1 Марта Всемирный день иммунитета. осталось: 1 кун!
4 Марта Всемирный день борьбы против туберкулеза. осталось: 4 куни!
ru uz
Глюкоза ва лактоза

Глюкоза (альдегидоспирт) барча энг муҳим полисахаридлар – крахмал, гликоген, целлюлозанинг асосий тузилмавий мономеридир. У овқат билан бирга мевалар, тар мевалар, сабзавотлар таркибида алоҳида ҳолда, шунингдек, энг

кўп тарқалган дисахаридлар –  сахароза , мальтоза, лактозанинг таркибий қисми сифатида ҳам тушади. Глюкоза тез ва қарийб тўлиқ хажмда ошқозон-ичак йўлларида сўрилиб, қонга ўтади ва барча аъзолар ҳамда тўқималарга

 узатилиб, қувват пайдо бўлиши билан кечадиган оксидланишда иштирок этади. Қондаги глюкоза миқдори бир қатор аминокислоталар миқдори сингари инсон бош миясида овқатланиш хулқи ва иштаҳасини мувофиқ  шакллантирадиган тузилмалар учун сигнал бўлади.  Глюкозанинг ортиқчаси зудлик билан тўпланувчи триглицеридларга айланади.                                                 

Озиқ-овқат маҳсулотларидаги табиий қанд миқдори, 100 г,  г (камайиш тартибида)

                                                                                         

Маҳсулот

Умумий қанд

Глюкоза

Фруктоза

Сахароза

                          Мевалар, тар мевалар, цитрус мевалари

Узум                       8,7 ... 17,3        3,3 ... 8,6            4,9 ... 7,8        0,1 ... 0,9

Гилос                      9,5 ... 16,0       5,1 ... 8,7             4,2 ... 7,2        0,2 ... 0,4

Олма                          6 ... 15           1,0 ... 2,8            3,6 ... 7,6        0,5 ... 5,5

Банан                           14                    2,67                    2,67                  7,2

Олхўри                   6,3 ... 10,8        1,4 ... 3,6             0,6 ... 2,2       3,6 ... 7,2 

Ўрик                       3,35 ... 10,4      0,5 ... 2,0             0,3 ... 0,84     2,45 ... 8,45

Апельсин                7,1 ... 9,7         1,8 ... 2,9             1,9 ... 3,1       2,9 ... 3,7

Нок                          5,8 ... 9,7         0,5 ... 1,8             4,2 ... 6,6       0,7 ... 1,7

Малина                   3,7 ... 9,3         1,4 ... 2,7             1,5 ... 3,2       0,7 ... 3,3

Шафтоли                4,65 ... 8,60     0,7 ... 1,4             0,6 ... 1,6         3 ... 6

Грейпфрут                  6 ... 8           1,9 ... 2,4            1,9 ... 2,8        1,7 ... 3,8

Қорағат                         7,96                 3,3                      3,68               0,95

Черника                    4,8 ... 7,4        2,1 ... 3,3            2,1 ... 3,6         0,18 ... 0,65

Қулупнай                 3,95 ... 5,90     1,45 ... 2,40       1,1 ... 2,8          0,3 ... 2,5

 

                                                Сабзавотлар

Лавлаги                    7,0 ... 10,5            0,28                 0,25               6,7 ... 9,5

Қовун                              9                     1,1                    2                      5,9

Тарвуз                            8,7                   2,4                   4,3                      2

Пиёз                          4,5 ... 6,6          1,1 ... 2,5           1 ... 2               1,1 ... 3,15

Сабзи                       3,9 ... 5,8            1,3 ... 2,1        1,2 ... 1,5           0,8 ... 2,3

Карам                      3,1 ... 5,4            1,6 ... 2,6         1,3 ... 2,3           0,1 ... 0,6

Қовоқ                             4,42                  1,69                 1,43                   1,3

Жўхори                          3,68                  0,34                 0,31                   3,1

Помидор                  2,3 ... 3,4             1 ... 1,5           1,2 ... 1,75        0,04 ... 0,24

Яшил чучук            2,3 ... 3,3             1,2 ... 1,6           1 ... 1,5           0,04 ... 0,24

қалампир

Артишоклар                  2,1                     0,5                   1,5                     0,6

 

 

Фруктоза эса глюкозадан фарқли ўлароқ кетоспиртдир ва унинг организмда тарқалиши ва метаболизланишининг динамикаси бошқачароқдир. У ичакларда қарийб икки марта секинроқ сўрилади ва жигарда кўпроқ миқдорда ушланиб қолади. Фруктоза ҳужайравий алмашинув жараёнларида глюкозага айланади, аммо бунда қондаги глюкоза концентрациясининг ошиши силлиқ ва аста-секин юз беради, инсуляр аппаратни  қамроқ зўриқтиради.  Айни пайтда фруктоза глюкозага нисбатан қисқароқ метаболик йўлдан липонеогенез жараёнларига жалб этилади ва ёғлар захирада тўпланишига имкон яратади.  Таркибида фруктоза бўлган озиқ-овқат таркибий қисмлари билан бойитилган маҳсулотлар (мальтодекстринли жўхори қиёми)ни мунтазам истеъмол қилувчи шахслардаги тана вазнининг ижобий динамикасини ўрганиш ёрдамида олинган бир қатор янги маълумотлар шу билан изоҳланади.  Фруктозанинг ҳаддан ташқари кўп тушиши қонда С-пептид концентрациясининг ошишига олиб келадики, бу иккинчи турдаги қандли диабет ривожланишидаги  инсулинрезистентлик  даражаси ошиши билан ифодаланади. Фруктоза озиқ-овқат маҳсулотларидан асал ва меваларда эркин ҳолда учраса, топинамбур (ернок), сачратқи ва артишоклар таркибидаги инсулин фруктозали полисахариди кўринишида ҳам мавжуд бўлади.

Галактоза организмга сут қанди (лактоза) таркибида тушади.  Эркин ҳолда у йогурт каби баъзи бир ферментланган сут маҳсулотларида бўлиши мумкин. Галактоза жигарда глюкозага айланади.

Сахароза ёки истеъмол шакари саноат миқёсида ишлаб чиқарилувчи  дисахариддир. Қанд лавлаги (14 ... 25 % шакар бор) ва шакарқамиш (10 ... 15 % шакар бор) уни ишлаб чиқариш учун асосий хом-ашё сифатида  хизмат қилади.  Қовун, тарвуз, баъзи бир сабзавотлар, мевалар ва тар мевалар овқатланишдаги табиий сахароза манбаидир. Сахароза осон ҳазмланади ва тезгина глюкоза ва фруктозага парчаланади, улар эса кейин ўзларига хос бўлган алмашинув жараёнларига жалб этилади.

Айнан сахароза нинг кўпгина маҳсулотлар (қандолатчиик маҳсулотлари,  конфетлар, мурабболар, ширинликлар, музқаймоқ, салқин ичимликлар)нинг аҳамиятли таркибий қисми сифатида фойдаланилиши ҳозирги пайтда ривожланган мамлакатларда умумий хажмда тушаётган моно ва дисахаридларнинг улуши 50 % ва ундан ҳам кўпроқ (тавсия этилувчи 20 % ўрнига) қача ошишига олиб келмоқда. Натижада пасаяётган қувват сарфланиши фонида инсуляр аппаратга тушадиган алиментар  юклама кўпаяди,  қондаги инсулин даражаси ошади,  қоннинг липид манзараси бузилади.  Буларнинг бари юқорида санаб ўтилган касаллик ҳолатларига асосланадиган қандли диабет, семизлик, атеросклероз ва кўпгина касалликларнинг  ривожланиши хавфи ошишига замин яратади.

Лактоза сут ва сутли маҳсулотлардаги асосий углевод (галактоза ва глюкоза молекулаларидан иборат) бўлиб, болалар овқатланиши учун углеводлар манбаи сифатида катта аҳамиятга эгадир.  Катталар рационининг углевод таркибида  унинг  улуши бошқа манбалардан фойдаланиш ҳисобига сезиларли камаяди. Боз устига катталарда, баъзан эса болаларда ҳам сут қандини парчалайдиган лактаза ферментининг фаоллиги пасайган бўлади. Қаймоғи олинмаган сут ва ундан тайёрланадиган маҳсулотларни кўтара олмасликнинг асорати диспептик бузилишлардан иборат бўлади. Овқатланишда қатиқ маҳсулотлари (кефир, йогурт, сметана, шунингдек, творог ва пишлоқ) дан фойдаланиш одатда бунақанги касаллик манзарасини келтириб чиқармайди. Сутни кўтара олмаслик  Европадаги 30 ... 35 % катта ёшли аҳолида учраса, айни пайтда Африкада яшовчиларда бу кўрсаткич 75 % дан баландроққа етади.

Мальтоза ёки чучукмия қанди, эркин ҳолатда асалда, чучукмияда, қиём ва қиём қўшиб тайёрланадиган маҳсулотлар ( қандолатчилик ва нон маҳсулотлари) да учрайди. Организмда мальтоза оралиқ маҳсулотдан иборат бўлади ва ошқозон-ичак йўлларида полисахаридларнинг парчаланишидан ҳосил бўлади. Кейин у иккитагача глюкоза молекуласини боғлаб олади.

Баъзи мева (олма, нок, шафтоли) ларда  ва бир қатор сабзавотларда учрайдиган қанднинг спиртли шакли – сорбит глюкозанинг тикланган шаклидир. У очлик ҳиссини пайдо қилмай ва инсуляр аппаратни зўриқтирмай, қондаги глюкоза миқдорини бир меъёрда ушлаб тура олади. Сорбит ва бошқа кўп атомли спиртлар – ксилит, маннит ёки уларнинг аралашмалари,  ширин  таъмга  эга   бўлиб  (глюкоза  ширинлигининг 30 ... 40 % и), кенг кўламдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноатида, биринчи навбатда эса қандли диабет билан оғриган беморлар овқатланишида, шунингдек, сақичлар ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Кўп атомли спиртларнинг камчиликлари уларнинг ичакларга таъсир қилиши:  ични юрғизиши ва ел йиғилишини ошириши сифатида намоён бўлади.

 

Манба: Г.Шайхова "Овқатланиш гигиенаси"

Орқага Чоп этиш