ru uz
Семириш, кўп терлаш болаларда гормонал криз белгисими?

Семириш, кўп терлаш гормонал криз белгисими?

Катталарнинг «бош оғриғи» ҳисобланган гормонлар, буни қарангки, кичик ёшдаги болалар ва ўсмирларни ҳам безовта қилиши мумкин. Ушбу ҳодиса тиббиётда гормонал криз, деб аталади. Асли гормонларнинг организмга ёмонлиги йўқ. Аксинча, улар энг муқим ҳаётий жараёнлар, хусусан, метаболизмда, ички аъзо тизимлар фаолиятининг бир маромда кечиши ҳамда ҳужайралар шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, инсон характерининг ўзгариб туришида ҳам гормонларнинг таъсири бор. Хўш, қай ҳолларда биз боладаги безовталикларни гормонал мувозанатнинг бузилишига йўйишимиз мумкин? Гормонал ривожланиш даври неча ёшда бошланади?

»Гўдакларда...

Она қорнида ривожланаётган ҳомилада эстроген гормонининг микдори юқори бўлади. Гўдак дунёга келгач, эстроген миқдори кескин камаяди. Чақалоқнинг ташқи муҳитга мослашиш жараёнида эстроген гормонининг организмни «тарк этиши» миттивойда айрим ўзгаришларни келтириб чиқариши мумкин. Кўп ҳолларда булар: сут безларининг катталашиши, қизларда қиндан ажралма (оч пушти рангли) келиши, ўғил болаларда жинсий аъзоларда шишлар кўринишида акс этади.

Гўдаклардаги гормонал криз қўрқинчли ҳолат эмас. Организм ўзгаришлар давридан мустақил ўтиб олгач, ҳаммаси изига тушади. Аммо бу ташқи аломатларни эътиборсиз қолдириш мумкин деганини англатмайди.

Гормонал криз ўзгаришлари кўпи билан 7-10 кун давом этади. Сўнг вазият барқарорлашиши лозим. Борди-ю, кўкрак сут безларининг катталашиши, сўрғичларнинг намланиб қолиши, қиндан ажралма келиши камаймаса, шифокор-педиатр билан маслаҳатлашиш зарур. Кўп ҳолларда ушбу белгилар бошқа патологиялар мавжудлигини кўрсатади. Мисол учун, бу гўдаклардаги мастит ёхуд ички аъзо тузилишидаги хасталикларга ишора бўлиши мумкин.

»Неча ёшда ва қандай бошланади?

Қиз ва ўғил болалардаги жинсий етилиш даври бир-биридан фарқ қилади. Англаганингиздек, ушбу палла да яна гормонларнинг «қўли» баланд келиб, муҳим жараёнлар устидан назорат ўрнатилади. Қизлар организмидаги гормонал мувозанат 8-14 ёшларда ўзгара бошлайди. Ориқ қизлар аста семиришади, бўкса, кўкрак айланаси шакллана бошлайди. Қўлтиқости ва човда сийрак туклар ўрни юзага келади. Уғил болаларда гормонал фоннинг ўзгариши 12-13 ёшларда юз беради. Қўлтиқости тер безлари фаол ишлай бошлайди, терлаш, ёқимсиз ҳид кузатилиши мумкин.

Ҳар бир бола организми индивидуал тузилганки, кимлардадир балоғат даврига қадам қўйиш ҳеч бир ўзгаришсиз кечса, айримларда бунинг акси: симптомларсиз терлаш, кўп овқатланиш, жисмоний ҳаракатнинг сустлашиши, ақлий фаолликнинг камайиши, хотира заифлашиши, жиззакилик, асабийлик каби ўзгаришлар билан ифодаланади. Бунинг сабаби боланинг инфекцияли касалликлар билан оғригани, иммунитетининг пастлиги, стрессли вазиятлар, оиладаги носоғлом муҳит бўлиши мумкин.

Фарзандингизда гормонал ўзгаришлар бошланганига тахмин қиляпсизми, асло, витамин ва гормонал препаратларга мурожаат қилманг. Негаки, бу организмнинг табиий жараёни. Агар гормонлар мувозанатининг бузилиши бирор жиддий муаммони келтириб чиқарса, дейлик, болангизнинг бўйи ўсмаяпти, ортиқча туклари кўпайяпти - педиатр ва эндокринолог билан маслаҳатлашган ҳолда давосини топиш мумкин. Аммо умумий қувватлантирувчи витаминлар мажмуи гипервитаминоз ёхуд қайсидир гормонни кўпайтириб юбориши ҳеч гапмас.

Организмда гормонларнинг ишлаб чиқарилиши асли боланинг ёшига мос равишда кечади. Бироқ ташқи таъсирлар, сурункали касалликлар, нотўғри овқатланиш ва стрессли вазиятлар гормонлар ишига дахл қилиши мумкин.

»Юз-кўзлари шишиб қоляптими, зудлик билан эндокринологга!

Қалқонсимон без гормонлари ҳисобланган тироксин (Т4) ва трийодтиронин (ТЗ) бола организмининг ривожланишида муҳим ҳисобланади.

Бу икки гормон етишмовчилиги гудакларда таянч аппарат тизими бузилишлари ҳамда ақлий ривожланишнинг ортда қолишини келтириб чиқаради. Т4 ва ТЗ гормонлари танқислиги мавжуд бўлса, қуйидаги белгилар кузатилади:

  • тил, бўйин, юзда шишлар бўлиши;
  • камҳаракатлилик;
  • боланинг кам йиғлаши, ташқи муҳитга реакциясизлик;
  • тери қуруқлашиши, қизаришлар;
  • уйқучанлик;
  • тилини оғзидан чиқариб туриш;
  • иштаҳасизлик, қабзият;
  • жисмоний ривожланишнинг кечикиши (гўдак 3 ойликдан ўтса ҳам 6ошини тик тута олмайди).

Мактаб ёшидаги болада гипотиреознинг мавжудлигини сиз:

  • сурункали чарчоқ;
  • диққатни жамлай олмаслик;
  • ич қотиши;
  • юз-кўзларнинг шишиб қолиши;
  • хотира заифлашиши каби ҳолатларга кўра тахмин қилишингиз мумкин.

Қалқонсимон без гормонлари жинсий ва бўй ўсиши учун жавобгар бошқа гормонлар билан узвий боғлиқ. Шу боис Т4 ва ТЗ гормони етарлича ишлаб чиқилмаса, бу боланинг бўй ўсишдан ортда қолиши, вазн ўзгаришига олиб келиши мумкин. Гормонлар ҳолатига аниқлик киритишда қон тахлили ўтказилиб, ТТГ гормони миқдорига ҳам ойдинлик киритилади

» Кўпайса/камайса...

Фарзандингиз 9 ёшга тўляптими, ундаги ташқи ўзгаришлар, характер шаклланишидаги алоҳида ҳолатларга диққатли бўлинг. Негаки, ўтиш давридаги гормонларнинг меъёрдан ортиб кетиши ёхуд етишмовчилиги организмдаги патологиялардан дарак бериши мумкин. Айрим маълумотларга кўра, ушбу ҳодиса ўсма касалликларининг илк даракчисидир.

Боладаги иккиламчи жинсий ўзгаришлар 15 ёшга қадар юз бермаса, гормонал танқисликка тахмин қилинади. Жинсий етилиш даври эрта, яъни 8-9 ёшда бошланиб, жадал суръатда кечса, гормонлар ортиб кетиши эҳтимолдан холи эмас. Ҳар бир инсон организмида аёллик ва эркаклик гормони ишлаб чиқилади. Бола тўғри ривожланиши учун жинсига мос гормон қарама-қаршисидан кўпроқ бўлиши керак.

Бу турдаги гормонал криз қизларда тестостероннинг, ўғил болаларда эса эстрогеннинг меъёрдан ошиши билан ифодаланади. Табиийки, ҳар иккала гормон ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Вирилизация. Қиз боланинг овози дағаллашади, юзларида тук пайдо бўлади. Қомати ўғил болаларники каби кўриниш ола бошлайди. Шифокорлар мазкур ҳодисани тухумдонлар дисфункцияси билан боғлиқ дейишади.

Феминизация. Уғил болада жинсий аъзоларнинг тўлиқ ривожланмаслиги, овоз ингичкалашиши кузатилади. Номеъёрий ўзгаришлар семизлик фонида юз берса, қалқонсимон без гормонларига таҳлил топшириш зарур.

Хулоса шуки, етилиш даврида муҳим бўлган гормонлар камайса, жараён тугалланмайди, ортиб кетса, муддатидан илгарилаб кетади. Ва ҳар иккиси ҳам ножўя таъсирларни келтириб чиқариши мумкин.

Огоҳ бўлинг: қандли диабет!

Болалар касалликлари рўйхатида қандли диабетнинг биринчи тури жиддий патология ҳисобланади. Тез-тез пешоб ажратиш истагининг пайдо бўлиши (тунда ҳам 6ир-икки маротаба), вазн йўқотиш ёки сезиларли қўшилиши, оғиз қуриши, жиззакилик, бош айланиши, қайт қилиш, қорин санчиқлари - ошқозоности бези инсулин ишлаб чиқаришга қийналаётганини англатиши мумкин. Муаммо илдиз отмасидан ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиш зарур. Шунингдек, бола янги маълумотларни қабул қилишга қийналса, ўқиган ё эшитганларини эслаб қололмаса, диққати бўлинган, асабий, жаҳлдор, аламзада бўлса, бу ҳам қай бир гормон ишида муаммо чиққанидан дарак беради.

Гормонал криз, ўз вақтида эътибор қилинса, тезда ҳал этилиши мумкин бўлган ҳодиса. Аксинча бўлганида эса издан чиққан гормонларни тартибга солиш қийинроқ кечиши мумкин. Фарзандингиз мактаб ёшига етяптими, ундаги ташқи ўзгаришлар, характер шаклланишига аҳамиятли бўлинг. Хасталиклардан сўнг организмнинг тикланиш даври қандай кечишини кузатинг. Тана ҳароратининг кўтарилиши, ўзгариши, терлаш, чарчоқ, қувватсизлик - симптомсиз юз берса, шифокор маслаҳати зарар қилмайди.

Боламнинг бўйи ўсмаяпти, дсйсизми?

 Соматотропин - айни шу гормон бўй ўсишини назорат қилади. Унинг фаол ортиши қизларда 10 ёшлар атрофида, ўғил болаларда эса 12 ёшдан бошлаб кузатилади. Аҳамият берган бўлсангиз, бу даврда боланинг бўйи бирдан чўзилиб қолади. Фарзандингиз тенгқурларига нисбатан анча паст бўйли экани яққол сезиляптими, соматотропин гормонига таҳлил топширинг. Негаки, бу гормон найсимон суякнинг тоғай қисмларини фаоллаштиради. Бўй узайиши айнан шу ҳудудда юз беради. Вақт ўтиши билан тоғай ҳудуди беркилади ва бўй ўсиши тўхтайди. Одатда бу 25 ёшлар атрофида содир бўлади. Айрим ҳолларда бўй ўсиши 17-18, нисбатан камроқ 15 ёшларда тугалланиши мумкин. Соматотропин гормони мувозанатининг бузилиши кеч аниқланса ва гормон кўп микдорда қонга ўтиб бўлганида акромегалия хасталиги юзага келиши эҳтимоли бор. Бунда суяк ўсишда давом этади, бироқ юқорига эмас, энига ўсади.

Орқага Чоп этиш