ва умуртқанинг бўйин қисми рентгени, бош мия компьютер томографияси (КТ, МРТ, МСКТ) шулар жумласидандир. Тиббий таҳлил натижаларидан келиб чиқиб, бемор сурдолог, терапевт, кардиолог, невролог, психоневролог, лозим бўлса, психиатр текширувига йўлланади. Сўнгги хулосадан кейин касаллик муолажаси бошланади.
Даво чораси сифатида энг оддий ҳолатда - қулоққа кириб қолган нарсани ёки йиғилиб қолган кирни олиб ташлаш кифоя. Бошқа вазиятларда эса албатта, дори воситалари ёрдамга келади. Оғирроқ жароҳатлар ёки қулоқ ичига кириб қолган моддани табиий йўл билан олиб ташлаш имконсиз бўлса, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши ҳам мумкин.