ru uz
Гармонлар қўзғолонининг 8 та белгиси

Мавсум алмашинуви кутилмаган ўзгаришларга ҳам сабаб бўлади. Баъзан ўз-ўзидан йиғлагимиз келса, баъзида ҳиссиётларимизни англай олмаймиз. Энг қийини, бу ҳолат билан мустақил курашишни ҳам эплолмаймиз. Бундай пайтда ҳар қанча «Ўзингни қўлга ол», дея такрорламайлик кор қилмайди. Демак, ўзимизни айблашга ҳожат йўқ. Зеро, муаммо тор феълимизда эмас, бизни бошқараётган гормонларда! Улар ўйин кўрсата бошласа, яхшилаб даволаниб олмагунингизча, ҳаловат топмайсиз. Аксарияти инсоннинг яшаш тарзига боғлиқ. Эътиборингизга ҳавола этилаётган маълумотларга диққат қаратинг, қуйидаги 8 белги сизда кузатилса, даво чораларини кечиктирманг.

1.  “Асабимга тегманг, одамлар!”
Кейинги пайтларда ҳамма нарса асабингизга тегадиган бўлиб қолган. Бир гап кўп, яримтаси оз, деганларидек, арзимаган гапдан таъсирланиб йиғлаб оладиган одат чиқаргансиз. Асабларингиз таранг тортилган ипга ўхшайди, гуё ҳозир узилиб кетадигандек. Уйда болаларнинг хархашасига 5 дақиқадан ортиқ чидолмайсиз, ишда ҳамкасбларнинг жаранглаган кулгусидан жазавангиз қўзийди, тунда қўшниларнинг тақир-туқуридан уйқу йўқ. Кўз очиб кўрган жуфтингизнинг хурраги шу кунларда умуман ёқмаяпти. Ҳамма гап гормонларда!

2.  Беқарорлик аёлга ҳос?!
Кайфиятингиз тез ўзгаришига нима дейсиз? Қойил, шу бугуннинг ўзида уйдагиларнинг кўзига минг хил қиёфада кўриндингиз — мунгли фаришта, пихини ёрган айёр... Аёллик макри деб шунга айтишса керак-да? Аслида сизнинг заррача айбингиз йўқ, бу гормонларнинг иши.

3.  “Туклардан безорман”
Кейинги пайтларда кўкрак, ияк ва лаб устидаги туклар кўпайгандек. Уларни қанча териб депиляция қилманг, дарров яна пайдо бўлмоқда. Ишқилиб, асабийлашиш учун яна бир сабаб бор.

4.  “Ой кўришим ўзгарган”
Ҳайзингиз вақтида келмаслиги одатга айландими? Гоҳ муддатидан олдин, гоҳида умуман келмаслиги мумкинми? Дарров шифокорга! Бу билан ҳазиллашиб бўлмайди.

5.  «Фақат бугунмас, дадаси»
Бу аёлга нима бўлган ўзи? Эрингиз кайфиятингизга мослашолмай ҳалак. Бугун ташаббус ўзингиздан чиқиб, кўнглини овлайсиз. Эртасига эса тушакдаги совуққон муомалангиздан эрнинг кўнгли музлайди. Нима ҳам дердик, эрингизга тўзим берсин. Аммо гормонларга таҳлил топширмасангиз, аҳволим танг деяверинг.

6.  Ҳуснбузарлар ҳам жим турмайди
18 ёшини қўмсаганлар диққатига: қайтган нарсани чорламанг, йўқса яна ўсмирлик давридек ҳуснбузар тошади, ишонаверинг. Уларнинг оғриқли эканиничи, скраб, суртма дори ҳеч нарса ёрдам бермайди-я... Бу ҳам гормондан дейсизми, худди узи!

7.  Тери қичиши
Негадир терингиз қичишадиган бўлиб қолган. Айниқса, қўл тегиши қийин бўлган соҳалар — елка, умуртқа соҳаси, қўлларнинг ўзиёқ тинимсиз қичишади, хуллас, пул келишига эмаслиги аниқ.

8.  Терлашга қарши нима бор?
Сотувчи мақтаб сотган терлашга қарши восита ёрдам бермай қўйдими? Айб маҳсулотнинг сифатида эмас, тинчланинг. Кўп терлаш гормонлар жунбушга келганини ҳам билдиради.

Шошиласмиз!
 Юқорида гормонал бузилишнинг 8 белгисини таърифладик. Агар сизда буларнинг атиги 4 таси кузатилса, учта шифокор кўриги сизга мунтазир. Терапевт, эндокринолог ва гинеколог кўригида ўзингизда бўлаётган ўзгаришларни оқизмай-томизмай борича айтинг, муаммонинг асл сабабини аниқлаш учун бу зарур. Даволанишга жиддий киришсангиз, тез орада ҳаммаси жойига тушганини кўриб, бизга, албатта, рахмат айтасиз.

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш