ru uz
Ўт пуфагида полип бўлса...

Касаллик ҳақида тасодифан, УТТ ўтказилганида хабар топишингиз мумкин. Чунки ўт пуфагидаги полип анчагача одамни умуман безовта қилмайди. Агар овқатланиш тарзингиз йиллар давомида ўзгармаса, хасталикнинг илк белгиси - оғриқ юзага келади. Ана ундан кейин турли зўрайишларни қарши олаверинг. Ваҳоланки, парҳез ва соғликка бўлган эътибор билан бу нохушликни, албатта, енгиш мумкин. 

Полип нима дегани?
Ўт пуфагининг ички деворида пайдо бўлган ўсимтага нисбатан полип атамаси қўлланилади. Улар кўпайса, полипоз ташхиси қўйилади. Афсуски, баъзи ҳолларда полип нохуш касалликлар (баъзан саратон)га айланиши ҳам мумкин. Шунинг учун дарров шифокорга бориб, текширувдан ўтган маъқул.

«Бу дapд менга кайдан ёпишди?»
Асосий сабаб — нотўғри овқатланиш. Яъни, узоқ ҳазм бўладиган қуюқ, хамирли, ёғли, қовурма овқатлар ва нон маҳсулотлари, углеводга бой таомларни қўп истеъмол қилиш. Фараз қилинг: ёғли паловхонтўрани маза қилиб едингиз. Жигарингиз «ош бўлсин», дея ошқозонга кўпгина сафрони юборди, ахир бу зиёфатни яхшилаб ҳазм қилиш ҳам бор-да! Палов ва қовурма таомларни ҳафтасига бир марта енг, жигар ҳам, ошқозон ҳам бунга бир амаллаб кўникади. Аммо бу каби оғир овқатлар ҳар куни таомномангиздан ўрин олган бўлса, боз устига, овқатдан кейин жисмоний ҳаракат қилмасангиз, яна феълингизда гина, тез хафа бўлиш иллатлари бўлса, ўт пуфагингиз яхши ишламайди. Бўкиб овқат ейдиганларнинг жигари шунча таомни тезроқ ҳазм қилиш учун ошқозонга сафро юбораверади. Ҳазми оғир овқатлар ўн икки бармоқли ичакка тушиш ўрнига ошқозонда туриб қолса, сафро ўт пуфагида қолиб кетиб, уни обдон ачиштиради, шу жой яллиғланиб, полип ўсиб чиқади.

Турлари ҳам кўп
Полипларнинг турлари қуйидагилар:
-  холестеринли — ўт пуфаги деворида (ортиқча ёғ қопламалари) холестерин йиғилганда ҳосил бўлади. Бу ёғли, хамирли таомларга ружу қўйган одамлар учун хос.
-  Яллиғланувчи полип — ўт пуфаги яллиғланганда, ошқозон-ичак касаллиги бор одамларда кузатилади.
-  Аденоматоз полип — ўсма ҳисобланиб, вақтида олди олинмаса, хавфли ўсмага айланиш эҳтимоли бор.
-  Паппиломалар — ўсимтасимон полиплар ҳисобланади. Кўпроқ организмда кечадиган гормонал ўзгаришлар ҳисобига пайдо бўлади.    

Овқат лаззат бермаса...
Ўт пуфагида полип пайдо бўлганида одам овқат еб бўлгач ўзини лоҳас сезади. Айниқса:
-  овқатдан кейин кўнгил айниши; 
-  ўнг қовурға остида оғриқ;
-  эрталаб оғизда аччиқлик таъмининг пайдо бўлиши;
-  кескин вазн ташлаш;
-  қабзият;
-  тери рангининг capғайиши;
-  қорин оғриши кузатилади.

Taшxuc биринчи ўринда
Биринчи ўринда УТТ дан ўтилади. Албатта, қоннинг биокимёвий таҳлили, сийдик ҳам текширилади. Шифокор тавсиясига кўра, гастроэнтеролог кўригидан ҳам ўтасиз. Бу касалликни шифокор- терапевт, гастроэнтеролог ёки шифокор-жарроҳ даволайди.

Қандай даволаш мумкин?
Агар полипнинг ўлчами 10 мм.дан катта бўлса, албатта, жарроҳлик йўли билан даволаш шарт. Кичикроқ полипларни эса дори-дармонлар билан даво¬лаш ҳамда бир ойда уч марта тиббий текширув, тегишли таҳлиллар топшириш ва албатта, УТТ дан ўтиш керак. Баъзан полиплар сони кўпайиб кетиши мумкин. Бундай пайтда ҳам шифокор операция қилишни тавсия этади.

Бундан бу ёғи фақат парҳез
Касаллик зўраймаслиги учун парҳезга риоя қилиш шарт. Оғиздаги аччиқлик, овқатдан кейинги оғриқ — бу белгиларнинг барини тўғри овқатланиш билан енгамиз. Айниқса:
-  дуккаклилар — мош, ловия, нўхат; 
-  исмалоқ ва шовул;
-  қўзиқорин, консерва маҳсулотлари; 
-  қўй гўшти, калла-пойча, думба ёғи;
-  қаймоқ, тузлама, зираворлар;
-  ширинлик ва хамирли таомлар истеъмолини чеклаймиз.
Фойдали!
-  Қайнатилган товуқ, курка, балиқ гўшти;
-  қотирилган нон;
-  сувда пиширилган тухум;
-  ширин таъмли мевалар;
-  ёғсиз творог;
-  картошкали пюре;
-  сариёғ, ёрмали бўтқалар.
Овқатни оз-оздан, аммо тез-тез истеъмол қилиш керак.
Кунига 2,5 литргача газсиз минерал сув, мевали компот, ўрик ёки наъматакли дамламалардан ичиш керак.

Ўсимта сўрилиб кетиши мумкинми?
Шифокор ўт пуфаги ва жигар фаолиятини тикловчи, сафрони ҳайдовчи, яллиғланишга қарши дори-дармонларни буюради. Улар таркибидаги моддалар полипларнинг сўрилиб кетишига хизмат қилиши мумкин. Аммо парҳезга риоя қилмасангиз, полиплар қайта пайдо бўлиб, аҳвол янада оғирлашиши мумкин.

Халқона давоси... 
Аксарият ҳолларда ўт пуфагидаги полипларни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш керак. Шунинг учун ҳар бир ҳаракатингиз шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда амалга ошсин. Янги чиққан кўкатлар ичида қувват берувчи жағ-жағ бу касалликда шифо бўлади. Кўкатга бир чимдимдан шивит уруғи, далачой ўтидан солиб, чой сингари дамлаб кун давомида ичилади. Яна ўт пуфагидаги полипда қончўп ўсимлиги фойда беради. Лекин ундан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиш керак. Қончўп полипнинг ўсишини тўхтатади. Унинг илдизини чой қошиқ учида олиб, устига ярим литр қайноқ сув қуйиб асал аралаштирилади-да, кун давомида ярим пиёладан ичилади.

Прополис ҳам бор...
Асал маҳсулотлари, айниқса, про¬полис организмдаги ўсимталар билан боғлиқ жараёнларни даволашда қўл келади. Бунинг учун қошиқ учида прополис аралашмасидан олиб, сув билан аралаштириб, наҳорга ичиш мумкин. Ёки прополиснинг спиртли эритмасидан ярим пиёла сувга 10 томчи томизиб, овқатдан 20 дақиқа олдин ичилади.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш