ru uz
«Ўғлимнинг бадани музлаб қолаверади...»

Боланинг кўчада ўйнаб югуриб келса ҳам қўл-оёқлари муздек. Нега шундай? Бунинг хавфли томони йўқми?

Ёзнинг жазирамасида қўл-оёқларнинг музлашини табиий ҳол, деб бўлмайди. Бунинг биринчи сабаби танада қон айланишининг бузилиши билан боғлиқ. Айниқса, бу ҳолат ёш болаларда кузатилиши хавотирли. Қўл-оёқнинг музлаши кимлар учун табиий, қайси пайтларда эса касалликдан дарак беради.

Ўзгаришлар сабаби нима?

Боланинг қўл-оёқлари, бадани муздек бўлса, дарров тери рангига эътибор бериш керак. Агар кўча иссиқ, бола обдон югу­риб чарчаса ҳам қўл-оёғи, танаси исимаса, айниқса, ранги кўкимтир бўлса, дарров шифокорга кўрсатиб, барча таҳлилларни топширишни маслаҳат берамиз. Негаки, бу ҳолат юрак- қон томир соҳасидаги касалликлар ҳақида сўзлайди. Боладаги қўл-оёқнинг музлаши ҳомиладорлик пайтидаги камқонлик, ушбу даврнинг оғир ўтганлиги билан ҳам изоҳланиши мумкин. Яна бола туғруқ пайтида гипоксия билан туғилган бўлса, ҳаёти давомида нимжон, камқувват, шу билан бирга, танаси доим музлайдиган бўлади. Аллергияси бор болаларнинг уй чанги, ҳайвонларнинг юнгига таъсирчанлигидан ҳам тана ҳарорати тушиб, қўл-оёғи музлаши мум­кин.

Иситма кўтарилса ҳам тана музлаши мумкин

Баъзи болаларда иситма кўтарилиши ғалати тус олади. Бунда тана ҳарорати 37 даражадан кўтарилса ҳам қўл-оёқлар муздек бўлиши, бармоқ ва лаблар кўкариб қолиши ҳамда бола титраши мумкин. Бу ҳолатни она қанча тез пайқаса, шунча яхши, негаки, «оқ иситма» талваса тутиши, ҳушдан кетиш, организмнинг сувсизланишига олиб келиши билан хавфлидир. Бу ҳолатда оддий иситма туширувчи дорилар кор қилмаслиги мумкин, шу боис «Тез ёрдам» чақириш ва болага малакали тиббий ёрдам кўрсатиш зарур.

Бола организмида ривожланиш жараёнлари жадал кечганида — 1, 5, 7 ёшларда ҳамда ўсмирлик чоғида қўл-оёқнинг музлаши боланинг тезкорлик билан ўсаётганидан дарак беради. Бу ҳолат физиологик бўлиб, ундан қўрқмасангиз ҳам бўлади. Лекин ўсмирлик чоғида қўл-оёқнинг музлаши юракнинг тез уриши, уйқучанлик, ҳушдан кетиш кабилар билан бирга кечса, невропатолог ва эндокринолог кўригидан ўтишингизга тўғри келади.

Нима қилиш мумкин?

Биринчи галда болани педиатрга кўрсатинг. Тиббий текширув усуллари ва таҳлилларидан — ЭКГ, қоннинг умумий ва биокимёвий таҳлили, эндокрино­лог ва нейрожарроҳ, невропатолог кўригидан ўтказиш шарт. Даво чоралари шунга қараб белгиланади. Уй шароитида болани чиниқтиришга ҳаракат қилинг. Чунки бу боланинг иммун тизими пасайганида ҳам рўй беради.

Халқона чоралар

  • Агар боладаги қўл-оёқ музлаши шамоллаш, юқумли касалликлар асорати би­лан боғлиқ бўлса, олма сиркасидан беш- олти томчини илиқ сувда аралаштириб, қўл-оёқлар артилади.
  • Бу иммунитет тушиши, камқонлик, дистония билан боғлиқ бўлса, қиздирувчи таъсирга эга — арпабодиён ёки занжабил чойидан ичириш керак.
  • Ўзгаришлар томирлар спазми, танада қон етарли даражада тез айланмаслиги билан изоҳланса, ҳар куни эрталаб болага, албатта, 5 дақиқа давомида бадан-тарбия қилдиринг.
  • Агар боланинг оёқлари доим муздек бўлса, ортопедга мурожаат қилиб, маҳсус магнитли патаклардан фойдаланиш мумкин.
  • Қўл-оёқнинг музлаши камқонлик ва дармонсизлик (авитаминоз) билан боғлиқ бўлса, 1 ой давомида шифокор буюрган қувватбахш дармондорилар билан бирга балиқ мойини ҳам қабул қилиш керак.
  • Қўл-оёқлари доим музлайдиган боланинг овқатига бир бўлак саримсоқпиёз ёки кўкпиёз тўғраш лозим.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш