ru uz
Агар йўтал ўтмаса....

Йўтал – организмнинг ўзига хос ҳимояси. Шу йўл билан у нафас олишни яхшилайди. Ўткир шамоллашда йўтал куруқ бўлиши мумкин. Кексаларда кўпинча йўталнинг ана шундай тури кузатилади. Безовталик давом этишига қараб фарқланиши мумкин. Мисол учун, ўткир йўтал беш-олти кун кузатилиб, сўнг ўтиб кетади. Узоқ давом этадиган ёки сурункали (мавсумда) қийнайдиган турлари эса бир қанча муаммоларни келтириб чиқариши эхтимолдан холи эмас. Шамоллаш ва юқумли касалликларга алоқаси бўлмаган аллергик йўтал ҳам одамни анча изтиробга қўйиши мумкин. Ўқтин-ўқтин қийнайдиган тунги йўтал эса бир қатор касалликлар ҳақида дарак беради. Нам йўтални даволашда яллиғланишга қарши дори-дармонлардан фойдалансак, қуруқ йўталда таркибида тинчлантирувчи воситалар бўлган дорилар талаб қилинади.

Безовталик қандай бошланади.

Йўтал ёрдамида нафас йўлларимиз ортиқча балғам микроблардан тозаланади. Агар микроб ҳалқумнинг қаватини зарарлаган бўлса, томоқ яллиғланади. Ана фарингит юзага келади, йўтал юзаки бўлади. Борди-ю, инфекция овоз пайларини зарарлаган бўлса, дарров ларингит бошланади. Бунда йўтал ҳам анча изтиробли бўлиб, кетиши қийинроқ кечади. Айнан шу даврда касалликни даволасангиз, марра сизники. Йўталдан атиги 3 кунда халос бўлишингиз мумкин. Акс ҳолда, касалликни ўтказиб юбориб, бронхитга йўлиқасиз-у янада оғриқли йўтални орттириб оласиз.

Биласизми?..

10 кундан бери қийнайдиган йўтал танада инфекция борлигини билдиради. Бу ҳолат 2 ҳафта давом этса, сурункали йўталдан дарак беради.

Қўзғатувчи омиллар...

Йўталнинг бошланишига чанг-тўзон, вируслар, бактерия ва микроблар, аллергик моддалар сабабчи бўлади.

Агар йўтал қуруқ бўлса.

Бу ҳолат ҳалқум яллиғланганда, бронхлар шамоллаганида, аллергик касалликларда, бронхиал астмада, нафас йўлларида ўсма касаллиги пайдо бўлганда, кўкйўтал, қизамиқда, баъзан эса гижжа кўпайганда юз бериши мумкин. Бундан ташқари, кашандаларда ҳам қуруқ йўтал куза- тилади. Бу кўпроқ уйқудан кейин юз беради.

Тезроқ шифокорга!

Агар йўтал:

  • даво чораларини қўллаган пайтдан бошлаб, 2 ҳафтадан бери тўхтамаса;
  • тана ҳарорати, нафас бўғилиши, кўкракда ҳуштак чалиш билан бирга кечса;
  • балғам йирингли, қонталаш бўлса;
  • болада 3 дақиқада ҳам тўхтамаётган йўтал пайдо бўлса;
  • йўталганда кўкракда оғриқ сезилса, дарров шифокорга бориб, текширувлардан ўтиш керак. Йўтал кўздаги майда қон томирларнинг ёрилишига олиб келиб, ҳомиладорликда нохуш ҳолатларни пайдо қилиши ҳам мумкин.

Бу муҳим!

Ёш болаларда қуруқ йўталнинг пайдо бўлишига аҳамият бериш керак. Болакайлар ердан топиб олган майда нарсаларни ютиб, натижада нафас йўллари зарарланишига дучор бўлади.  Ҳалкумга ёт жисмлар кирганида тезкорлик билан болани шифокорга олиб бориш керак. Акс ҳолда, бўғилиш юз бериши ҳеч гап эмас!

Қуруқ йўталнинг сабабини аниқлаш учун эринмай тўлақонли тиббий текширувдан ўтинг. Шифокорнинг кўрсатмаларига қараб, терапевт-аллерголог кўриги тавсия этилади. Қуруқ йўтални даволашда касаллик турига қараб, вирус ва яллиғланишга қарши дорилар, антиботиклар, йўтални тўхтатувчи муколитик ҳамда аллергияга қарши антигистамин воситалар буюрилади.

Ҳалқона давоси

Агар йўтал шамоллаш ва яллиғланиш билан боғлиқ бўлса, пишган картошка буғидан нафас олиш, кўкрак соҳасига спиртли компресс, асалли сут ичиш ёрдамида даволаниш осон. Лекин бу муолажаларнинг бирортаси ларингит ёки аллергик касалликларда даво бўлолмайди, аксинча, йўтал хуружини давомли ва изтиробли бўлишига олиб келади. Шунинг учун биринчи галда йўталингизга ташхис қўйдиринг. Гарчи текширув муолажалари вақт олса-да, яхшиси, ташхисни билиб, кейин даво чораларини қўллаш керак.

«Балғам ажралишидан чарчадим»

Намли йўтал — бронхит, зотилжам касалликлари учун хос. Агар йўтал пайтида кўкрак қафасида кучли оғриқ сезилса, бу ўпка касалликларига ишора бўлиши мумкин. Балғамли йўтал тумов билан бирга кечса, бу грипп, шамоллаш, баъзан эса мушук, ит жуни, ўсимликлар ва уй чанги, пар кўрпа- ёстиқ ёки бирор маҳсулотга бўлган аллергик таъсирдан келиб чиқади. Агар йўтал бир ёнбошда ётганингизда пайдо бўлиб, ҳолатни ўзгартирганда йўқолса, ўпкани текширтиринг.

Болаларда-чи?

Боланинг бурнига яллиғланишга қарши томчи дори томизилса, балғамли йўтал тўхтайди. Кичкинтойнинг тишлари чиқаётганида ҳам балғамли йўтал кузатилиши мумкин. Лекин аксарият ҳолларда йўталнинг бу тури сурункали шамоллашдан дарак беради. Бундай пайтда қўлга момиқ қўлқоп кийиб, уни иситилган зайтун ёки пахта мойига ботириб, боланинг кўкрак қафаси, елкалари, товонлари уқаланади.

Тунги хуружларда нима қиламиз?

Тонгга яқин юз берадиган йўталнинг сабаби кучли шамоллаш, нафас йўллари ва аллергик касалликлар саналади. Айниқса, бронхиал ва аллергик астмада, баъзан эса юрак касалликларида кузатилади.

Агар бу ҳолат болада юз берган бўлса, илиқ сув, сут ичириш ёки қайноқ сув буғидан 2—3 дақиқа нафас олишига қўйиб бериш керак. Албатта, бу ҳолат ҳақида тезроқ шифокорга хабар бериб, тегишли чора кўриш муҳимлигини ҳам ёдда тутинг.

Аллергик тури мавсум танлайди!

Йўталнинг бу тури мавсумлар ўзгарганда янада қўзғаши мумкин. Бунга сабаб баҳорда гуллайдиган ўсимликлар ва дарахтлардан ажраладиган гул чанги бўлади. Ёзда эса баъзи манзарали дарахтлар ва ўт-ўланлардан ажраладиган уруғ чанги сабаб бўлади. Агар аллергияси бор боланинг йўтали тунда кучайса, бунга у ётган хона ҳавосининг қуруқлиги ёки ёстиқ, кўрпаси айбдор. Уларнинг пахта ёки пардан бўлмаслигига аҳамият беринг. Уйни ҳар куни нам мато билан тозалаш, буғли чангютгичдан фойдаланиш ва юзаси силлиқ гулқогозни деворга ёпиштириш ёки экологик тоза бўёқлар ёрдамида деворларни бўяш лозим. Шунингдек, уйда намлик бўлмаслигига аҳамият беринг. Бу ҳам моғор босишига олиб келиб, йўгални кучайтиради.

ТАВСИЯ: аллергик йўталдан сақланиш учун кўчадан киргач, бурун ва томоқни қайнатилган илиқ сувда уч маротаба яхшилаб чайиш керак.

Йўталда, албатта, ётиш режимига риоя қилиш керак. Кун давомида 2 литргача С витаминига бой дамламалар, компот, мевали қайнатмалар ичиш жуда фойдали. Томоқни тузли сувда чайиш йўталнинг ҳар бир турида кони шифо. Ёки фурацилинли эритмада чайишингиз мумкин. Бу муолажа, ҳатто, давоси нозик бўлган ларингит касалида ҳам кор қилади.

Иложи борича, нафас гимнастикасидан фойдаланинг: бунда енгил нафас олиб, уни секин чиқаринг, сўнг қоринни шиштириб, чуқур нафас олиш лозим. Қўлларни олдинга, орқага худди сузаётгандек ҳаракатлантириш йўталнинг тўхташига хизмат қилади.

  • Қуруқ йўталда анжирни сутда қайнатиб, ярим пиёла минерал сув қўшиб ичилади;
  • нам йўталда «юлдузча» бальзами ёрдамида қилинган буғли муолажалар кор қилади;
  • тунги йўталда оёққа ванна қилиш яхши ёрдам беради;
  • шамоллаш билан боғлиқ йўталда бир ҳафта давомида мойчечакли дамлама ичишингиз мумкин;
  • кашандалар йўталида ялпиз ва арслонқуйруқ дамламаси асқатади;
  • агар йўтал ҳомиладор аёлда кузатилса, зиғир ёки шивит уруғидан дамлама тайёрлаб ичиш мумкин. Худди шу муолажа эмизикли аёлга ҳам ёрдам беради.

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш