ru uz
Диққат. Йўриқномага қаралсин!

Кунда-шунда бўлмаса-да, ойда, йилда бир дори воситаларига мурожаат қилишимиз бор гап. Шифокорлар кўпинча ташхис қоғозига «Кунига уч маҳал, овқатдан кейин ё олдин ичилсин», деб ёзиб беришади. Хўш, қайси препаратлар овқатдан аввал қабул қилинади-ю, қай бири кейинроқ ичилиши ҳам мумкин?

Катталарнинг дорисини болаларга берманг!

Эътибор қилган бўлсангиз керак, хапдориларнинг нақд марказида гоҳида битта, гоҳида эса иккита («+» кўринишидаги) чуқурча ўтган бўлади. Бу — фойдали моддалар хапдорига тенг миқдорда тақсимлангани ва уни қисмларга ажратиб истеъмол қилиш мумкинлигини англатади. Лекин шундай чуқурчаси бўлмаган хапдориларни қисмларга бўлиб қабул қилиш тавсия этилмайди. Чунки ундаги компонентлар тенг тақсимланмаган бўлиб, бемор ўзига зарурий миқдорини қабул қилаётганига ҳеч ким кафолат бермайди.

Айниқса, катталар учун мўлжалланган препа­ратлар қисмларга ажратилиб ёш болаларга берилганида кичкинтойнинг саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли борлигини инобатга олинг.

Капсулани очмаймиз!

Баъзи беморлар ютиш мушкуллигини баҳона қилиб, капсула таркибидаги дориларни қошиққа солиб ичишга одатланишган. Лекин нима учун ишлаб чиқарувчилар қўлингиздаги дорини хапдори ёки сироп кўринишида эмас, айнан капсула шаклида ишлаб чиқарганлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Аслида, капсула препаратни ошқозон кислоталаридан ҳимоя қилиб, эсон-омон ичакларга етказиш вазифасини бажаради. Табиийки, бу дорилар капсуладан ажратган холда истеъмол қилинганида фойдаси бир неча баробарга камаяди, ҳатто даволаниш узоқроқ муддатга чўзилиши ҳам мумкин.

Суспензияни чайқатамиз

Сироп ёки суспензияларни қабул қилишдан аввал яхшилаб чайқатиш талаб этилади. Фойдали моддалар идишнинг тагига чўкиб қолганини ҳаммамиз биламиз, лекин кўпчилигимиз бу қоидага амал қилавермаймиз. Яна маҳсус қошиқча ёрдамида шифокор белгилаган дозани ўлчаб ичиш лозимлигини ҳам ёддан чиқарманг.

Қачон қабул қилган афзал?

Билсангиз, фармакологияда шу саволга жавоб изловчи маҳсус бўлим мавжуд. Доришуносларнинг таъкидлашларича маълум препаратни организм учун қулай пайтда қабул қилиш даволаш самарадорлигини бир неча баробарга ошириб, тез фурсатларда касалликни енгишга хизмат қиларкан. Лекин одатда ташхис қоғозида қайси дорини қачон қабул қилиш ҳақида тўлиқ маълумот берилмайди. Фақат овқатдан олдин ёки овқатдан кейин, деган ёзувлар бўлади. Хўш, овқатдан неча соат ёки дақиқа аввал? Нонушта пайтидами, тушликдами ёки кечки таомдан сўнг?

Пешоб ҳайдовчи воситалар буйраклар энг фаол ишлаётган чоғда, яъни эрталабдан қабул қилингани дуруст.

Астмада эса препаратларни кечга бориб соат 21:00 ва 23:00 атрофида қабул қилган мақсадга мувофиқ. Чунки тунда юрак ритми бироз секинлашиб, сўлак секрецияси кучаяди. Натижада, бронхларга сўлак тўпланиб нафас олиш оғирлашади.

Аллергия, ревматизм ва аутоиммун ҳасталикларда юзага келадиган кучли яллиғланишни бартараф этувчи гормонал препаратлар (преднизолон, гидрокортизон)нинг самараси соат 8 атрофида кучайиши кузатилади. Чунки айнан шу пайтда организмда кор­тикостероид гормони кўп миқдорда ишлаб чиқарилади.

Қандли диабетда ин­сулин қўлланилишидан хабарингиз бор. Кузатувларга кўра, инсулин ай­нан соат 08.00 дан 13.00 гача кучлироқ таъсир кўрсатар экан. Тушга бориб қонда глюкоза миқдорини кўпайтирадиган глюкоген гормони ишлаб чиқарила бошлайди. Бироқ, вақтида қабул қилинган дори воситалари бу жараённи тартибга солиб, саломатликка ижобий таъсир кўрсатади.

Юрак-қон томир хасталиклари ва қон босимига чалинган беморлар кўпинча суткада бир марта дори қабул қилишади. Асосийси, шу қабулни танамиз учун энг қулай вақтга мулжаллашдир. Бироқ шу қулай вақт ҳар кимнинг индивидуал биоритмига қараб ўзгариб туриши мумкин. Масалан, кимнингдир қон босими соат 18.00 ва 20.00 атрофида кўтарилса, демак, соат 15—17 оралиғида дориларни ичишга улгуриш лозим. Бошқаларни эса гипертония ярим тундан ўтиб безовта қила бошлайди. Бунда уйқуга кетишдан аввал дори ичган мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Кузатувларга кўра, вақтида қабул қилинган бир дона препарат уч-турттасининг ўрнини боса оларкан. Юракдаги аритмияга қарши воситаларни соат 20.00 ва 21.00 оралиқида қўллаган афзал. Лекин уларни тушликдан аввал ичиш кутилган натижани бермаслиги эҳтимоли юқори.

Антибиотиклар. Таомланиш давомида ошқозон шираси таркибида кислоталар миқдори ортиб кетади. Бу эса дориларнинг қонга сўрилишига бевосита таъсир кўрсатувчи муҳим омил саналади. кислотали муҳит эса антибиотикларнинг таъсирини қирқади. Шунинг учун таомланибоқ антибиотик қабул қилиш мақсадга мувофиқ эмас.

Овқат ҳазм қилиш ферментлари ва ошқозон ши­раси ишлаб чиқарилишини рағбатлантирувчи дорилар эса айнан таомланиш давомида қабул қилинади.

Таомдан аввалми ё кейин?

Агар дори таомдан кейин қабул қилинса, овқатлангач, 30—60 дақиқа кутганингиз афзал. Агар таомдан аввал бўлса, яхшиси, 30 дақиқа барвақтроқ ҳаракатингизни бошланг.

Қуйида фақат таомлангандан сўнг қабул қилиш тавсия этиладиган препаратлар рўйхатини келтириб ўтамиз:

  • стероидларсиз оғриқ қолдирувчилар;
  • деуретиклар (пешоб ҳайдовчи воситалар);
  • Юрак гликозидлари (турли юрак етишмовчиликларида қўлланиладиган ўсимликлардан тайёрланган дори воситалари);
  • Сульфаниламидлар (амидо сульфаниль кислотаси асосида ишлаб чиқарилган
    бактерияларга қарши воситалар);
  • Сафро компоненти бўлган баъзи дорилар ҳам шу туркумга киради;
  • шунингдек, ошқозон шиллиқ қаватига зиён етказмаслик учун аспирин ва унинг кофеин қўшилган турларини, албатта, тўқ қоринга қабул қилиш лозим.

Йўриқномани ўқиймиз

Агар дорини уч маҳал қабул қилиш кераклиги кўрсатилган бўлса, бу нонушта-тушлик-кечки таом дегани эмас. Дорининг миқдори қонга тенг ва тўғри тақсимланиши учун уни ҳар 8 соатда қабул қилиш керак. Буни, албатта, инобатга олинг.

Тил тагига ташлаб, шимиладиган препаратлар у қадар инжиқ эмас. Уларни овқатдан кейин ҳам, олдин ҳам қабул қилиш мумкин.

Тартибга риоя қиламиз

Ёдингизда бўлсин, ўз вақтида ухламас экансиз, дорини соат нечада қабул қилишингиз масаласи чалкашиб кетади. Айтайлик, эрталаб пешоб ҳайдовчи, кечаси юрак дорисини қабул қилишингиз лозим. Бироқ сиз туни билан бедор бўлиб, кундузи уйқуга кетасиз. Бунда биологик соатингиз нотўғри ишлай бошлайди ва ҳасталикка қарши даво чоралари кузланган самарани бермаслиги мумкин. Қолаверса, йўриқномада «Овқатдан аввал, кейин ёки таомланиш вақтида қабул қилинсин», деган сўзлар ёзилган бўлса, демак, ўз вақтида овқатланиш тартибига ҳам риоя қилишингиз даркор.

Ёдингизда турсин

Зудлик билан тана ҳароратини тушириш керак бўлганида ёки қоринда санчиқ турганида дориларни белгиланган жадвалига кўра, ичиш шарт эмас.

«Бугун улгурмадим, эртага иккита ичарман...»

Агар препаратни қабул қилиш 1 ёки 2 соатга кечиккан бўлса, шу муддат оралиғида ичишга рухсат берилади. Лекин танаффус 2 соатдан кўпроқ вақтни олса, кейинги қабул давомида дорининг миқдори кўпайиб кетмаслиги учун бу қа­булни қолдириш тавсия этилади. Шунингдек, кеча унутганингиз учун бугун бир дона хапдори ўрнига иккитасини қабул қилишингиз ҳам нотўғри. Бундай ҳолларда турли нохуш асоратлар келиб чиқиши эҳтимоли юқори.

Гормонал препаратлар, юрак дорилари ва антибиотикларни аниқ вақт ва тартиб билан қабул қилиш лозим. Яхшиси, вақтини қоғозга ёзиб, кўзга ташланадиган жойлар (эшик, музлаткич)га илиб қўйинг ёки телефонингизни шундай созлангки, ақилли ёрдамчингиз муҳим амалиёт ёдингиздан чиқишига йўл қўймасин. Ҳар қандай вазиятда ҳам саломатлигингизга беэътибор бўлманг ва дориларингизни ўз вақтида қабул қилишни унутманг. Шунда уларга қайта- қайта мурожаат қилиш эҳтиёжи туғилмайди.

 

 

 

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш