ru uz
Оёқларингиз шишиб қоляптими? Қон айланишида бузилиш бор!

 Қай бир касаллик ҳақида сўз бормасин, унинг келиб чиқиши замирида қон айланишининг бузилиши мавжудлигини кўрамиз. Аслида, ушбу тизим ишидаги носозлик нима сабабдан юз беради? Олдини олиш мумкинми? Мабодо, қон айланиши бузилган бўлса, уни қандай аломатлар фош этади. Бугун шу ҳақида.

»Нима вазифани бажаради?

Инсон организмидаги қон айланиш тизими, бу юрак, артерия, капиллярлар, вена ва лимфа томирлар мажмуасидир. Юрак ва томирлар танамизда қоннинг тўхтовсиз ҳаракатланишини таъминлайди. Юракнинг тўхтовсиз қисқариб ва кенгайиб туриши, қонни катта артерия ва капиллярлар орқали тананинг ҳамма тўқималари ҳамда ҳужайраларига тарқалишини келтириб чиқаради. Шу чизма асосида қон майда, ўрта ва йирик вена қон томирлари орқали яна юракка қайтиб келади. Юракнинг чап қоринчаси таркибидаги озиқ моддалар, кислород ва гормонларга бой артериал қон аорта томирига қуйилади. Ундан йирик, ўрта, майда артерия томирлари орқали тўқима ва ҳужайралар орасида жойлашган капиллярларга боради.

Мухтасар айтганда, юрак-қон томир тизими ҳамма тўқима ва ҳужайраларга озиқ моддалар ҳамда кислородни етказиб беради. Уларда ҳосил бўлган қолдиқ моддаларни қабул қилиб, айириш аъзоларига етказади. Юрак-қон томирига нисбатан «ташувчи транспорт» атамасининг қўлланилиши ҳам шундан.

Қон айланишининг бузилишида юрак-қон томир тизими тўқима ва ҳужайраларнинг озуқланишини таъминлашга қодир бўлмай қолади. Бунинг натижасида тўқима ва ҳужайраларда гипоксия (кислород етишмовчилиги) юзага келиши, юрак-қон томир фаолиятида ҳамда организмнинг ички аъзоларида турли патологиялар қўзғаши мумкин.

Қон айланишининг бузилиши:

  • енгил даражада, бошланғич ҳолат;
  •  ўткир;
  • сурункали ривожланиб борувчи кўринишларда тавсифланади.

»Қон томирлар деворини мустаҳкамланг, негаки...

Тамаки маҳсулотларига ружу қўйиш, носоғлом турмуш тарзи, қандли диабет, артериал қон босимининг кўтарилиши, қонда холестерин, триглицеридлар микдорининг кўплиги, ортиқча вазн ва организмнинг ёшга доир ўзгаришлари — қон айланишида бузилишларни пайдо қилиши мумкин. Шунингдек, турли даражадаги жароҳатлар, аневризм (қон томиридаги ўзгаришлар), Рейно феномени (қон томирлари тонусининг бузилиши натижасида кўл-оёқ бармоқлари терисининг ранги ўзгариши билан кечадиган касаллик) ҳам ушбу ҳодисани келтириб чиқарувчи патологиялар саналади. Мазкур омиллар кўп ҳолларда қон айланиши бузилишининг ўткир турига сабаб бўлади.

Оёқ томирларида тромбоз, артерия қон томирлари стенози, эндартериит (артерия қон томирларининг зарарланиши фонида кечувчи сурункали касаллик), вена қон томирларининг кенгайиши — қон айланиши бузилишининг сурункали тусда кечиши билан характерланади.

Атеросклероз, артериал гипертензия, ишемик хасталиклар бош мияда қон айланишининг бузилишини келтириб чиқаради.

Бир сўз билан айтганда, қон айланишининг бузилиши бу ё бирор-бир хасталик фонида кечувчи ўзгариш, ё унинг асорати, ёки ушбу ҳодисада юз бериши керак бўлган жараён сифатида баҳоланади. Ҳар қайсисида ҳам қон айланишининг бузилиши мавжуд патологиянинг ривожланишига туртки бериши мумкин.

»Бошим айланяпти, денг...

Юрак-қон томири тизимининг тўқима ва ҳужайраларда қон айланишининг кераклича таъминлай олмаслиги умумий ҳолсизлик, бош айланиши, бош ва мушакларда, шунингдек, кўкрак қафасида оғриқ, тери рангпарлиги, тери жароҳатларининг узоқ муддат битиши, сурункали чарчоқ, артериал қон босимининг «сакраши» билан ифодаланади. Булар қон айланишининг бузилишида кузатиладиган умумий белгилар. Томирларга қон етиб келишининг қай даражада бузилганлиги ҳамда у қай бир ички аъзода рўй бераётганига қараб аломатлари фарқланиши мумкин.

Бош мияда. Бемор бош мияда қон айланишининг бузилиши мавжудлигини сезмаслиги эҳтимолдан холи эмас. Аммо қайталанувчи бош оғриқлари, ҳаракат мувозанатининг бузилиши, кўриш қобилиятининг пасайиши, қулоқларда шанғиллаш, уйқусизлик, хотира сусайиши, қўл-оёқларда ва юз мушакларида увишиш бош мияда қон айланишининг бузилиши борлигидан дарак беради. Кўп ҳолларда стресс, сурункали чарчоқ, ақлий ва жисмоний меҳнат юкламасининг танага зўриқиш бериши, бош мияда қон айланишига ножўя таъсир кўрсатади. Ва айни шу ҳолатлар фонида ҳам қон айланишининг бузилиши қелиб чиқиши ҳеч гапмас. Санаб ўтилган аломатлар шунчаки огоҳлантириш эмас. Ўз вақтида эътибор қилинмаса, мияда қон айланишининг бузилиши, қон томирларида қоннинг димланиб қолиши инсульт хавфини пайдо қилади.

Қўл-оёқларнинг музлаши. Тананинг юқори ва белдан пастки қисмида қон айланишининг бузилиши борлигига ишорадир. Оёқ терисида майда капиллярларнинг ёрилиши, томир йўли бўйлаб оғриқ, шишлар, симиллаган характерда увишиш кузатилиши ҳам қон айланишининг бузилиши билан боғлиқ ҳолатдир.

»Ташхис

Ташқи аломатлар қон айланишининг бузилиши маждудлигига ишора берса-да, аниқ хулосага келиш учун тиббий текширувлар ўтказилиши лозим. Қолаверса, меъёрий жараённи издан чиқарган омил ҳам аниқланиши даркор. Йўқса, муолажа тўғри бўлмайди. Ҳозирда қон айланишининг бузилиши қуйидаги усуллар ёрдамида ташхисланяпти:

  • вена ва артерия қон томирларининг УТТли дуплекс текшируви;
  • вена қон томирларига контраст модда юборилиши ёрдамида бажариладиган селектив контраст флебография;
  • сцинтиграфия текшируви;
  • компьютер томографияси;
  • магнит резонанс томография;
  • магнит резонанс ангиография.

Таҳлил хулосаларига кўра, бемор терапевт, невролог, кардиолог ёки қон томир касалликлари шифокорида даволаниши лозим.

»Муолажа қилинса, муаммо ҳалми?

Қон айланиши — инсон организмидаги тинимсиз ҳаракатда бўлган механизмдир. У бир маротаба носоз ҳолатга келса, чораси кўрилади. Аммо маълум фурсатдан сўнг механизм яна таъмирталаб аҳволга келиб қолиши ҳам мумкин.

Хўш, бунинг олдини олса бўладими? Қон айланишининг бузилиши аниқланганидаги энг биринчи шарт тўғри ташхис қўйиш ҳисобланади. Қачонки шифокор ўзгаришларни келтириб чиқарган омилни аниқлай олса ва унинг асоратларини олдиндан кўра билса, муолажа кутилган натижани беради. Аксинча, ўтказилган даво чоралари вақтинчалик таъсир, холос.

Қон айланишининг бузилишида яллиғланишга қарши, қон томирларини кенгайтирувчи, қон айланишини яхшиловчи репаратлар, физиомуолажа, уқалаш, кислородтерапия, электромагнит муолажаси ҳамда даволаш гимнастикаси буюрилиши мумкин. Аҳамият берган бўлсангиз, биз юқорида қонда холестерин миқдорининг ортиши ҳақида сўз очдик. Қон айланишининг бузилишини келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири ҳисобланган холестерин қон томирларида ёғ элементларининг йиғилиб қолишини пайдо қилади. Натижада қоннинг ҳаракатланиши қийинлашади. Даволаниш вақтида ёғли маҳсулотлар, айниқса, ҳайвон ёғини, ош тузи миқдорини қатъий чеклаш зарур. Е витаминига тўйинган егуликлар эса айни муддао.

Қон айланишининг бузилиши келиб чиқмасин десангиз, жисмоний фаол бўлинг. Бежиз ҳаракатда бўлган мушакларда қон юриши меъёрда бўлади, дейилмайди. Эрталаб, албатта, бадантарбия билан шуғулланинг. Бу қон айланиши бузилишининг олдини олишда энг осон профилактикадир.

Кун давомида кўп суюқлик ичинг. Қонни қуюлтирадиган ичимликлар, ёғли, қаттиқ қовурилган таом ва егуликлар, ярим тайёр маҳсулотларни чекланг. Вақти-вақти билан контраст душ қабул қилинг.

Сув ёрдамида бажарилган уқалаш қон томирларини кенгайтиради. Олти ойда бир марта бош, бўйин ва умуртқа соҳасига массаж олинг. Бир йилда бир марта қонда қанд миқдорини ўлчатиб туришга одатланинг. Зарарли одатлар, хусусан, тамаки чекишни ташлаш эса қон айланишининг бузилишидан жиддий дард орттириб олмай деганлар учун шартли вазифадир.

 




Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш