Бугунги кунга келиб, қорин чуррасини даволаш тиббиётнинг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Ер юзида йилига 10 фоиздан ортиқ кишида қорин чурраси аниқланади, 20 миллиондан ортиқ жарроҳлик амалиётлари эса айнан ушбу паталогияни бартараф этиш мақсадида ўтказилади. Юртимиздаги мавжуд кўрсаткичлар ҳам анчайин юқори - йилига 15-20 мингта оператив муолажа.
«Вой қорним...» Эҳтимол, бу чуррадир?
Қандай турлари бўлади?
Қорин чурралари орасида чов чурраси бошқа турларига нисбатан кўпроқ учрайди ва аёлларга қараганда эркакларда қайд этилиш фоизи юқорироқ. Қорин оқ чизиғи, киндик ва сон чурралари ўртача кўрсаткични ташкил этади. Бу турдаги касалликлар қаторига қорин тўғри мушак диастазини ҳам киритиш мумкин. Диастаз кўпинча туғруқ пайтида пайдо бўлади ва кейинги даврларда йўқолади. Аммо туғрук интервалига риоя этилмаса, қайталанувчи диастазлар юзага келиб, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкин.
Ташхис!
Озроқ жисмоний зўриқиш натижасида чурра ўрнида бўртма пайдо бўлиши, ётган ҳолатда эса унинг йўқолиши чурра мавжудлигига ишорадир. Қорин чурраси бор-йўқлигини ўзингиз ҳам аниқлай оласиз. Бунинг учун гумон қилинаётган соҳа (масалан, киндик атрофи, қориннинг пастки соҳаси)га қўл кафтини қўйинг ва қорин билан силкиниб йўталинг. Агар кафтингизга шу соҳадан нимадир келиб урилганини сезсангиз, шифокор жарроҳ кўриги фойдадан ҳоли бўлмайди. Бундай ҳолатларда УТТ текшируви ҳам вазиятга аниқлик киритишда асқотади.
Сабаблари нима?
Қорин ички босимининг маълум сабабларга кўра ошиши асосий омиллардан биридир. Чов чурраларининг келиб чиқишига кўпинча жисмоний юкламалар сабаб бўлади. Сурункали қабзият, йўтал, туғруқ ҳолатлари эса қорин мушакларини кучсизлантириб, чурраларни пайдо қилади.
Қарши кўрсатмалар ҳам бор!
Юрак-қон томир ва нафас тизимидаги ўткир ка¬салликлар мавжуд бўлганида чурра кесиш амалиёти ўтказилмайди. Бундай ҳолларда маҳсус бандаж тақиб юриш билан кифояланиш мумкин. Бандаж тақишнинг ҳам ўзига яраша қоидаси бор, бандажни ётган ҳолатда чурра ичкарига кириб кетгандан кейин сиқиб тақиш лозим. Агар тик турган ҳолатда тақилса, чурра маҳсулоти (ичак ёки чарви) ташқарида қолади ва бандаж билан уни сиқкиб қўйиш мумкин. Уйқуга ётишдан олдин бандаж ечиб қўйилади.
Давоси операция?
Авваллари қорин чуррасини даволашда очиқ жарроҳлик амалиётидан фойдаланилган, яъни чурра атрофидаги юмшоқ тўқимадан олиниб, тортилган ва чурра дарвозаси мустаҳкамланган. Бироқ бу усулнинг салбий томонлари жуда кўп эди.
Биринчидан, чурра пластикаси учун қоринда катта кесмалар қилинган. Бу ўз навбатида амалиётдан кейинги даврда жароҳат битишида қийинчилик туғдиради, бемор узоқ муддат мажбурий эгилган ҳолатда юради. Оғриқлар туфайли кўп миқдорда дори воситаларини қабул қилишига тўғри келади.
Чурра муолажасининг муҳим натижаси унинг қайталанмаслигидир. Бугун замонавий тиббиёт чурралар лапароскопик йўл билан даволашни талаб этмоқда. Лапароскопия усулида видеокамера ички аъзоларни қирқ баравар катталаштириб кўрсатади, ҳатто капилляр томирлардан қон ўтишини ҳам кўриб туриш мумкин. Амалиёт давомида қоринга кесма туширилмай кичкина 0,5 см тешиклар ҳосил қилинади. Ана шу тешик орқали махсус эндоскопик асбоб киритилиб, унинг ёрдамида видеооптика назорати остида жарроҳлик амалиёти бажарилади ва шу тариқа чурра бартараф этилади. Айниқса, чов чурралар бу усулни қўллаш жуда қулай. Ҳатто, қорин бўшлиғига кирилмай тери ости ЁҒ ва мушак қавати остидан, қорин парда устидан тиббий асбоблар киритилади ва чурра дарвозаси топилиб, маҳсус имплантан (сетка) киргизилади. Сетка атрофи тўқима ва қов суягига мустаҳкамланиб, чурра дарвозаси ёпилади. Сон, киндик, оқ чизик, диафрагма чурралари ва қорин тўғри мушаги диастазлари ҳам лапароскопик усулда бартараф этилади. Бемор амалиётдан кейинги даврда фаол ҳаракатлана олади. Оғриқ ҳисси умуман кузатилмайди. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, етти кундан сўнг ҳар қандай жисмоний юкламани бажаришга рухсат этилади.
Манба: "Суғдиёна " газетаси