ru uz
Болам қайд қиляпти, бу хавфли эмасми?

Қусишми ёки қайт қилиш Фарқи бор!

Келинг, аввал фарқлаб оламиз: фарзандингизнинг кийимидаги доғ нимадан? Қусишданми ё қайт қилишдан? Бу икки хил ҳолат бўлиб, чақалоқ кўпинча қайт қилади. Агарда, суюқлик дилбандингизнинг оғзидан оқиб тушиб, кўриниши творогни эслатса, хавотирга ўрин йўқ, бу қайт қилиш ҳисобланади.
Гўдаклар организми ортиқча сутни шу йўл билан ошқозондан чиқариб ташлайди. Яъни қайт қилиш нормал физиологик жараён бўлиб, кунига икки-уч мартадан ошмаслиги, ҳажми эса кўпи билан 2 ош қошиқ атрофида бўлиши керак. Ҳажмини аниқлашга қийналсангиз, боланинг кийимидаги доғ ёнига қошиқда сув қуйиб кўринг, тўкилган сув доғнинг катталигини чамалаб кўришингизда ёрдам беради. Одатда қайт қилиш кичкинтойингиз мустақил ўтиришни бошлагандан кейин, яъни 7—8 ойларга бориб камаяди ва бир ёшга етганида тўхтайди

Сабабларини билиб қўйинг

Энг кенг тарқалган сабаблардан бири меъёрдан ортиқ сут беришдир. Гўдак организми фақатгина ўзи ҳазм қила оладиган миқдордаги озуқани қабул қилади. «Фарзандим дўмбоққина бўлсин», деб кўп-кўп эмизишга қанчалик уринманг, ортиқча сут барибир чиқиб кетади. Фарзандингизни меъёрдан ортиқ овқатлантирманг, силкитманг ва овқатдан сўнг чўмилтирманг. Эмизганингиздан сўнг 5—10 дақиқа вертикал ҳолатда кўтаринг ва бироз муддат тинч олиб ўтириш қайт  қилишни анча камайтиради.

  • Ичак фаолияти бузилишлари ҳам қайт қилишга олиб келиши мумкин. Ширинтойни 3 ойгача безовта қилувчи табиий қорин оғриқлари, ич қотиши ёки газлар ҳам овқат ўтиш йўлидаги қаршиликларни ҳосил қилади.
  • Чақалоқларда овқат йўли сфинктери мушаклари ҳали тўлиқ ривожланмаганини ҳисобга олсак, бу ҳам боладаги қайт қилишни келтириб чиқаради. Одатда мушаклар бола бир ёшга тўлгач ривожланиб бўлади.
  • Сабаблар орасига нотўғри эмизишни ҳам киритмай иложимиз йўқ.
  • Эмизиш давомида она нотўғри ҳолатда ўтирса, сут билан бирга ошқозонга ҳаво ҳам киради. Кейин эса ҳаво сут билан ташқарига отилиб чиққани сабабли қайт қилиш юзага келади.
  • Ота-оналарнинг нотўғри хатти-ҳаракати, яъни эндигина овқатлантирилган болани силкитиш, у ёқдан-бу ёққа ағанатиш кабилар ҳам сабаб бўлади.
  • Камдан-кам ҳолларда қайт қилиш ҳазм қилиш органлари, марказий асаб тизими ва бошқа патологик касалликлар натижасида юзага келиши мумкин.

Қачон шифокорга кўриниш керак?

Бола қусганида эса сут оғиздан фаввора мисол отилиб чиқади. Бу сизни сергакликка чақирадиган ҳолат бўлиб, боланинг тана ҳарорати кўтарилса, ичи кетса ёки қотса, ҳолсизланса ва қусиш кун давомида тез-тез қайталанаётган бўлса, таваккал қилмасдан уйга «Тез ёрдам»ни чақиринг ёки ўзингиз болажонингизни шифохонага олиб боринг. Юқоридаги белгилар овқатдан заҳарланиш ёки ўткир инфекцион касалликларнинг белгиси бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Чақалоқнинг қусишига эса қуйидагилар сабаб бўлади:

  • онанинг таомномасидаги ўзгаришлар;
  • гигиена қоидаларига риоя қилмаслик (қўлни ювмасдан, сут шишаси, сўрғич ва ўйинчоқларни тозаламай кўллаш инфекцион хасталикларни келтириб чиқаради. Улар эса ўз навбатида қусишни);
  • қўшимча овқат киритилганда;
  • боланинг ошқозони ҳазм қилишга тайёр бўлмаган маҳсулотлар берилганда (айнан шунинг учун ҳам кўшимча овқатни кичкинтой 6 ойлик бўлганидан сўнг киритиш тавсия этилади. Чунки 6 ойгача унинг ошқозони ҳали заиф бўлиб, фақат она сутигагина мослашган, бошқа маҳсулотлар оғирлик қилиши мумкин);
  • сутли аралашма ўзгартирилганда;
  • бешикдаги бола ҳаддан зиёд тез ёки кўп тебратилганида;
  • кичкинтой овқатдан заҳарланганида;
  • вестибуляр аппарат яхши ривожланмаган бўлса (бу ҳолат асосан транспорт воситаларида юрган вақтда
    билинади);
  • мия чайқалишида;
  • ҳамда кўричакда болажон қусишдан азият чекиши мумкин.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш