ru uz
Ўсмирликдаги 9 хасталик

Ўн икки ёшга яқин бола организмида жинсий ҳамда ўсиш гормонларининг ишлаб чиқилиши кучаяди. Қалқонсимон без ва ошқозон ости бези тироксин ва инсулинни кўп микдорда ишлаб чиқара бошлайди. Бу жараён боланинг барча аъзо ва тизимларининг тўлақонли шаклланиши учун муҳимдир. Аммо айнан шу даврда ўсмир организми нозиклашиб қолади. Ахир барча куч-кувват етилиш учун хизмат қилади-да. Жисмоний чарчоқ, яхши овқатланмаслик, вақтида даволанмаган касалликлар, ҳатто, жизғанаклик одати тез-тез хасталанишга олиб келади. Яширин хавфни вақтида аниқлаш учун фарзандингизнинг аҳволига эътиборли бўлинг. Негаки, бу давр ўсмирнинг шахс сифатидаги кейинги ҳаётини белгилайди. Ушбу ҳолатлар айнан нима учун рўй беришини ва бундай пайтларда ўсмирга қандай ёрдам беришимиз мумкин?

Мувозанатдаги муаммолар

Ўсмирлик даврида боланинг танаси тезкорлик билан ўсади. Аввал оёклар узунлашади, кейин қўллар ва тос суяги кенгаяди, ана ундан кейингина тана ўсиб-узунлашиши мумкин. Айнан шунинг учун ўсмирнинг қадди-қомати букилган бўлиб, оёқлари бир-бирига чалишиб кетади. 15—16 ёшга келибгина ўсмир “янги тана”сини бошқаришга ўрганади.

Тавсия: болани 11—12 ёшдан, албатта, спортнинг у ёки бу тури (айниқса, сузиш)га беринг. Шунда ўзини тиклаши осон кечади ва асосийси, жисмоний юклама туфайли қадди-қомати расо, чиройли улғаяди.

Юрак безовталиклари

Балоғат ёшида болаларнинг юраги кенгайиши ҳисобига текширилганда шовқин эшитилади. Бу қон  босимининг кўтарилиши, томир уришининг тезлашиши билан бирга кечади. Баъзан эса қон босими ҳаддан зиёд тушиб кетади.

Тавсия: болани кардиолог кўригидан ўтказиб, масалага ойдинлик киритинг. Бу ҳолат камҳаракатлилик ва яхши овқатланмаслик, шунингдек, ҳаддан зиёд спортнинг оғир турлари билан шуғулланиш сабабли рўй бериши мумкин.

Камқонлик қаердан келди?

Тинимсиз ўсаётган мушаклар, шу жумладан, юрак мушагига ҳам кўпроқ миқдорда темир моддаси керак. Янги мушак тўқималарни ҳосил қилиш учун, организм бор темир моддасини қондан сўриб олади. Натижада, ўсмирда камқонлик ривожланади. Қизингиз буюрган ишларни вақтида қилмай, ҳадеб телефонига термилиб, каравотига ётволадими? Чақирсангиз, «уф» дейишидан дарров ранжиманг: аввал она сифатида унинг таомномаси ва кун тартибига эътибор қилинг. Ўғлингизнинг қачон қарама, иштаҳаси йўқми? Дарров, қоннинг умумий таҳлилини топшириб, даволанишга киришинг.

Тавсия: болага темир билан бойитилган дори буюрилса, ортидан нордон шарбат ичиринг, темир қонга тез ва тўлақонли сўрилади. Таомномада тил, жигар, бедана тухуми, нўхат, гулкарам, лавлаги, тухум сариғи, сули, олма, шолғом, гречиха, қора олхўри, исмалоқ ва албатта, какао бўлиши керак.

Томирли криз

Автобусда ўқишдан қайтаётган ўсмирларнинг ўриндиқларга ястаниб ўтирганини кўрганда беихтиёр ўшқириб бергинг келади: «Бу нима ўтириш, қарилаларга жой берсаларинг-чи?» дея. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор-да. Тушга яқин ўсмир ҳолдан тойиб, транспортдаги тиқилинч туфайли боши айланиб, кўнгли беҳузур бўлади, ранги оқариб, юраги ҳаприқади, кўз олди қоронғилашади. Бундай ҳолатда ким ҳам ўтиргиси келмайди, дейсиз? Бу нейроциркулятор дистония белгилари. Яъни ўсмирда эндокрин ва асаб  тизимлари катта тезликда ривожланаяпти. Бола нега бўшашиб кетаётганини ва нима учун арзимаган гаплар туфайли қизишиб уришганини билмай ҳам қолади.

Тавсия: бундай пайтда болани ёстиқсиз чалқанча ётқизиб, оёқлари тагига болиш кўйинг. Ширин чой ичириб, бошнинг чакка қисми ва қўл бармоқларини аста уқаланг. Кризлар такрорланса, албатта, болани невропатологга кўрсатинг.

Бу вақтида дам олмаслик, камқонлик, буқоқ туфайли, баъзан эса, ҳатто оиладаги муҳит яхшимаслиги оқибатида рўй бериши мумкин.

Ортиқча вазн

Бу даврда, айниқса, ўғил болаларнинг овқатга тўймаслиги кўзга ташланади. Ўзгаришлар бош миянинг марказида жойлашган гипоталамус безининг нотўғри ишлаётганидан даракдир. Ўсмирлар салбий кечинмаларини қондириш учун ҳам кўпроқ ейишга ва шу орқали тинчланишга ҳаракат қилишади. Агар боланинг ҳаддан ортиқ овқат ейишини сезсангиз, шифокор-эндокринолог кўригидан ўтказинг. Қонда қанд микдорини ҳам текшириш лозим.

Тавсия: овқат егиси келган пайтда эса қулоқ солинчагини бош ва ўрта бармоқлар ўртасида қимирлатиб кўрсин, бу ердаги нуқта иштаҳани пасайтириш учун хизмат қилади.

Ўсиш оғриқлари

10—14 ёшгача бўлган болаларда остеохондропатия — ўсиш оғриқлари кузатилади. Бунда боланинг тизза ва товон бўғимлари оғрийди. Сабаби — ўсиб бораётган суякларга кальций етишмаслиги саналади.

Тавсия: дарров шифокорга учраб, текширувдан ўтинг ва сутли маҳсулотлар ҳамда кунжут уруғини наҳорда 1 чой қошикдан болага беринг. Ўсиш оғриқлари пайтида боланинг чарчаб қолмаслигига аҳамият бериш керак.

Туз йиғилиши

12—14 ёш оралиғида организм кальцийни ичаклар ва овқатдан жуда тез сўриб олгани учун, унинг ортиғи туз сифатида буйракларда йиғилиб қолади. Бундай пайтда озроқ шамоллаш, ҳатто елвизакда қолиш, муздек жойда ўтириш болада пиелонефрит ёки сийдик-тош касаллигига замин яратиши мумкин.

Тавсия: боланинг қовуқ соҳасида оғриқ, сийдикнинг хиралашишини сезсангиз, дарров урологга боринг. Сийдикда тузлар миқдорини камайтирувчи воситалар муаммони ҳал қилади.

Теридаги муаммолар

Организмдаги ўзгаришлар ўсмирнинг терисига ҳам таъсир қилмай қўймайди. Айниқса, ота-онасида бундай муаммолар бўлган бўлса, овқатланишда парҳезга риоя қилинмаса, иммунитет пасайиши, ошқозоничак муаммоларида ўсмирнинг юзи ва баданига ҳуснбузар тошади, чипқон чиқади ва бошдаги қазғоқ кучайиб, бир қатор касалликларга олиб келиши мумкин.

Тавсия: дарров шифокор-дерматологга кўриниб, даволанишни бошланг. Қатронли совун билан ювиниш, ёғли, қовурма таомлар ва ширинликлардан парҳез қилиш терининг тозаланишига хизмат қилади. Ва албатта, шифокор-эндокринолог билан маслаҳатлашиб, гормонал давони ҳам қўллаш керак.

Иштаҳасизлик ортидан ошқозон яраси?!

Иштаҳанинг йўқолиши, айниқса, аълочи қизларда учраб, толиқиш, ўзидан қониқмаслик, ўқишга муккасидан қетиш оқибатида юз беради. Ўсмирликда ошқозон шираси кислоталилигининг ошишини ҳисобга оладиган бўлсак, бундай пайтда овқатни вақтида емаслик ёки фаст-фуд, кўчанинг сомсаси ва газли ичимликларни истеъмол қилиш ошқозон касалликларига йўл очиб беради. Агар бунга асабийлашиш қўшилса борми, ошқозон яраси юзага келади.

Биласизми?..

Ўсмирларда тез-тез бошнинг лўқиллаб оғриши, иситма чиқиши, қорин оғриқлари, беҳоллик ҳолатлари кузатилса-да, текширилганда соғлом бўлиб чиқиши мумкин. Лекин бола алдамайди, бу ўсмирнинг тенгқурлари, ўқитувчиси, ота-онаси билан ёмонлашган муносабатларга нисбатан организмнинг жавоби саналади. Яъни, ўсмир бу даврда чинакамига азият чекади.

 

 

Манба:  "Суғдиёна" газетаси

Орқага Чоп этиш