ru uz
Бола терласа ... Хавотирга ўрин бор!

Терлаш - организмдаги табиий физиологик жараён бўлиб, у асаб тизими ривожланиши, нафас олиш, овқатланиш, тана ҳарорати каби омиллар билан бевосита боғлиқ. Организмдаги бу ҳолат болаларда ҳали ўсиш жараёни давом этаётгани ва тер безларининг тўлиқ шаклланиб улгурмагани сабабли кузатилади. Тер безлари бола туғилгандан кейин уч-тўрт ҳафталикдан фаол ишлай бошлайди. 4-5 ёшда эса тўлиқ шаклланади.

Соғлом болалар вақти-вақти билан терлайди. Бироқ айрим кичкинтойларда меъёрдан ортиқ терлаш кузатилади. Бунинг бир нечта сабаблари бор бўлиб, уларни икки турга бўлиш мумкин: хавфсиз ва хавфли. Энг аввало, болалардаги терлашнинг хавфсиз турини кўриб чиқсак.

Эътибор муҳим!

1. Қалин кийим, иссиқ уй. Одатда, кўпчилик оналар сал салқин тушиши билан фарзандига қалин ёки қават-қават кийимлар кийдириб қўйишади. Ҳаво ҳароратига мос кийим киймаган бола, табиийки, терлайди. Ёки бола ухлайдиган, ўйнайдиган хона ҳарорати юқори бўлса ҳам, бола кўп терлаши мумкин.

Тавсия. Ҳар доим болага хона ва ҳаво ҳароратига мос, пахтали матодан тикилган ва ҳаво ўтказадиган кийимлар кийдиринг. Шунингдек, бола ўйнайдиган ва ухлайдиган хонанинг ҳарорати 22-24 даражадан ошмаслигига эътибор беринг. Бола терлаганда, кийимини ўз вақтида алмаштириш, терисини қуруқ мато билан артиб туришни унутманг. Акс ҳолда, танадаги тер шамоллаш касалликларига сабабчи бўлиши мумкин.

2. Шамоллашдан кейин. Баъзи болалар шамоллаш касалликларидан кейин кўп терлайдиган бўлиб қолади. Бу иммунитет пастлиги билан боғлиқ бўлиб, вақт ўтиши ҳамон ўз-ўзидан ўтиб кетади.

Тавсия. Болакайда касаллик қайталанмаслигига эътибор беринг. Витаминларга бой овқатлар, мева-сабзавотлар ёрдамида кичкинтой иммунитетини меъёрга келтириш мумкин.

3. Йиғлаганда. Айрим болалар йиғласа терлаб кетади.

Тавсия. Бундай пайтда болани имкон қадар тезроқ тинчлантириб, тер ажралган тана соҳаларини қуруқ мато билан артинг ва кийимини алмаштиринг.

4. Вазн масаласи. Аксарият тўлача вазндаги болаларда ортиқча терлаш кузатилади. Бу ҳам хавотирланишга сабаб бўлолмайди. Бола улғайгани сари бу ҳолат ўтиб кетади.

Тавсия. Бола кўпроқ витамин ва фойдали моддаларга бой овқатлар ейиши, жисмоний ҳаракатда бўлишига эътибор беринг.

Бефарқ бўлманг, акс ҳолда.

Кўп терлашнинг хавфли сабабларидан бу - рахитдир. Шифокор томонидан ушбу касалликка ташхис қўйилган бўлса, уни ўз вақтида даволатиш шарт. Акс ҳолда, бу хасталик асоратлар келтириб чиқариши мумкин.

Тавсия. Болага шифокор тавсия қилган D витамини бериш, шунингдек, ҳар куни кун ярмигача очиқ ҳавода сайр қилиш жуда муҳим!

Катта ёшли болалар нега терлайди?

Айрим ҳолларда катта ёшли болаларда ҳам кўп терлаш кузатилади. Масалан, 4-7 ёшдаги болаларда бу ҳолат лимфатик диатездан дарак бўлиши мумкин. Болалардаги инжиқлик, уйқусининг яхши эмаслиги натижасида лимфа тугунлари катталашиб, ушбу касалликка йўл очиши эҳтимоли бор.

8-9 ёшли болалардаги кўп терлашда эса юрак-қон томир касалликлари, қалқонсимон без фаолияти бузилиши, сил каби касалликларга шубҳа қилинади.

Унутманг, терлаш - организмдаги бирор-бир ўзгаришдан дарак берувчи сигналдир. Шунинг учун ҳар қандай ҳолатда ҳам болани шифокор кўригидан ўтказиш зарар қилмайди. Мутахассис боланинг нима учун терлаши сабабини аниқ айтади ва зарур бўлса, даво чоралари белгилайди.

Орқага Чоп этиш