ru uz
Плеврит: ўпкада сув йиғилса...

Плеврит: ўпкада сув йиғилса...
Плеврит - плевра пардаларининг фибрин ёки плевра бўшлиғида яллиғланиш суюқлиги (экссудат) тўпланиши билан кечадиган касалликдир. Иккала ўпка ташқи томондан висцерал плевра, улар жойлашган кўкрак қафасининг ички юзаси париетал плевра билан қопланган. Ҳар икки плевра пардалари орасининг муайян жойида плевра бўшлиғи мавжуддир. Хасталик ривожлана бошласа, шу ерда суюқлик тўпланади. Плеврит кўп ҳолларда бошқа хасталиклар туфайли келиб чиқади. Асосан, ўпка, кам ҳолатларда кўкрак қафаси, кўксимиз оралиғи, диафрагма ости бўшлиғи касалликлари асоратида ривожланади. Плеврит ўз вақтида ва тўлиқ муолажа қилиниши шарт! 

Касаллик сабаби - АЛЛЕРГИЯми?
Плеврит ривожланишига кўра икки хил: инфекцион ҳамда инфекция билан боғлиқ бўлмаган турларга бўлинади. Унинг келиб чиқиши сабаблари эса қуйидагича:
-  плевранинг инфекцион зарарланиши;
-  сил касаллиги;
-  аллергик яллиғланиш реакцияси;
-  аутоиммун ва тизимли касалликлар;
-  кимёвий моддалар таъсири;
-  кўкрак қафаси жароҳатлари;
-  ионлашган радиация, нурланиш;
-  меъдаости ферментларининг таъсирланиши;
-  плевранинг бирламчи ва метастаз жараёнга ўта бошлаган ўсма касалликлари.
Инфекцион плеврит юзага келишида пневмококк, стафилококк, сил таёқчалари, микоплазма, шунингдек, замбуруғларнинг «қўли бор». Инфекция билан боғлиқ бўлмаган хасталик тури эса ўсмалар, фогранулематоз, бириктирувчи тўқиманинг тизимли касалликлари, жароҳатлар, ўпка инфаркти, ўткир лейкоз, диатез, инфарктдан кейинги Дресслер синдроми таъсирида ривожланади.

Артрит муолажасини кечиктирманг!
Ревматоид артрит — аутоиммун касаллик ҳисобланиб, мустақил равишда яллиғланишини ривожлантиради. Ҳасталик муолажасида қўлланадиган препаратлар кўп ҳолларда иммунитет заифпашувига олиб келиши мумкин. Иммун тизим зифасини бажаришга қодир бўлмай қолганида эса инфекциялар ҳужуми учун қулай вазият шаклланади. Инфекцион плевритнинг бошқа хасталиклар фонида юзага келишини қуйидагича изоҳлаш мумкин:
-  Алкоголизм. Сурункали ичкиликбозликка ружу қўйиш, ички аъзолар фаолиятига жиддий таъсир кўрсатади. Энг аввало, жигар ишдан чиқади. Антитаначаларнинг таркибий қисми ҳисобланмиш оқсил ишлаб чиқарилиши камая бошлагач, иммун тизими кучсизланади. Ичкиликбозликка берилган кишиларда нафас йўллари яллиғланиши ҳамда кўкрак қафаси жароҳатлари кўп кузатилади.
-  Ўпка сурункали касалликлари. Сурункали бронхит, сурункали ўпка обструктив хасталаниши, эмфизема, астма ва бошқа нафас йўллари патологиялари — плевранинг инфекцион зарарланиши учун асос бўлиши мумкин.
-  Оғиз бўшлиғи яллиғланиши касалликларида хасталик кузгатувчи бактериялар oғиз шиллиқ қаватида тўпланади. Бемор ўз вақтида даволанмаса, бактериялар ҳалқум орқали ўпкага ўтиши ҳамда пневмонияни юзага келтириши мумкин. Сабаби тупланган бактериялар нафас олиш-чикариш жараёнида ютиб юборилади.
-  Меъда-ичак тракти патологиялари. Истеъмол қилинган егулик ҳазм бўлмай ошқозондан қизилунгачга ўтиб кетиши нафас йўлларида инфекция тарқалишига сабаб бўлади.
Плевритнинг тўрт асосий тури бор, булар: қуруқ (фибриноз), экссудатив, йирингли ва сил плеврити.
Қуруқ плевритда плевра пардалари яллиғланиши унинг юзасида фибрин тўпланиши билан кечади. Висцерал ва париетал плевра пардаларининг яллиғланиши қизариш ва шишни келтириб чиқаради.
Сил касаллиги билан борлиқ плеврит, одатда, плевра остида сил учоғи жойлашиши ёки у плевра бўшлиғига ёрилиб, тарқалиб кетганида, шунингдек, қон орқали тарқалганида юзага келиши мумкин. Кўпинча, қуруқ плеврит хасталикнинг экссудатив тури бошланишидан олдин пайдо бўлади.
-  Қандли диабет. Меъдаости безида инсулин ишлаб чиқарилиши камаяди. Инсулин гормони глюкоза ва бошқа қанд моддалари метаболизми учун муҳимдир. Унинг кўрсаткичи пасайиб борганида қонда қанд миқдори ортади. Қандли диабетда ички аъзолар фаолияти издан чиқади, иммун тизими сустлашади, шунингдек, қонда глюкоза миқдори меъердан ортса, бактерияларнинг ин қуриши учун қулай шароит юзага келади.

Диққат қилинг, хасталик белгилари!
Ҳансираш, кўп терлаш, эт жунжикиши, иштаҳасизлик, сурункали ва кучли йўтал, кўкрак соҳасида oғриқ бўлиши, тана ҳарорати кўтарилиши, трахеянинг силжиши — плеврит аломатларидир.
Кўкрак қафасининг касалланган қисми нафас олишда суст қатнашади. Экссудат суюқлиги кўп бўлганида юрак фаолиятида ўзгариш кузатилади, томир уриши тезлашади, артериақ қон босими пасаяди. Бу пайтда ўтказилган ЭКГ таҳлили миокард белгиларини кўрсатиши мумкин.
Хасталикнинг илк даврида oғриқ кучли бўлса-да, экссудат пайдо бўла бошлагач, у камаяди, баъзан бутунлай йўқолиши ҳам мумкин. Бемор нафас олганида кўкрак қафасининг яллиғланган томонидаги ҳаракат соғлом қисмига нисбатан сустроқ кечади. Қуруқ йўтал, субфебрил (37,1-38,0 даража) тана ҳарорати кузатилади.
Экссудат, яъни плевра бўшлиғида йиғила бошлаган суюқлик — сероз, фибриноз, геморрагик, йирингли, хилёз ва аралаш шаклда учрайди. Экссудат кўпая боргани сайин ўпкадаги ҳавони сиқиб чиқариб, уни зичлайди. Ушбу жараёнда хасталик аста-секинлик билан ёхуд бирданига ривожпаниши мумкин.

Тезкор ташхис зарур
Шифокор беморнинг умумий ҳолати, шикоятлари ҳамда мавжуд безовталикларни ўрганиб, анамнез йиғади. Рентген текшируви ўтказилади. Қон ва пешоб таҳлиллари амалга оширилиб, инфекциялар ҳолатига баҳо берилади.

Суюқлик олиб ташланадими?
Экссудатив плеврит асосий хасталикка боғлиқ равишда ўртача 1,5—2 ой давом этиши мумкин. Касаллик зўрайганида, яъни суюқлик тўпланиши ортиб борса, ўткир ўпка ва юрак етишмовчилиги ривожланиши эҳтимоли бор. Экссудат суюқлиги йирингли бўлса, пункция ўтказилиб, унинг таркиби текширилади. Бу плеврит келиб чиқиши сабабини ўрганишда муҳимдир. Мутахассис даво чораларини асосий касалликка қараб белгилайди. Плеврит ривожланишига туртки бўлган патология аниқланиб, тўлиқ муолажа қилинмаса, плевра яллиғланишига чора топиш қийин. Экссудат суюқлиги пункция йўли билан олиб турилганида беморга оғриқсизлантирувчи препаратлар юборилади. Пункция ўтказиш давомида олинган суюқлик ўрнига керакли дорилар юборилади. Шунингдек, яллиғланишга қарши, oғриқ қолдирувчи, сенсибилизацияни камайтирувчи ва йўтални енгиллаштириш учун дорилар қўлланади. Тиббий текширувлар суюқлик сўрилаётганини кўрсатгач, нафас гимнастикаси, уқалаш муолажалари буюрилади. Бемор шифокор назоратида умумий қувватлантирувчи, симптоматик, зарарланишни камайтирувчи препаратлар, биостимулловчи воситаларни қабул қилади.
Плеврит бошқа ҳар қандай хасталик каби қайталаниши мумкин. Бунга асосий сабаб организм иммун тизимининг сустлашиши, шунингдек, инфекцион хасталиклар билан оғришдир. Шу боис ҳам плевритга чалинган бемор соғайгач, соғлиғига ниҳоятда эътиборли бўлиши талаб этилади. Йилига бир маротаба флюорография текшируви ўтказилиши профилактик кўрик вазифасини ўтайди. Соғлигингизни эҳтиёт қилинг!

 

Орқага Чоп этиш