ru uz
Товондаги ёриқлардан қандай халос бўлиш мумкин?

Қишда ҳаво ўтказмайдиган этик ва синтетик пайпоғу колготкалар оёқ терисидаги намликни ўғирлаши ҳисобига товонимизда кичик ёриқлар пайдо бўлади. Ахир тери қуруқлашади-да. Ёриқлар қаттиқлашиб, қадоққа айланади. Бу ёғи оёқ оғриқларию безовталиклар деяверинг. Хўш, муаммонинг чораси нима? 
Тери зарарланишининг сабаблари:

-  нотўғри парваришлаш асоратида келиб чиққан тери қуруқлашиши; 
-  ноқулай пойабзал;
-  узок вақт тик оёқда туриб ишлаш;
-  замбуруғли инфекциялар;
-  дерматит;
-  яссиоёклик;
-  метаболизмнинг бузилиши, қанд касаллиги, ортиқча вазн;
-  гастрит, камқонлик, қалқонсимон без хасталиклари;
-  А ва Е витаминлари етишмовчилиги.
Ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида қонда қанд миқдори ортади. Бу товон ёрилишини пайдо қилиши мумкин. Бундан ташқари, фарзанд кутаётган аёллар салкам 7-8 кг.га яқин вазн орттиришади. Товонга оғирлик тушиши ҳам терида қадоқ ҳосил қилиши мумкин.

Давоси борми?

Қуруқлашиб ёрилган товон ҳаракатланишда ОҒРИҚ ва ноқулайлик туғдиради. Ёриқлар яллиғланиб, йиринг пайдо бўлмасидан аввал уни даволаш зарур. Агар ёриқларнинг келиб чиқиши бирор-бир касаллик асорати бўлса, шифокор-дерматолог кўриги шарт. Борди-ю, организмнинг сувсизланиши ҳисобига тери қуруқлашиши юз бериб, ёриқ келиб чиққан бўлса, уйда муолажа қилса бўлади.
Кунлик рационингизда А ва Е витаминларига бой бўлган сабзи, кўкат ва жигар доимий равишда иштирок этсин.
Уй шароитида парваришлаймиз
1.  Пиёзни майда тишли қирғичдан ўтказиб, бўтқа ҳолига келтиринг. Ухлашдан олдин пиёзли бўтқани товонга суртиб, устини целлофан ҳалта билан ўранг. Сўнг бинт билан боғлаб, пайпоқ кийинг. Бу компрессни уч марта қилишингиз билан товон териси силлиқлашади.
2.  Юмшатилган товонга табиий асалдан суртиб, целлофан ҳалта билан ўраб, сўнг бинт билан боғлаб, пайпоқ кийинг. Тонгда, товонларни илиқ сувда ювиб, юмшатувчи крем суртинг-да, ёриқлар устига юмшатувчи малҳам ёпиштириб қўйинг. Ўта қуруқлашиб кетган тери ҳам уч-турт марталик муолажадан сўнг тиклана бошлайди.
3.  Картошканинг арчилган пўстини ташлаб юборишга шошилманг, товонингизга айнан шу қисми малҳам бўлади. Картошка пўстини яхшилаб ювиб, қайнатинг-да, 20-25 дақиқа давомида дамламага оёғингизни солиб ўтиринг. Муолажадан сўнг оёқни чайинг ва канакунжут мойидан суртинг. Сўнг пайпокларни кийинг-у ишингизни қилаверинг.
4.  Яқиндагина пайдо бўлган ёриқлардан ҳалос бўлиш учун, 2 ош қошиқ картошка крахмалини 1 литр қайнатилган сув билан аралаштириб, товонни 2 дақиқа ивитиб олинг-да юмшатувчи крем суртинг. Ушбу муолажани бир неча марта такрорласангиз
ёриқлардан асар ҳам қолмайди.

Узимиз малҳам тайёрлаймиз!
Сирли идишга 1 чой қошиқ сирка, 1 дона тухум сариғи ва 1 ош қошиқ зайтун ёғини солиб аралаштиринг. Тайёр малҳамни ухлашдан аввал ивитилган оёқларга суртиб, устидан целлофан ҳалта кийинг. Пайпоқ кийиб олишни ҳам унутманг. Эрталаб суртма
қолдиқларини ювиб, товонни кўпиктош (пемза) билан ишқаланг.

Олдини оламиз!

Дангасалик қилмай ҳар куни 5—10 дақиқани айнан оёқлар парваришига ажратинг. Бунинг учун сиздан кўп нарса талаб қилинмайди, оёқларга мўлжалланган крем билан оёқ ва товонни уқаланг, токи крем сингиб кетсин. Бундай уқалаш ҳам терини юмшатади, ҳам қон айланишини яхшилайди.
Агар товонингиз билан бир пайтда тирсагингиз ҳам қуриб қолишни бошласа, дарров шифокор кўригига шошилинг, чунки бу икки аъзонгиз буйрагингизда муаммо борлигидан огоҳлантираяти. Замона зайлига мослашиб, педикюр пайпоқларидан фойдаланишни одат қилинг. Бундай пайпоқлар ишингизни осонлаштиради. Пайпоқни маълум вақт кийиб юрсангиз кифоя, қарабсизки натижаси кўзни қувнатади. Ёки автоматлаштирилган купиктошдан биттагина сотиб олинг, батареяларини алмаштириб турсангиз, узоқ йиллар беминнат хизмат қилади.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш