ru uz
Диспотия: буйрак нотўғри жойлашса...

Туғма ривожланиш нуқсони сифатида тасниф этиладиган буйрак диспотияси, буйракнинг ўз ўрнидан пастроқда ёки бошқа аъзоларда жойлашиши билан характерланади.

Маълумотларга кўра, ушбу патология 800-1000 нафар чақалоқнинг биттасида учраши мумкин. Хўш, диспотиянинг келиб чиқиш сабаблари нима? Организмга ножўя таъсири йўқми? Энг муҳими, насл суриш эҳтимоли қандай?

УТТ аниқламайдими?

Туғруққа қадар ўтказиладиган скрининг ва доплер текширувлари шубҳасиз, ҳомила ички аъзоларининг жойлашуви ва ривожланишини кўрсатиб беради. Аммо ҳамма ҳам мазкур текширувларга мурожаат қилавермайди-да. Бордию туғма ривожланиш нуқсони ҳомиладорлик вақтидаёқ аниқланса, туғруқдан сўнг гўдак бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, уролог-шифокор назоратига қўйилади. Шундай қилинса, бола улғайган сайин организмидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш осон кечади.

Қандай бўлади?

Буйрак диспотияси бир икки томонлама, иккита буйракнинг бир тарафда устма-уст келиши билан кузатилади. Туғма патология тос соҳасида, бел, қовурға билан қорин ораси ҳамда кўкрак қафасида юзага келиши мумкин. Кўпинча тиббий кўрик вақти аниқланадиган туғма нуқсон йиллар давомида ўзини ошкор қилмайди.

Ташхис

«Қочоқ» буйрак дараги УТТ текширувида маълум бўлса, рентген, экскретор урография, МРТ таҳлиллари ёрдамида унинг қаердан қўним топгани аниқланади. Хасталик маълум бўлгач, бемор назоратга олиниб, гидронефроз, пиелонефрит, возоренал гипертензия келиб чиқиш эҳтимолини камайтириш учун зарур чорала кўрилади.

Эмбриогеноз даврга қайтамиз

Ҳомила ички аъзолари ривожланаётган даврда буйрак дастлаб кичик тос соҳасида шаклланиб, сўнг аста-секин юқорига, яъни анатомик жиҳатдан белгиланган ўрнига кўтарилади. Инфекцион касалликлар, носоғлом турмуш тарзи, атроф-муҳит, айрим турдаги дори воситалари ва бўлажак онанинг зарарли одатлари ҳомилада буйрак нуқсонини пайдо қилиши мумкин. Диспотия айнан шундай туғма ривожланиш нуқсонидир.

Мутахассислар буйрак касалликлари насл сурмаслигини таъкидлашади. Шундай экан, деспотиянинг авлоддан-авлодга ўтиш эҳтимоли йўқ.

Белгиси борми?

Ички аъзолар жойлашувидаги ўзгаришлар наҳот белги бермаса, дерсиз? Буни қарангки, бу ҳам патологиянинг қайси соҳада жойлашгани ва беморнинг ёшига боғлиқ ҳодиса экан. Масалан, деспотиянинг белдаги кўриниши вақти-вақти билан ушбу соҳада оғриқ пайдо қилиши мумкин. Қорин ва қовурға орасидаги буйрак нуқсони эса кўнгил айниши, мазкур аъзолар ишида безовталик ва оғриқ билан кечади. Барчаси учун умумий бўлган белгилар пешоб ажралишининг қийинлашувидир. Бола улғайгани сайин қабзият, ичаклар билан боғлиқ муаммолар, ҳазм тизимидаги бузилишлар ҳам пайдо бўлиши мумкин.

Муолажа -жарроҳликми?

Туғма нуқсон аниқлангач, асосий муолажа нотўғри жойлашган буйракнинг асорат бермаслигига қаратилади. Англаганингиздек, даво чоралари консерватив усуллар кўмагида бажарилади. Қачонки, буйрак
нуқсони организмнинг умумий ҳолатига ножўя таъсир кўрсатса ёки фаолиятини бажаришга қодир бўлмай, нобуд бўла бошласа, аъзони олиб ташлашга доир жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкин. Бироқ бу камдан-кам ҳолларда мурожаат этиладиган усулдир.

Бемор соғлигига аҳамиятли бўлса, буйрак деспотияси билан узоқ умр кўра олади. Ҳатто бел ва тос деспотияси билан фарзанд кўрганлар ҳам бор!

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш