ru uz
Пашша, чивин дастингдан дод!

Қуёшли кунларда деразаларни ланг очиб, гуллар ифоридан маст бўлгимиз келади. Аммо бу кичик орзумизнинг амалга ошишида бизга тўсқинлик қилувчи муаммо бор. Ҳа, топдингиз, пашшаю чивинлар! Ғўнғиллаб асабимизни эговлайдиган ҳашаротлар соғлиғимизга жиддий муаммо туғдириши билан ҳам хавфлидир. Хўш, нима қиламиз, дейсизми? Улар билан курашамиз!

Ишни деразалардан бошланг

Пашшалар ҳужумидан ҳимояланишнинг эиг оддий ва самарали усули — деразаларга майда тешикчали маҳсус қоплама ўрнатишдир. Бундай қопламалар безарар ва ҳамёнбоплиги билан ҳам қулай. Қопламани ҳар икки ҳафтада деразадан олиб, ювиб туришни одат қилинг, шунда тешикчаларида йиғилган чангдан халос бўласиз.

Фумигаторлар ҳақида эшитганмисиз?

Йўқ дейсизми, унда диқат қилинг, фумигатор, бу — пашшаларга қарши курашувчи замонавий мосламадир. Ҳозирги пайтга келиб уларни исталган дўкон растасида учратишингиз мумкин.

Кечга яқин фумигаторни электр токига уласангиз, ичидаги маҳсус пластинкаси хона бўйлаб ҳашаротлар учун зарарли модда тарқатади. Хавотирланманг, бу модда инсон соғлиғи учун буткул безиён. Фақат ёшига тўлмаган болалар хонасида қўлламасангиз бўлгани. Фумигатор ускунасини бир марта сотиб олсангиз етади, кейинчалик пластинкасини йўриқномасига қараб алмаштириб турасиз.

Қўрқитамизми?

Ана энди қўлбола усуллар ҳақида гаплашамиз.

Фақат бир нарсани билиб қўйинг, айрим ҳидлар пашшаларни қиришга хизмат қилса, бошқалари уларнинг умрини узайтириши мумкин. Масалан, намлик ва тер ҳиди.

  1. Агар сиз кўп қаватли уйда истиқомат қилсангиз, гултувакка помидор кўчати экинг. Ҳосил бермаса ҳам майлига, асосийси, баргларидан таралаётган ҳид пашшаларни шошириб қўяди.
  2. Райҳон ҳам экинг ёки уни бозордан сотиб олинга, уйнинг ҳар ерига илиб қўйинг.
  3. Эвкалипт ва лаванда мойларини эса ухлашдан бир неча дақиқа аввал, каравотингиз четларига суртиб чиқинг.
  4. Ванилин ҳидига аллергиянгиз бўлмаса, ух­лашдан аввал, битта кичик халтасини ярим стакан сув билан аралаштиринг. Сўнг ванилинли аралашмани қўл, оёқ ва бўйин соҳасига суртинг.
  5. Бир нечта саримсоқпиёзни майдалаб, очиқ дераза олдида қолдиринг, шунда бир ўқ билан икки қуённи урасиз-қўясиз. Сизни на пашша ва на вируслар безовта қилади. Саримсоқпиёзни ҳар 12 соатда янгилаб туришни унутманг.

Чақиб ташлади, дейсизми?

  1. 2 ош қошиқ истеъмол содасини 1 стакан сув билан аралаштиринг. Тайёр аралашмага докани ботириб чивин чаққан жойга суртсангиз, тери қичишиши ва қизаришидан асар ҳам қолмайди.
  2.  Яна бир усул эса лимон бўлаги билан зарарланган терини артишдир.

Ҳовлида яшайдиганлар учун...

Ўз қўлларимиз билан пашшага «қопқон» тайёрлаймиз. Бунинг учун 2 гр. хамиртуруш, 200 мл. иссиқ сув, 50 гр. шакар ва битта пластик идиш керак бўлади.

Пластик идишни иккига бўлингда, ичига шакар ва сув солиб аралаштиринг, сўнг хамиртуруш қўшинг. Пластик идишнинг «оғиз» тарафини идиш ичига қаратиб ёпинг, идиш ёнларига қоғоз қопланг. Ҳовлининг бирор бурчагига қўлбола «қопқон»ни жойланг. У ўзидан карбонат ангидрид газини тарқатади, бу ҳид эса нафақат пашша, балки барча ҳашаротларни ўзига оҳанграбодек тортади ва сизни муаммодан халос этади.

Томорқаси борлар эса «яшил армия»га мурожаат қилишлари мумкин. Томорқангизга ялпиз, помидор ва чиннигулдан кўпроқ экинг, шунда ҳовлингизда маза қилиб дам оласиз.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш