ru uz
Чақалоқнинг киндиги битмаса....

Туғилажак фарзанд она билан киндик орқали боғланган бўлиб, унинг ёрдамида озиқланади. Аммо ёруғ дунёга келиб, мустақил нафас ола бошлагач, гўдак бу «алоқа»дан узилади. Кесилган киндик ўрни битиши учун эътибор ва парвариш зарур. Бу борада батафсил  маълумот берамиз.

Шифокор кўриги шартми?

Аксарият ёш оналарни боланинг киндиги билан боғлиқ муаммолар хавотирга солади. Негаки, киндик қолдиғи тўлиқ қуриб тушмагунча у билан боғлиқ муаммолар келиб чиқиши хавфи бор. Масалан:

  • киндикдан қон келиши. Бу ҳолат узоқ вақт давом этиши ёки қон кўп миқдорда келиши мумкин;
  • киндик атрофи қизариши, шиш;
  • болада тана ҳарорати кўтарилиши;
  • киндик ярасидан кулранг ёки сарғиш суюқлик ажралиши;
  • киндикдан ёқимсиз ҳид келиши

Бундай вазиятлар болани шифокор кўригидан ўтказишга асосли сабабдир. Шунингдек, киндик яраси бир ой давомида битмаса ҳам шифокор ёрдами зарур. Баъзан киндик соҳасида чурра пайдо бўлади. У киндик битгач, йўқолиб кетиши керак. Агар бундай бўлмаса, даволаш зарур.

Қон келган булса.

Киндик қуйидаги ҳолатларда қонаши мумкин:

  • бола кучаниб йиғлаганда қорни таранглашиб, қотган ярада ёриқлар пайдо бўлиши мумкин;
  • бир марталик тагликлар ишқаланиши;
  • болани эрта муддатларда (ҳали киндиги битмасидан) қоринга ётқизиш;
  • киндик ичаги қалин бўлса, унинг яраси чуқур ва битиши қийин бўлади;
  • киндик ярасини эҳтиётсизлик билан парваришлаш.

Борди-ю, киндик яраси қонаётган бўлса, унга водород пероксиди билан ишлов бериш лозим. Кейин стерилланган дока босиб, қуритилади. Агар яра қонаши тўхтамаса, болани шифокорга олиб боринг. Муаммо киндик қон томирларида бўлиши мумкин. Бундай вазиятда кичкинтойга жарроҳ ёрдам беради.

Намланиб қолиши мумкин

Баъзан киндикдан сув чиқиб, ҳўл бўлиб туради. Ундан йиринг ажралиши ва қизариб, ачишиши ҳам мумкин. Бунда киндикдан ёқимсиз ҳид келади. Шундай ҳолат кузатилса, водород пероксиди ёки фурацилин эритмаси (1 стакан сувга 2 та таблетка) билан тозалаш керак. Аввал бу суюқликлардан бири яра устидан аста қуйилади ва қотиб қолган тери юмшатилади. Кейин уни пахтали чўпчалар билан оҳиста тозалаб, яна шу суюқликлар билан ювасиз. Сўнг стерил дока билан қуритасиз.

Агар намланаётган киндик ўз вақтида даволанмаса, у йиринглай бошлайди. Ва ярани жарроҳлик ёрдамида тозалаб, антибактериал дорилар билан даволашга тўғри келади.

Чурра қаердан пайдо бўлди?

Чурра ичак киндигидан дўппайиб чиқиб қолади. Бунда, албатта, болалар шифокорига мурожаат қилиш керак. Шифокор киндик устига махсус боғлам ёки пластир ёпиштиради. Маълум вақтдан кейин киндик чурраси ичга кириб, болани безовта қилмай қўяди.

Даволашда уқалаш ва гимнастикадан ҳам фойдаланилади. Бу қорин мушаклари таранглашиши ҳамда бақувватлашишига хизмат қилади.

Эмизишдан 10—15 дақиқа олдин, кунига икки-уч маҳал қорни билан текис жойга ётқизинг. Аммо ёлғиз қолдирманг, қўл-оёқлари, белини енгил уқаланг.

Қўлнинг бош ва кўрсаткич бармоқларини бола киндигидан 1—2 см. узоқликда ўнг-чап томонларга жойлаштириб, секинлик билан босиб-босиб қўясиз. Барча ҳаракатлар аста-секинлик ва эҳтиёткорлик билан, болага озор бермаган ҳолда бажарилади.

Киндик атрофи соат мили бўйлаб бармокда ўн марта айлантирилади. Бу машқлар боланинг қорин мушакларини кучайтириб, чурра ичга тортилиб йўқолишига ёрдам беради.

 

Орқага Чоп этиш