ru uz
Ўғлим дудуқланаяпти, тил тагини кестирсакмикан?

Нутқ муаммоларига нисбатан айтиладиган «тил остини кестириш» мавжуд амалиёт. Бироқ уни амалга ошириш учун тил ости юганининг калталиги ёхуд нотўғри жойлашгани ҳақидаги ташхис тасдиқланиши лозим. Зеро, юган билан боғлиқ муаммолар нафақат талаффузга, балки оғиз бўшлиғининг чайнов жараёнига ҳам таъсир этади. Асосий саволга қайтсак, юганни кестириш керакми ёки йўқ?

Юган асли нима?

Пастки жағ соҳасида тилни ушлаб турувчи эластик тўқимадан иборат юган нафас олиш, таомланиш ва сўзлашув жараёнида тилнинг эркин ҳаракатланишини таъминлайди. Боланинг оғиз бўшлиғида учта юган мавжуд бўлиб, бири тил остида, иккинчиси юқори лаб ва милклар, учинчиси пастки лаб ва милклар ўртасида жойлашган. Юганнинг меъёрдан калта ёки нотўғри жойлашгани туғма патология бўлиб, анкилоглоссия дейилади.

Сабаблари маълумми?

Оғиз бўшлиғидаги мазкур патологиянинг келиб чиқиши аёл ҳомиладорлик даврида турли касалликлар билан оғригани ҳамда ирсий мойилликка бориб тақалади. Бироқ бу ҳам аниқ маълумот эмас. Баъзан ота-она ва яқин қариндошларда учрамаган оғиз бўшлиғи касалликлари гўдакда юзага келиши мумкин.

Шифокор кўриги қачон керак бўлали?

Юган патологияси стоматолог-шифокор ихтисослигига киради. Аммо ҳамиша ҳам эластик тўқимани кестириш шарт эмас. Агар боланинг нутқида муаммо бўлмаса, овқатланаётганида чайнов жараёни меъёрда кечса, юганни кестириш талаб қилинмайди. Бунинг акси бўлганида эса мутахассис қуйидаги уч амалиёт турини таклиф этади:

Френотомия — юганни узайтириш мақсадида кесим ҳосил қилиш.

Френэктомия — тил шиллиқ қаватига ёпишган юганни ажратиш.

Френулопластика — юган жойлашувини ўзгартириш.

Хавф нимада?

Юқори ва пастки лаб юганининг калталиги гўдакнинг кўкрак тута олмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Натижада миттивойнинг қорни тўймай, вазни меъёрдан ортда қолади, безовталиги ортади. Бундай ҳолатларда, албатта, педиатр кўриги талаб қилинади. Шунингдек, юқори ва пастки лаб юганидаги ўзгариш тишларни диастема (тиш орасининг очилиб қолиши) ҳолатига ҳам олиб келиши мумкин. Уч ёшдан катта бўлган болаларда тил ости юганининг қисқалиги тишлам қаторининг нотўғри ривожланиши ва нутқ жараёнига таъсир этади. Болакай «Р» ҳарфини талаффуз қилишга қийналади, сўзларни узуқ-юлуқ ифодалайди.

Текшириб кўринг

Кўрсаткич бармоққа стерилланган бинтни ўраб, боланинг оғзини очинг ва тилини аста кўтаринг. Меъёрда юган 8 мм. бўлиб, тилнинг  бошланиш қисми, асоси ва учига бириккан бўлади. Қисқа шаклдаги юган эса тилнинг шиллиқ қаватига ёпишганроқ, бурмапи кўринишда акс этади.

Мақбул ёш қайси?

Юган коррекциясига индивидуал тарзда ёндашилади. Юқори лаб юганни кесиш курак тишлар чиқиб бола 6 ёшга тўлганида ўтказилса, пастки лаб орасидаги юганни кесишга 4 ёшдан сўнг мурожаат қилинади. Тил ости югани эса гўдак бир ёшга тўлгунига қадар ва ундан кейин ҳам бажарилиши мумкин.

Логопед ёрдам берадими?

Юқори ва пастки лаб юганидаги муаммода логопед машқлари наф бермайди. Бироқ тил ости югани учун айрим усуллар бор. Аввал оғиз бўшлиғидаги юмшоқ тўқималар юмшатилишн лозим. Бу ишни яхшио мутахассисга топширинг. Сўнг тил учидаи тутиб, аста тортип ён тарафга ҳаракатлантириш машқлари олиб борилади. Бир кунда икки маҳал, бир ой давомида шуғулланиш юган тўқимасининг чўзилишига кўмак бериши мумкин.

Оғриқ бўлмайдими?

Шифокор юганнинг керакли қисмидан кичик кесим ҳосил қилиб, атрофига сўрилиб кетувчи ип билан чок туширади. Амалиёт умумий наркоз ва оғриқсизлантирувчи воситалар таъсирида ўтказилади. Шунингдек ушбу жараён лазер нури ёрдамида қам бажарилиб, кам шикаст етиши билан афзалроқдир.

 

Орқага Чоп этиш