РАХИТ (грекча ῥάχις – умуртқа сўзидан олиниб) - суякларни хосил бўлиши ва уларни минерализациясини бузилиши билан кечувчи касаллик хисобланади. У асосан кўкрак ёшидаги ва ёш болаларда, яъни организмнинг тез ўсаётган даврида учраб, Д витамини етишмовчилиги хисобига ривожланади.
Рахит сабаблари.
Рахит асосан қоронғу, тиқин жойларда яшовчи, қуёш нури ва тоза хавода кам бўлувчи болаларда, чала туғилган болаларда, ривожланади. Ультрабинафша нурлар оддий дераза ойналаридан ва чанг хаводан ёриб ўта олмагани учун рахит кеч куз, қиш фасли ва бахорнинг бошида болаларнинг узоқ вақт ёриқ хоналарда қолиб кетиши натижасида ривожланади. Болада рахит ривожланишини яна бир асосий сабаби, уни нотўғри овқатлантириш, яъни кўкрак сути билан боқмасдан сунъий овқатлантириш хисобланади.
Рахитни ривожланиш механизми.
Айтиб ўтилганидек рахит Д витамини дефицити натижасида кальций ва фосфорнинг ичакларда сўрилиши ва суякларда ўтиришини камайиши хисобига ривожланади. Д витамини етишмовчилиги шунингдек, кальцийни буйрак каналчаларида реабсорбциясини кучайтириб, организмдан чиқиб кетишини тезлатади.
Рахитни кечишида 3 та давр фарқланади.
1. Касалликнинг бошланиши боланинг 3-4 ойлигига тўғри келиб, боладаги неврологик бузилишлар билан намоён бўлади. Боланинг нотинчлиги, инжиқлиги, уйқусини бузилиши, таъсирланувчанлиги, шовқин ва ёрқин чироқдан чўчиши кузатилади. Иштахасининг пасайиши кўкракни қисқа вақтга олиб суст эмиши, ичининг қотишга мойиллиги кўп учрайди. Вегетатив бузилишлардан боланинг кўп терлаши (айниқса уйқусида), бошининг сочли қисми қичишиши натижасида болишга ишқалайвериб сочларини тушиши (асосан энса қисмида), терлаганданинг кескин нордон хидланиши, мускуллари тонусини пасайиб кетиши кузатилади. Рахитнинг бошланғич даврида суяк белгилари кузатилмайди ва 2-4 хафта давом этади.
2. Рахитнинг қўзиган даврида суяк тизимидаги ўзгаришлар кузатилади: кўкрак қафасини ва оёқ-қўлларни остеомаляцияси, боланинг жисмоний ва рухий жихатидан ривожланишдан ортда қолиши кузатилади. Бола бошининг деформацияси (энсасини япалоқлашуви ва пешонасини бўртиши), кўкрак қафасини ичига ботиб кириши, оёқларини О-симон ёки Х-симон шаклга кириши, қовурғаларининг йўғонлашуви аниқланади.
3. Рахитнинг реконвалесценции (тузалиш) даврида барча клиник ва лаборатор белгилар йўқолади. Ёшлигида рахит ўтказган аёлларда чаноқ суякларининг торайиб, кейинча туғруқ жараёнига халақит бериши мукин.
Рахитни диагностикаси.
1. Фосфор концентрациясини 0,65 ммоль/л гаса пасайиши (норма 1 ёшгача болаларда 1,3-2,3 ммоль/л);
2. Кальций концентрациясини 2-2,3 ммоль/л гача пасайиши (норма 2,5-2,7 ммоль/л).
3. Рентгендаги ўзгаришлар: умумий остеопороз ва эпифизнинг ликопчага ўхшаб қолиши, охакланиш зоналарини нотекис ва сийраклиги кузатилади.
Рахитни даволаш.
Рахитни даволаш касалликнинг даври ва оғирлик даражасига боғлиқ.
1. Специфик даво Д витамини буюришдан иборат.
2. Рационал овқатлантириш
3. Тоза хавода сайр қилдириш
4. Массаж ва даволовчи гимнастика
5. Қуёшли, тузли, игнабаргли ванналар
6. Витаминотерапия, умумий қувватга киргизувчилар
Рахитни асоратлари. Жисмоний ўсишдан кечикиш, лиқилдоғини кеч битиши, сколиоз, узоқни кўра олмаслик, тишларини кеч чиқиши, ясситовонлик, чанок суяклари деформацияси (тор чаноқ).