Тиш олиниши оддий бўлгани билан бир жарроҳлик операция десак адашмаймиз. Одатда тиш олингач қон кетиши бир неча дақиқаларда тўхтайди. Чўзилган ҳолда ҳам 15-20 дақиқадан кўп чўзилмайди. Агар қон оқиши тўхтамаётган бўлса, бунга бемор қони суюқлашган бўлиши(масалан, муолажадан олдин аспирин каби қон суюқлаштирувчи дори ичган бўлиши), қон босимининг ошиши кабилар сабаб бўлиши мумкин. Ундан ташқари тиш олинаётганда йирик қон томирларига зарб етган бўлса ҳам тиш олинган жойдан кўп қон келиши кузатилади. Агар тиш олинган заҳоти қон келиши кузатилаёган бўлса, у ҳолда стоматолог уни тез тўхтата олади. Тиш уйда олинган бўлиб қон тўхтамаётган бўлса ёки тиш касалхонада олиниб бир неча соат ўтганда уйда қон кела бошласа у ҳолда шифокорга мурожаат этган маъқул.
Агар қон унчалик кўп келмаётган бўлса, уни уй шароитида тўхтатиш учун нима қилиб кўрса бўлади? Қон келиши кўпаяётган, ёки 30 дақиқа ўтгач тўхтамаётган бўлса шифокорга учраш талаб этилади.
- Бинтдан тампон ясаб тиш олинган жойга тақаб 20-30 дақиқага тишлар билан босиб қўйилади. Тампон қон оқимига тўсқинлик қилиб, қонни қуюқлашишиб тўхташига ёрдам беради. Тампон бир неча сонияда қонга тўлиб кетаёган бўлса, у ҳолда зудлик билан шифохонага бормоқ зарур.
- Тиш олинган томондаги яноқга муз матога ўралиб 5-10 дақиқага қўйилади. У қон томирларини сиқилиб қон оқимини тўхташига олиб келади. Музни бевосита тиш олинган жойга қўйиш ёки яноқда узоқ вақт мобайнида ушлаш мумкин эмас. Тиш олинган жойда яллиғланиш жараёни бошланиб кетиши мумкин.
- Қон оқаётган бўлса оғизни чайиш керак эмас. Қон оқимини тўхтатувчи қуюқлашган қон парчаси сув билан чиқиб кетавериб, қон тўхтамайди.
- Қон босимини текшириб кўриш лозим. Ваҳима билан қон босими ошиб кетган бўлса, уни тушириш лозим. Акс ҳолда қон тўхташи қийин бўлади.
Ундан ташқари:
- Тиш олингандан сўнг сауна ёки бошқа иссиқ ва совуқ муолажаларни 1-2 кун бажармаслик зарур.
- Қон босими юқори юрадиганлар тиш олинган куни ва ундан сўнг қон босимини назоратда ушламоқлари лозим.
- Спиртли ичимликларни тиш олингач 1-2 кун ичмаслик муҳим.
- Агар қон оқиши билан бирга оғриқ, бош айланиш, бўшлик сезилса, дарҳол шифохонага учраш лозим.
Манба: antiqa.uz