6 Июля Ещё тестовое событие). осталось: 1 кун!
ru uz
Овкатланиш тартиби ва овқатланаш гигиенаси

Одам ҳаёт фаолиятини сақлаши, меҳнат қилиши, ўсиб, ривожланиши учун ташқи муҳитдан овқат моддаларини қабул қилади. Овқат ҳазм қилиш каналида механик майдаланади, химик парчаланади, сўрилади.

Овқатланиш – энергия сарфини қоплаш, ҳужайралар ва тўқималарни тузиш ва янгилаш, организм функцияларини идора қилиш  учун организмга  зарур  озиқ-овқат моддаларининг кириши, ҳазм бўлиши, сўрилиши ва сингиши жараёнларининг йиғиндисидир. Алмашинув жараёнларига ҳазм йўлларида сингигандан кейин сўрилган овқатнинг таркибий қисмларигина қўшилиши мумкин. Зарур миқдордаги оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витамннлар, биоген моддалар ва сув керакли нисбатда орга­низмга киритилган тақдирдагина овқатланиш организмнинг нормал ҳаёт фаолиятини таъминлайди.

Организм учун кальций, фосфор, калий, натрий, марганец, кобальт, мис, рух, бром, йод, олтингугурт, темир ва бошқа микро ва макроэлементлар ҳам жуда зарур. Агар бирор минерал моддалар етишмаса, турли хил касалликлар юзага чиқади. Масалан, организмда кальций етишмаса, нерв ва мускул қўзғлувчанлиги кучаяди, бу спазмофил касаллигига олиб келади, йод етишмаса, қалқонсимон безнинг фаолияти бузилиб, бўқоқ касаллиги пайдо бўлади, натрий хлорид кўпайиб кетса, ҳарорат  кўтарилади.

Сув одам организми барча ҳужайра ва тўқималарининг таркибий қисмига киради. Жумладан, қоннинг 92% и, мия тўқимасининг 84% и, тана мускулларининг 70% и, суякларнинг 22% и сувдан иборат. Катта ёшдаги одамларнинг танасини           50-60%  ини сув ташкил қилади, ёшларда сув миқдори бундан кўпроқ бўлади. Масалан, чақалоқ тана массасининг 80% ини сув ташкил этади. Организмдаги барча кимёвий жараёнлар сув иштирокида бўлади. Агар одам овқат истеъмол қилмай, фақат меъёрида сув истеъмол қилса, у 40-45 кунгача унинг тана массаси 40% камайгунча яшаши мумкин. Аксинча, овқат меъёрида бўлиб, сув истеъмол қилинмаса, тана массаси 20-22% камайса, бир ҳафтага етар-етмай одам ҳалок бўлиши мумкин. Одамнинг суткалик сув баланси 2,2-2,8 л.

Овқат ҳазм қилиш органлари ва уларнинг вазифалари.

Овқат ҳазм қилиш органлари – бу мураккаб жараён бўлиб, физик ва кимёвий ўзгаришлар натижасида майда заррачаларга парчаланиб ошқозон ва ичак бўшлиғидан қонга ва лимфага сўрилади. Овқатни парчаловчи ферментлар уч группага бўлинади.

    • протеазалар – оқсилларни парчаловчи ферментлар;
    • липаза – ёғларни парчаловчи ферментлар;
    • карбогидразалар – углеводларни парчаловчи ферментлар.

Бу ферментлар тил ости, жағ ости, қулоқ олди, ошқозон ва ичакларнинг шиллиқ қавати остида жойлашган безлардан ҳамда ошқозон ости безидан ишлаб чиқарилади. И.П.Павлов ва унинг шогирдлари овқат ҳазм қилиш органларининг функцияларини ўрганганлар. 1842 йилда Москвалик хирург В.А.Басов биринчи бўлиб, ошқозоннинг шира ажратишини ўрганиш учун итларда операция йўли билан ошқозонга фистула ўрнатиш усулини яратган.

Овқат ҳазм қилиш системасига оғиз бўшлиғи, ҳалқум, қизилўнгач, ошқозон, ўн икки бармоқли ичак, ингичка ва йўғон ичаклар ҳамда ошқозон ости бези ва жигар киради.

Овқат ҳазм қилиш органларининг организмдаги жойлашуви

Оғиз бўшлиғи – тишлар, тил ва сўлак бези каналчалари бўлади. Тишлар 2 хил бўлади: сут тишлари 20 та, доимий тишлар 32 та. Устки жағда 16 та, пастки жағда 16 та тишлар бўлиб, шундан: 2 таси кесувчи (курак), биттаси қозик, 2 таси кичик озиқ тиши ва 3 таси катта озиқ тишлардир. Доимий тишларнинг 28 таси 12-14 ёшгача чиқади, 4 таси яъни юқори ва пастки жағлардаги охирги катта озиқ тишлар (ақл тишлари) 18 ёшдан кейин чиқади. Тил оғиз бўшлиғида жойлашган, мускулдан ташкил топган, овқатни қориштириш, томоққа ўтказиш, сўзларни талаффуз қилишни таъминлайди. Тил 3 қисмдан: тил учи, танаси, илдиздан иборат. Тил усти шиллиқ қаватдан сезувчи нервларнинг учи ширин, илдиз қисмида аччиқ, ён томонидан шўр, нордон таъмни сезувчи рецепторлар бўлади.

Сўлак бези – оғиз бўшлиғида 3 жуфт: тил ости, жағ ости, қулоқ олди сўлак безларининг каналчаларига йўл очилади. Сўлакда птеалин ферменти бўлади.

Томоқ (ҳалқум) – оғизнинг давоми, у шиллиқ ва мускул қаватидан иборат. Катта  одамда 15 см узунликда бўлади. У 3 қисмдан: бурун, оғиз ва ҳиқилдоқ қисмлардан иборат.

Қизилўнгач – ўртача 23-25 см бўлиб, шиллиқ ва мускул қаватдан иборат.

Ошқозон – 4 қисмдан: кириш, туби, танаси ва чиқиш қисмлардан иборат бўлиб, катта одамларда унинг ҳажми 2,5 литр атрофида бўлади. Ошқозоннинг ички шиллиқ пардаси остида 14 млн. га яқин безлар бўлиб, улар пепсин, липаза, хлорид кислота ажратади.

Пепсин оқсилларни, липаза ёғларни парчалайди, хлорид кислотаси эса, пепсин ферментини активлигини оширади. Бу безлардан 1 суткада 3 литрга яқин ошқозон шираси ажралади. Физик ва кимёвий ўзгаришлар бўлиб, ошқозондан           12 бармоқли ичакка ўтади. Аралаш овқатлар ошқозонда 3-4 соат, ёғли овқатлар   5-6 соат сақланади. Сув, сут, нон, ширинликлар 2-3 соат сақланиб қонга сўрилади. Ферментлар ва хлорид кислота кам ажралганлиги туфайли овқатнинг парчаланиши қийинлашиб, у ошқозонда узоқ вақт (6-8 соат) туриб қолади. Натижада одамнинг иштаҳаси пасаяди, кўнгли озади, қувватсизланади.

12 бармоқли ичак. Бу ичакнинг бош қисми узунлиги 12 бармоқ энига тенг (25-30 см) бўлади. Ошқозон ости бези суюқлигининг таркибида оқсилни парчалайдиган трепсин, ёғларни парчалайдиган липаза ва углеводларни парчалайдиган амилаза мавжуд. 12 бармоқли ичак жигардан қуйиладиган ўт суюқлиги овқат таркибидаги ёғларни эмулция ҳолатига келтиради ва липаза ферментининг активлигини оширади. Катта одамда суткада 12 бармоқли ичакка 500-800 мл ошқозон ости бези суюқлиги, 700-1200 мл ўт суюқлиги қуйилади.

Ингичка ичак – узунлиги катта одамда 6-7 м, кенглиги 2,5-3 см бўлади. Ичакнинг ички қисми шиллиқ қаватдан ва майда безчалардан иборатдир. Улардан ажраладиган суюқлик таркибида оқсилларни парчаловчи энтерокиназа, ёғларни парчалайдиган липаза ва углеводларни парчалайдиган амилаза ферменти бўлади.

Ингичка ичак шиллиқ қаватининг 1 мм сатҳида 30-40 та ворсинка, юзасида    4 млн. га яқин ворсинка бўлади. Ингичка ичакда овқатнинг ҳазм бўлиши 6-8 соат давом этади.

Йўғон ичак – узунлиги катта одамда 1,5 м бўлади ва ингичка ичак атрофида жойлашиб тўрт қисмдан иборатдир: кўричак ва унинг чувалчангсимон ўсимтаси (аппендикс), сигмасимон ичак, тўғри ичак. Йўғон ичак деворидаги мускул қаватининг ҳаракати ингичка ичакка нисбатан секин бўлади, шу сабабли овқат  18-20 соатгача сақланиб қолади. Йўғон ичакда асосан сув, минерал тузлар сўрилади, оқсилларнинг фақат 3 % и, углеводларнинг 2% и сўрилади.

Жигар – организмнинг энг катта бези бўлиб, массаси 1500 гр. га тенг. Қорин бўшлиғида ўнг қовурғалар ёйи остида жойлашган. Жигар ўт суюқлиги ишлаб чиқаради, бу ўт пуфагида тўпланиб, 12 бармоқли ичакка қуйилиб овқатдаги ёғларни ҳазм қилдиради. Жигар қуйидаги вазифаларни бажаради: дарвоза венасини ҳосил қилган вена қон томири овқатдаги ва қондаги захарли моддаларни захарсизлантиради ва қон депоси ҳисобланади. Бу ерда 10% қон запаси сақланади, ўлган эритроцитлар жигарда тўпланади, болаларда эса эритроцитлар ҳосил бўлади, Купер ҳужайраларида 700-1200 мл. ўт суюқлиги ишлаб чиқарилади, жигар ортиқча глюкозани гликоген сифатида запас сақлаб туради, жигар тана температурасини турғун сақлашда иштирок этади. Жигардан доимий равишда овқатлангандан     20-30 минутдан сўнг ўт ажралиб чиқади ва 12 бармоқли ичакка қуйилади. Ўт ёғларни эмулциялайди, сувда яхши эришини тезлаштиради, овқат ҳазм қилиш каналини ҳаракатини яхшилайди, ичакдаги микробларни ўлдиради. Боланинг ёши ортиши билан жигарнинг ҳажми, оғирлиги, тузилиши ўзгариб боради. Янги туғилган болада жигарнинг оғирлиги 130 г, 2-3 ёшда 460 г, 6-7 ёшда 675 г, 8-9 ёшда 720 г, 12 ёшда 1130 г, 16 ёшда 1260 г. ни ташкил этиб, болалар ўт кислотасининг концентрацияси ва миқдори кам бўлади.

Ошқозон ости бези – катталиги жиҳатидан жигардан кейин иккинчи ўринда туради. Унинг оғирлиги 70-80 г., катталиги 3-4 см., бўйи 17 см. У 3 қисмдан: бош, тана, думдан иборат. Ошқозон ости бези аралаш бездир. Унинг Лангерганс оролчалари деб аталадиган қисм ҳужайраларидан инсулин гармони ишлаб чиқарилади. Бу қонга қуйилиб, қанд алмашинувини бошқаради. Ҳамда инсулинни кам ишлаб чиқарса, қандли диабет касаллиги пайдо бўлади.

Овкатланиш тартиби ва овқатланаш гигиенаси.

Боланинг бир кунда ейдиган овқати шу вақт ичида сарф этилган энергия ўрнини қоплаши ва ўсишни таъминлаши керак. Болаларни овқатлантиришда овқат таркибидаги маҳсулотлар нисбатини инобатга олиш керак. Умумий таълим мактабларида ва мактаб интернатларида, ўқув юртларида биринчи сменадаги ўқувчиларга эрталабки нонушта 7.30 дан 8 гача бир кунлик рационнинг 25% и, иккинчи нонушта 11-12 да рационнинг 15-20% ини, мактабдан қайтгандан сўнг тушлик ейиши керак, бу рационнинг 35% и ташкил этади, кечки овқат 19-20 да овқат рационини 20-25% и ташкил этиши керак.

Озиқа моддалари энергия манбаи ва қурилиш материали ҳисобланади. Шунинг учун улар тўла қимматли овқат ейишлари керак. Шундагина улар яхши ўсади, турли касалликларга чидамли бўлади. Болалар овқати барча зарурий моддалардан, ўсимлик ва ҳайвон маҳсулотларидан, сифатли маҳсулотлардан ва етарли даражада бўлиши, тўқ тутиши керак. Овқатланишни тўғри ташкил қилиш катта аҳамиятга эга. Овқатланишда шахсий гигиенага, стол атрофида ўзини тутишга, дастурхон гўзаллигига риоя қилиш керак.

 Овқатдан заҳарланиш ва унинг белгилари.

Ҳаётда овқатдан заҳарланиш кўп учраб туради. Заҳарланиш бактериал ва бактериясиз турларига бўлинади. Бактериал захарланиш турига салмонеллёз киради. Бу салмонеллалар тушган овқатни еганда ривожланади. Бу овқат турларига гўшт, тухум, сут маҳсулотлари киради. Бундан ташқари, пичоқ тахталар, столларда, рулда бу микроблар бўлиши мумкин. Улар пашша, сичқон, каламуш, ит, мушук орқали ҳам юқади. Заҳарланиш белгилари: бир кун ўтгач, ўт пуфаги атрофида оғриқ, пайдо бўлади, қусади, ич кетади, бош оғрийди, тиришишади, совуқ тер босади.

Ботулизм табиатда кенг тарқалган ботулинус таёқчаси билан зарарланган овқатни истеъмол қилиш орқали одам ўткир заҳарланади. Одам заҳарли консервалар, қўзиқорин, тузланган балиқ, дудланган маҳсулотлар, гўшт орқали юқади. Бир неча соат ўтгач, заҳарланиш белгилари пайдо бўлади. Мускуллари бўшашади, кўзи яхши кўрмайди, оғзи қурийди, нутқи бузилади, ютиши ва нафас олиши қийинлашиб, бемор ҳалок бўлиши мумкин. Терисига яра чиққан, ангина, коньюктивит билан оғриган кишилар инфекция ташувчи бўладилар. Одамнинг томоғида, бурун шиллиқ қаватида, терида, ичагида касаллик микроблари бўлади. Бу микроблар сут, балиқ, маҳсулотларида, сабзавотларда бўлади. Бунда одам қусади, қоринда оғриқ пайдо бўлади, ҳарорат кўтарилади. Дизентерия дизентерия таёқчалари орқали юқади. Асосан ифлос қўл орқали ўтади ва ниҳоятда юқумли ҳисобланади.

 

Орқага Чоп этиш