ru uz
Бавосилнинг давоси ёстиқ?!

Ҳақиқатан ҳам бавосил хасталигида махсус ёстиқлар жонингизга оро кириши турган гап. Бу нафақат шу касаллик билан оғриганларга, балки унга мойиллиги бор барчага фойдали ҳисобланади. Ёстиқлар беморнинг умумий аҳволига ижобий таъсир кўрсатади, хавфли гурухдаги ва ҳамиша ўтириб ишлашига тўғри келадиган инсонларда бавосил вужудга келишининг олдини олади.

Кимга керак?

  • Бир жойда ўтириб ишлайдиган идора ходимлари.
  • Ҳомиладор аёллар (бачадоннинг ички аъзоларга ўтказадиган босими қон айланишининг бузилишига, натижада тўғри ичакда қон йиғилишига олиб келади).
  • Ҳайдовчилар.
  • Бавосилни олиб ташлаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан кейин.
  • Катта ёшдагилар учун. Организмдаги табиий ўзгаришлар туфайли тўғри ичакка қон келиши бузилади. Оқибатда томирлар девори бўшашиб, бавосил юзага келиши мумкин.
  • Ирсий мойилликка эга, камҳаракат, ич юриши бузилган, мунтазам гантель ва штангалар кўтарувчи, нотўғри овқатланадиган, асабийликка мойил кишиларда ҳам бавосир ривожланиши эҳтимоли бўлгани боис, улар ҳам ёстиқлардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқ саналади.

Турлари

Бавосилда қўлланиладиган ёстиқлар ортопедик тиббий буюмлар сирасига киради. Ҳозирда турли кўриниш ва шаклдаги турлари сотувда мавжуд. Уларнинг ҳар бири махсус текширувлардан ўтказилган бўлиб, самарадорлиги ва буткул хавфсизлиги кафолатланади. Ёстиқлар ўлчами, ичи нима билан тўлдирилгани, кўринишига кўра фарқланади. Шаклан думалоқ (ҳалқа), тўғритўртбурчак ёки понасимон бўлади.

Шунингдек, харид қилиш чоғи ёстиқ қанча вазнни кўтара олишини суриштириш лозим. Бундай ёстиқчаларнинг ҳалқасимони пуфлаб шишириладиган, поролонли ёки полиуретанли бўлиб, ўртаси тешик бўлади. Тешиккулчага ўхшаш бу мосламанинг думғаза соҳасига тўғри келадиган чукурчаси нозик соҳага босимни камайтиради. Ёстиқчалар кўринишидан сузиш учун мўлжалланган ҳалқаларга ўхшаб кетади. Шунингдек, ҳозирда гречиха пўчоғи солинган турлари ҳам мавжуд бўлиб, ўтиришга қулайлиги, терига ижобий таъсир кўрсатиши билан ажралиб туради.

Қандай фойдаланиш керак?

Ортопедик ёстиқларни юмшоқ креслоларга қўйиб ўтириш маслаҳат берилмайди, негаки бундай ҳолда думба ёстиқнинг орасига кириб қолиб, орқа тешик томирлари сиқилиб қолиши мумкин. Шунингдек, юмшоқ креслоларда ҳаво яхши айланмаслиги боис, тўғри ичак томирларининг янада кенгайиши хавфи бор.

Бавосил безовта қилаётганда ортопедик ёстикда ўтириш беморнинг аҳволини анчайин енгиллаштиришига қарамай, унда узоқ вақт ўтириш тавсия этилмайди. Вақти-вақти билан — ҳар икки соатда ўрнидан туриб, касалликда тавсия қилинадиган машқларни бажаришни унутмаслик лозим. Шуни ҳам инобатга олиш даркорки, ушбу ёстиқшар бавосилга қарши қўлланиладиган даво чораларининг бир қисмигина бўлиб, даволовчи шифокор тавсияларини зинҳор бекор қилинишига сабаб бўлолмайди.

Бавосилда кўлланиладиган махсус ёстиқлардан фойдаланиб, бу дарддан буткул халос бўлиш мумкин деган, нотўғри тушунчага борманг. Касаллик пайдо бўлиши заҳоти проктолог-шифокорга учраб, унинг тавсияларига тўлиқ амал қилинг. Бавосилга қарши ёстиқчанинг вазифаси — оғриқни камайтириш ва бу касаллик келиб чиқишининг олдини олишдир.


Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш