ru uz
Сабабсиз иситма чиқиши юрак нуқсонига ишорами?

Тана ҳароратининг кўтарилиши аксар ҳолларда организмдаги патологик жараёнлар таъсири бўлиб, ҳолсизлик, йўтал, тумов, бош ва мушакларда оғриқ ёки ич суриши каби аломатлар билан аёнлик беради. Бундай пайтларда иситма туширувчи препаратларга мурожаат этиш кераклигини яхши биламиз. Хўш, болажонимизнинг умумий аҳволида ўзгариш бўлмаса-ю, аммо иситмаси баландлаб бораверса-чи, бу нимадан дарак?

Эҳтимол, бу инфекциядир

Болалардаги гипертермиянинг сабаблари бир қанча бўлиши мумкин. Аниқ ташхис қўйилиши учун безовталик бошланган кундан эътиборан фарзандингиздаги барча ўзгаришларни кўздан қочирманг. Биз эса белгиларсиз кечувчи иситманинг асосий сабаблари билан таништирамиз:

ошқозон-ичаклардаги бактерия ва инфекциялар: хасталикнинг дастлабки кунлари фақат тана ҳароратининг кўтарилиши кузатилиб, кейинроқ ҳолсизлик, иштаҳасизлик, бош оғриқлари, ич суриши каби аломатлар қўшилади. Бироқ бунга қадар иситма туширувчи препаратлар вақтинчалик таъсирни пайдо қилади, холос. Инфекция бактериялар турини аниқлаш учун эса қон ва ахлат таҳлили ўтказилиши керак;

сурункали чарчоқ, зўриқиш, кучли стресс: мазкур ҳодисалар мактаб ёшидаги болалар орасида нисбатан кўпроқ кузатилиб, ривожланаётган организм ортиқча юкламани кўтара олмаётганидан дарак беради;

ҳаво айланиши яхши бўлмаган хонада узоқ вақт қолиш, бош кийимсиз куёшда сайр қилиш ёхуд қалин кийим кийиш натижасида тананинг қизиши ҳам иситма кўтарилишини пайдо қилиши мумкин. Бу фарзандингиз организмининг ўта сезувчанлигига ишорадир;

туғма юрак етишмовчилиги ёхуд юрак-қон томир касалликлари: бунда ҳам вақти-вақти билан иситма кўтарилиши юз беради. Муаммони аниқлашда кардиолог кўриги ҳамда тегишли таҳлиллар талаб этилади;

танадаги жароҳатлар ёхуд ички аъзо шиллиқ қаватларидаги тошмалар (стоматит, папиллома): яллиғланиш жараёнининг авж олиши ҳисобига тана ҳарорати кўтарилади;

розеола (герпес вирусининг бир тури) вирусли касаллиги: бунда 3-4 кун давомида тана ҳарорати 39,0-39,5 даражада кузатилиб, сўнг терига тошма тошиши юз беради ва шундан кейингина иситма тушади. Бироқ тошма характери айнан розеолага тегишли эканлигини аниқлаш учун қон таҳлили ўтказилиши лозим.

Шу ўринда ўсмирларда кузатиладиган гипертермияни ҳам айтиб ўтишимиз жоиз. Балоғат даврида гормонларнинг кўп микдорда ишлаб чиқилиши организм иссиқлик муҳитининг бузилишини пайдо қилади ва бу ҳам иситма билан характерланиши мумкин.

Боланинг пешанаси қизиб, қўл-оёқларида енгил титроқ пайдо бўлаёт ваҳима қилиш учун асос эмас. Дарров иситма туширувчи препаратларн» қўллашга ҳам шошилманг. Дастлаб тана ҳароратини ўлчанг, термометр кўрсаткичи 37,5 даражагача бўлган ҳолатни кўрсатса, бу субфебрил исиш бўлиб, бирор-бир дори воситасига мурожаат этиш шарт эмас. Боланинг умумий ҳолатини енгиллаштиришда эса:

  • кийимларини алиштириб туринг, гипертермия кўп миқдорда ва тез-тез тер ажралишини пайдо қилади;
  • илиқ сувда намланган сочиқ билан қўл-оёқнинг букиладиган қисм (қўлтиқ, тизза орқаси)лари, курак, бўйин ва қулоқлар атрофини артинг; пешанасига нам сочиқ ёки карам баргини қўйинг;
  • тана қизиши ташналикни пайдо қилади, бу вақтда кўпроқ суюқлик ичирган маъқул;

Диққат, хавфли белгилар!

  •  Иситмаси тушганидан кейин ҳам бола овқатланишдан бош тортаяпти;
  • Ҳали тана ҳарорати меъёрлашмаган ва боланинг даҳанида енгил титроқ кузатилаяпти. Бу талваса хуружининг бошланаётганига ишорадир;
  • Болада тез-тез ёки ноодатий тарзда чуқур нафас олиш одати пайдо бўлган;
  • уйқуси бузилган, тунда тез-тез уйғониб кетади, алаҳсирайди;
  • юз териси рангпар тусга кирган бўлса, албатта, шифокор кўригини кечиктирманг!

агар иситма кўтарилиш давом этаверса, тана ҳарорати туширувчи препаратларга мурожаат қилинг. Таблетка, суспензия ёки шамча,  қай бирини танласангиз фақат бир туридан фойдаланинг то таъсирга кирмагунича ортиқ чораларга чалғиманг.

Ташхис нима бўлади?

Белгиларсиз иситма чиқиши кузатилганида шифокор умумий таҳлили, ахлат намунасининг текшируви кабиларни буюради. Тиббий таҳлиллар муаммони нимадалигини кўрсатгач, бактерия ёхуд инфекцияларга қарши, антибиотик гуруҳига мансуб препаратлар белгиланиши мумкин. Муолажа якунлангач қайта тиббий таҳлил топшириш кейинчалик безовталикнинг қайтарилиш эҳтимолини камайтиради.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш