ru uz
Атмосфера босими

Атмосфера босими доимо тебраниб туради, чунки ер сатҳининг бир текисда қизимаслиги ва ҳаво оқимларининг ўзгариб туриши сабаблидир, аммо бундай тебраниш унчалик катта қийматларда бўлмайди ва кўпчилик одамлар бу ўзгаришларни деярли сезмайдилар. Бироқ атмосфера босимининг ўзгариши атмосфера ҳавосининг таркибига кирувчи айрим газларнинг организмдаги суюқликларда эриш хусусиятларини ўзгаришига сабабчи бўлади ва организмга шу нуқтаи-назардан сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Бундай таъсирлар оқибатида келиб чиқадиган касалликлар ҳақида ҳаво муқитининг кимёвий таркибига гигиеник таъриф берилганда тўлиқ ва батафсил баён қиламиз.

Бундан ташқари, атмосфера босими об-ҳавонинг ўзгариши натижасида ҳам ўзгарганлиги туфайли, айниқса метеолабил (метеосезгир) одамлар организмида бир қатор ўзгаришларни келтириб чиқаради.

Ҳаво муҳитининг электрланиш ҳолати ҳаво таркибидаги аэро ва гидроионларнинг бўлиши билан боғланиб баҳоланади. Бундай ионлар манфий ва мусбат ионлардан ташкил топган бўлиб, улар ҳаво молекуласи ва атомларига ионлантирувчи нурлар, қисқа тўлқинли ультрабинафша нурлар, электр учқунлари каби омиллар таъсир кўрсатганда хосил бўлади. Манфий ионлар "енгил" ионлар хисобланиб, улар ўзларига чанг заррачаларини бириктириб олиши натижасида "оғир" ионларга айланиб қолади.

Тоза ҳаво муҳити ўз таркибида енгил ионларни купроқ ушлайди. Мас., 1 м3 тоғ ҳавоси таркибида 1000-1500  жуфт енгил ионлар бўлади.. Ҳаво таркибида оғир ионларнинг кўпайиши муҳим санитар аҳамиятга эгадир, чунки бундай ҳавони ифлосланган ҳаво муҳити сифатида баҳоланади. Одам организмига енгил аэроионларнинг таъсири натижасида биокимёвий реакциялар стимулланади, шунинг учун организмни умумчиниқтирувчи омил сифатида физиотерапия амалиётида енгил ионлар билан даволаш амалга оширилади., Енгил ионлар ақлий толиқиш жараёнларини тезда мувофиқлаштиради, айрим касалликларни даволаш мақсадларида ҳам фойдаланилади (гипертония, стоматит касалликлари).

Ҳаво муқитининг радиоактивлиги ҳам табиий  ва ҳам антропоген омилларга боғлиқдир. Табиий омиллар қаторига космик нурланишлар, ҳамда табиатда бор бўлган радионуклидлар- ҳаво, тупроқ, сув ва бошқа объектлардаги радионуклеидлар хисобига бўлиши мумкин. Ҳаво муҳитининг табиий радиоактивлиги унчалик юқори эмас, мас., Ўзбекистон республикасининг вилоятларида табиий радиоактив фон 15-25 мкр\соатни ташкил қилади. Шу билан бирга инсон томонидан радиоактив моддаларни қўллаш (ядровий синовлар, атом электростанцияларида улардан фойдаланиш,тиббиётда радиопрепаратларни қўллаш) натижасида, айрим вазиятларда ер юзидаги радиоактив фонннинг ошиб кетиш ҳоллари кузатилиши мумкин (АЭС-да кузатиладиган авариялар, РМ-ларни нотўғри сақлаш ва улардан фойдаланиш жарарёнида техника ҳавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик ва ёки бу қоидаларни қўпол равишда бузиш, радиоактив чиқиндиларни нотўғри зарарсизлантириш).

Атмосфера ҳавосининг табиий кимёвий таркиби тропосфера қатламида нисбатан барқарорлиги яъни деярли ўзгармаслиги билан таърифланади ; азот- 78,08%, кислород-20,95%, карбонат ангидрид гази- 0,03% ва 1% дан бироз ортиқча миқдорда инерт газлар ташкил қилади.

Аммо инсонларнинг хўжаликдаги жадал фаолиятлари туфайли атмосфера ҳавосининг кимёвий таркиби кескин ўзгариша учради. Шунинг учун бугунги кунда Ер куррасида ифлосланмаган ҳаво муҳити  қолмади десак муболаға бўлмайди. Шунга қарамасдан ҳавонинг физиологик ва гигиеник аҳамияти биринчи навбатда унинг табиий кимёвий таркибига боғлиқдир.

Амалда ҳаво таркибидаги ҳамма газлар планетадаги ички муҳит- ернинг таркиби, космик моддалар,сув таркибига боғлиқдир. Бунга фақат кислород газини киритмаслик мумкин, чунки Ерда кислородининг пайдо бўлиш сув буғларининг диссоцияацияси туфайли хосил бўлгандир. Бу жараён бугунги кунда ҳам мовжуд ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Ерда ҳаётнинг пайдо булиши, анорганик моддалардан органик моддаларнинг синтезланиши (фотосинтези) туфайли хосил бўлиши, ер атмосфераси таркибидаги кислородни тўлдириб турувчи муҳим шароитлардан биридир. Шунга кўра, ер сатҳидаги яшил ўсимликлар (денгизлардаги фитопаланктонлар, ўрмонлар, ер сатҳининг ўтлар ва ўсимлик дунёси билан қопланганлиги) планетамиз учун "ЎПКА" вазифасини бажаради.

Кислород гази жуда катта физиологик аҳамиятга эгадир, чунки бу газсиз организмда оксидланиш-қайтарилиш жараёнларини кетишини тасаввур қилиш мумкин эмас. Одам организми тинч ҳолатда бўлганда минутига ўрта хисобда 350 мл, жисмоний меҳнат бажарганда - минутига 5000 мл. гача кислород сарфлайди. Одам организмида амалда кислород захираси бўлмайди, қоннинг кислород билан тўйиниши эса, кислороднинг порциал босими 160 мм с.у. га тенг бўлган ва ёки бу қийматга яқин бўлган ҳоллардагина кузатилиши мумкин ва бундай шароитга одам организми ўзининг эволюцион ривожланиши жараёнида мослашиб қолгандир. Кислороднинг бундай даражадаги порциал босими фақат нормал атмосфера босими шароитидагина кузатилади. Ер сатҳидан юқорига кўтарилиш билан атмосфера босимининг пасайиши кузатилиб, бунда кислороднинг ҳам порциал босими камаяборади.

Кислороднинг порциал босимини пасайишида организмдаги қоннинг кислород билан тўйинмаслигини ва кислородга бўлган танқислик қолатини келтириб чиқаради. Одам организми амалда ер сатҳидан 1 км баландликгача кўтарилганда гипоксия ҳолатига учрамайди, чунки кислороднинг порциал босими у билан қоннинг тўйинтириш қобилиятига эга бўлади. 1,5-3 км баландликгача кўтарилганда одам организми бундай шароитга тез мослаша олиш хусусиятига эгадир, чунки бу жараён эритроцитлар таркибидаги захира кислороднинг ва гемоглобин таркибидаги кислороднинг мобилизация қилиниши хисобига; ҳамда ўпка вентиляциясининг физиологик тезлашиши хисобига содир бўлади (тўлиқ компенсацияланиш зонаси). Ер сатҳидан 3 км дан 6 км баландликгача кўтарилганда тўлиқ мослашиш кузатилмайди, 7 км дан юқориси эса критик зона хисобланади. 8 км ва ундан юқори км-ларга кўтарилганда одам организми қўшимча техник воситаларсиз фаолият кўрсата олмайди (ўлим зонаси). Шунинг учун айтиш лозим-ки, 2-3 км дан юқори баландликларга кўтарилишда жисмонан чиниқмаган шахслар организмида нафаснинг сиқилиши, метеоризм, кўнгил айниши, бадан ва юз терисининг бўзариши, бош оғриши, бурундан қон кетиши, лабларнинг бўзариши яъни гипоксия ҳолати белгилари келиб чиқади. Бундай ҳолатнинг келиб чиқмаслигини олдини олиш учун биринчи навбатда баданни чиниқтириш, жисмоний тарбия машқлари билан шуғулланиш катта аҳамиятга эгадир. Юқоридаги ҳолатнни тиббий тилда баландлик ёки тоғ касаллиги деб номланади. Бизнинг республикамиздаги айрим вилоятларидаги тоғли ҳудудларда тоғлик халқлар яшайди, бу аҳоли яшаш жойларининг ер сатҳидан баландлиги 3 ва ундан кўпроқ км ларга тенгдир, аммо бу қишлоқларда яшовчи аҳоли ўртасида тоғ касаллигининг белгилари умуман кузатилмайди, чунки уларнинг организми шу шароитга узоқ муддат давомида яшаганлиги сабабли мослашиб кетган ва ҳаводаги кислороднинг порциал босими ҳам, атмосфера босимининг пастлиги ҳам улар организмига салбий таъсир кўрсатмайди.

Юқори баландликларда парвоз қилувчи авиалайнерларнинг пассажирлари ҳам гипоксия ҳолатини бошидан кечирмайдилар, ваҳоланки самолётнинг учиш баландлиги 8-10 км ни ташкил этса ҳам, чунки самолёт салони герметик беркилган бўлиб ва салонда сунъий равишда ҳаво босими 720-730 мм симоб устунига тенг қилиб ушлаб турилади.

Кислороднинг физиологик аҳамиятидан ташқари санитар-гигиеник аҳамияти ҳам жуда муҳимдир: ҳаво кислороди ер юзидаги органик ва анорганик моддаларни оксидлайди (ҳаво, сув, тупроқ), натижада шу муҳитларнинг тозалигини таъминлайди яъни шу муҳитларни соғломлаштиради.

Атомсфера ҳавоси таркибида карбонат ангидрид гази 0,03-0,04% ташкил қилади ва бу газнинг аҳамияти ҳам жуда муҳимдир. СО2 газининг физиологик аҳамияти шундан иборат-ки, унинг концентрацияси катта бўлмаган миқдорларда нафас олиш марказини кўзғотиш хусусиятига эгадир, шу билан бирга нафас олиш актини яхшилайди. Аммо, унинг концентрацияси 1% еки 2% ни ташкил этса, нафас етишмаслиги, нафас олишнинг тезлашиши ҳолатлари кузатилади, 4% дан ортиқ бўлганда эса организмга захарли таъсир курсатади.

Орқага Чоп этиш