ru uz
Бола семирса, нега қорни чиқади?

Боладаги ортиқча вазн ота-она учун жиддий муаммо. Уни тенгдошларида «семиз», «бақалоқ» дея масхаралайдилар. Бу ҳолатда бола ё унга ажратилган ролга кўнади, ёки тенгқурларига қарши чиқиб, улардан ўзини олиб қочади, ёхуд ур-йиқит қилиб жанжаллашади, лекин бу ҳали ҳаммаси эмас. Ортиқча вазн билан курашилмаса, бола турли ҳасталикларга дучор бўлиши мумкин. Хусусан, қандли диабет, буйрак касалликлари, қон босимининг кўтарилиши, ҳатто, атеросклероз касаллиги барвақт ривожланиши эҳтимоли бор. Семизлик кичкинтойнинг гавдасига ҳам таъсир қилади, бўйин, бош соҳасидаги оғриқларга, вазн туфайли орттирилган остеохондрозга сабабчи бўлади. Энг ачинарлиси, семизлик боланинг жинсий етилишига ҳам таъсир кўрсатади. Хўш, боладаги тўлалик билан қандай курашиш лозим? Мавзу юзасидан атрофлича фикр юритамиз.

Ким айбдор?

Кўпинча семизлик наслдан ўтиши мумкин. Аксар ҳолларда бунга боладаги гормонал муаммолар ҳам сабабчи бўлади. Аммо уйдаги шарт-шароитни ҳам унутмаслик лозим. Кичиклигимиздан уқтиришади: «Овқатни охиригача еб қўй», дея. Ёки таомланиш орасида тўйиб нон еб олиш одатичи? Болалардаги семизликнинг яна бир сабаби ўйинларда! Шовқин кўтармасин деб гўдаклигидан телефонга ўргатиб қўямиз. Жисмоний ҳаракатлар виртуал ҳаракатларга айланади. Энг ёмони, бу ҳолатда ҳам бола қувват сарфлайди. Ва бу қувватни қотирилган нон, картошка чипси, газли ичимликлар ёрдамида қондиришни истайди. Ана ундан кейин 6-7 ёшли болакайда қаердан қоринчаю бақбақалар пайдо бўлгани, юрганда ҳансираб, ортиқча ҳаракатларга умуман ҳафсаласи йўқлигини кўриб, ҳайрон бўласиз. Аслида эса муаммо ота-онанинг ўзида!

Нима қилса бўлади?!

Боладаги семизликни даволаш унинг ёши ва умумий аҳволига боғлиқ. Уларга иштахани пасайтирувчи маҳсус препаратлар буюрилмайди, оздирувчи дорилар ҳам соғлиғига зарар қилиши тайин. Агар семизлик боланинг гормонал тизими билан боғлиқ бўлмаса, оздириш пархез, жисмоний ҳаракатлар ва семизликка олиб келган асосий касалликни даволашга қаратилади.

Ота-оналарга маслаҳатлар

  1. Ярим тайёр маҳсулотлар - колбаса, пишлоқ, сариёқ, кетчуп кабиларни таомномадан буткул чиқариб ташлашга тўғри келади. Овқатни салат билан ейиши, жилла қурса, оздирувчи таъсирга эга сельдерей, кашнич, райҳон, укроп қўшиб тановул қилишга ўргатиш лозим.
  2. Болани жазолаш мақсадида уни овқатдан маҳрум қилманг. Натижада, бола янада кўп таом ейишга киришиб, семизлик қандли диабетга айланиб кетиши ҳеч гап эмас.
  • Семизликка мойил болалар компьютер олдида 40 дақиқа, телевизор қаршисида 1,52 соат ўтириши мумкин, холос.
  • Спорт билан шуғулланишда болани ҳаддан зиёд зўриқтириб юборманг. Бир ҳафта сузишга, иккинчи ҳафта футбол, гимнастика ёки акробатикага бориб шуғулланиши мумкин.
  • Бола эрталаб ва кечқурун велосипед учса, ҳафтасига уч маҳал сузишга қатнаса, озиши тезлашади.
  • Агар оилада семизлик­ка мойиллар бўлса, болани бир ёшидан бошлаб, таомномасига алоҳида эътибор бериш зарур. Мисол учун, бундай болаларга қўшимча овқатни сабзи, лавлаги, помидорли шарбатлар, сабзавотли аралашма ва димламапардан бошлайсиз, аммо картошкани анча вақтгача қўшмайсиз. Чунки у углевод саналиб, болани тез тўйдирсада, семиртириб юборади. Бунинг ўрнига димлама таркибига шолғом қўшса бўлади. Углевод ўрнини оқсил, яъни гўштли, ёғсиз маҳсулотлар, мол гўшти қиймаси, балиқ ва творог, қолган қисми дуккаклилар — мош, ловия, нўхат ёки бодом каби чақ-чуқлар билан тўлдириш мумкин. Сариёғ ўрнига зайтун мойи солинган салатлар едиришга ўргатиш зарур. Парҳездаги болалар А витаминига эҳтиёж сезади. Бу витаминни мева-сабзавотлар, кўкатлардан олишингиз ёки тайёрини капсула кўринишида шифокор билан маслаҳатлашиб беришингиз мумкин.

Биласизми?

  • Буғдой ёки сули қипиғини боланинг овқати ёки салатига қўшиб едириш, ёхуд овқатлар орасида қатиққа қўшиб ичириш боланинг семирмаслигига ёрдам беради ва организмини зарарли хилтлардан тозалайди.
  • Куннинг биринчи ярмида оқсилли таомлар, яъни гўштли, сутли маҳсулотлар берилса, иккинчи ярмида углеводли таомларни киритиш мумкин. Хамирли таомларни чеклаш керак. Бола нордонширин таъмли мевалар, қовоқ, қовоқча, карам, помидор, кқкатлардан равоч, салат баргини кўпроқ истеъмол қилиши керак.
  • Бўтқалардан фақат сули ҳамда гречиха ёрмаси мумкин. Гуруч ва манний ёрмалари боланинг вазнини янада ошишига хизмат қилади.

 

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш