Нафас олиш жараёни туфайли организм атрофдаги муҳитдан кислородни олиб, карбонат ангидрид гази ва сув буғларини ташқарига чиқариб туради, яъни организм билан унинг атрофидаги муҳит ўртасида газлар алмашиниб туради.
Одам организмида содир бўладиган оксидланиш жараёнлариниг асосий қисми кислород иштирокида юзага келади. Шунинг учун ҳаётнинг давомийлиги, организмга доимо кислород кириб туриши билан боғлиқдир. Парчаланиш жараёнларининг маҳсулоти карбонат ангидриддир, у жараёнларнинг давом этиши учун ташқарига чиқиб туриши шарт. Ана шу жараённи нафас олиш органлари юзага келтиради. Кислородни ўпкадан тўқималарга, карбонат ангидридни тўқималардан ўпкага қон ташиб беради.
Шундай қилиб, организмда газлар алмашинуви учта жараёндан иборат:
Нерв тўқимаси организмда кислород етишмовчилигига ҳаммадан сезгир тўқима ҳисобланади. Бу тўқима оқсидланиш-қайтарилиш жараёнларининг бузилишига бошқалардан кўра эртароқ реакция кўрсатади.
Нафас олиш органларининг аҳамияти яна шундаки, бу органлар ҳидларни идрок этишда ва товушларни талаффуз қилишда иштирок этади.
Одам ҳавода карбонат ангидрид миқдори 2-3% гача ортишига чидай олади. Агар у 4-5% га этса, юрак қисқариши тезлашади, боши оғрийди, одам қусади, ҳушидан кетиши мумкин. Ҳаводаги сув буғи миқдори ташқи муҳит ҳароратига боғлиқ.
Нафас олиш органларига бурун бўшлиғи, бурун-ҳалқум, ҳиқилдоқ, трахея, бронхлар, ўпкалар киради.
Нафас олиш органларининг организмдаги жойлашуви
Бурун бўшлиғи. Кичик ёшдаги ўқувчининг бурни анча кичкина бўлади. Тахминан 5 ёшга борганда бурун кўтармаси йўқолиб кетади, 10-14 ёшдан бошлаб эса бурун орқасининг пешона суягига ўтиш чегарасида эгарсимон қаншар шаклланади. Бурун тешиклари бурун бўшлиғига кирадиган йўл бўлса, бурун бўшлиғидан чиқиш йўллари хоналардир. Улар катталардагига қараганда кичикроқ бўлади. Бурун бўшлиғининг шиллиқ пардаси тагидаги қатламда бир талай қон томирлар борлиги учун пушти рангда бўлади. Буруннинг қўшимча бўшлиқлари ва бурун кўз ёши каналининг тешиклари шунга очилади.
Бурун-ҳалқум. Бурун-ҳалқум оғиз ва бурун бўшлиғининг орқасида, лекин асосий суяк ва юқори бўйин умуртқаларининг олдида жойлашган. Бурун-ҳалқумда бодомча безлари ҳалқаси бор. Бодомча безлари болаларда ҳаётининг иккинчи йилида анча тез ривожланади. 4 ёшга келганда эса ҳаммадан кўп ривожланиб олади. Бурун-ҳалқум бўшлиғида аденоидлар деган ном билан аталадиган безсимон тўқима тузилмаси ҳам бор. Баъзи болаларда булар жуда катта бўлади ва бурун билан нафас олишга халақит беради. Бундай болаларни операция қилиб даволаш керак.
Ҳиқилдоқ. Бурун-ҳалқум пастга қараб давом этиб, ҳиқилдоққа айланади. Унинг асоси болаларда бирмунча юқори туради ва бир-бирига бириккан ҳаракатчан, тоғайлардан иборат бўлади. Шу тоғайларнинг энг каттаси қалқонсимон тоғайлардир. Қалқонсимон тоғайлардан юқорида кекирдак (эпиглоттис) ва чўмичсимон тоғай, пастда эса узуксимон тоғай ётади. Ҳиқилдоқ ички томонидан шиллиқ парда билан қопланган, шу парда юзида юқори бўлимида иккита бурма кўриниб туради. Булар товуш бойламларидир. Уларнинг орасида чин ва сохта бойламлар тафовут қилинади. Ҳиқилдоқда товушлар пайдо бўлиш механизми одатдагича нафас олиб турганда товуш бойламлари бўшашган бўлади.
Трахея. Трахея бўйиннинг олдинги юзасида жойлашган бўлиб, ҳиқилдоқнинг пастга қараб йўналган давоми ҳисобланади. Унинг пастки учи 5-6 кўкрак умуртқаси думига келиб иккита бронхга бўлинади. Трахея туташмаган тоғай ҳалқаларидан ташкил топган. Трахея ички томондан нозик шиллиқ парда билан қопланган. Унинг йўли шу қадар торки, шиллиқ пардаси яллиғланганда ёки трахеяга ёт жисмлар тушиб қолганда нафаснинг қийинлашиб қолишига сабаб бўлади. Трахеянинг юқори бўлимига ва қисман ҳиқилдоққа қалқонсимон без тақалиб туради.
Бронхлар. Бронхларнинг иккаласидан ўнг томондагиси гўё трахеянинг давоми бўлса, чап томондагиси ўткир бурчак остида чиқади, ўнг бронх иккинчисидан калтароқ бўлади. Ёт жисмлар кўпроқ ўнг бронхга тушиб қолади. Кичик ёшдаги ўқувчиларнинг бронхлари тор, тоғайлари юмшоқ, мускул ва эластик толалари анча суст ривожланган бўлади. Бронхларни қоплаб турадиган шиллиқ парда қон билан мўл-кўл таъминланади-ю, лекин бирмунча қуруқ бўлади.
Ўпка. Ўнг ва чап ўпка кўкрак қафасининг тегишли ярмида туради. Ҳар бир ўпка конусга ўхшаган бўлиб, устки қисми учи, пастки қисми эса асоси деб аталади. Болалар ўпкасининг ривожланиши миқдор ва сифат кўрсаткичлари билан ҳарактерланади. Алвеолалар ҳажми ортиб боради, тоғайсиз бронхлар ўсади. Бу болаларнинг нафаси ва газлар алмашинуви ҳолатига таъсир қилмасдан қолмайди. Охирги бронхиолалар кенгайиб, алвеоляр йўлларга айланади, бу йўлларнинг деворларида нафас эпителийсидан ташкил топган пуфакчалар ёки алвеолалар кўринишида дўмбаймалар бўлади. Алвеолаларнинг сиғими, ўпканинг нафасда иштирок этадиган юзаси ҳам аста-секин катталашиб боради. Ўпка ўқувчи 14 ёшга тўлганда ҳажми 10 баробардан кўра зиёдроқ катталашади.
2. Нафас олиш системасининг хусусиятлари.
Нафас акти. Нафас олиш ва нафас чиқаришнинг бир маромда алмашиниб туриши нафас акти деб аталади. Осойишта нафас олган пайтда ташқи қовурғалараро мускуллар, диафрагма ва кўкрак қафасини кенгайтирадиган бошқа нафас мускуллари қисқаради, шунинг натижасида плевра ичидаги босим пасайиб, ўпканинг кенгайиши учун шароит юзага келади. Шу вақтда атмосфера ҳавоси ҳаво ўтказувчи йўллардан бемалол кириб, алвеолаларни тўлдиради. Нафас олиш нафас чиқариш билан алмашинади, бунда нафас олишни таъминлаб берган мускуллар бўшашади, уларнинг антогонистлари эса қисқара бошлайди. Уларнинг ҳаммаси бир бўлиб кўкрак қафаси ҳажмини анча камайтиради. Алвеолалар ва нафас йўлларидан атрофдаги бўшлиққа ҳаво чиқиб кетиши шунга боғлиқ.
Нафас олиш тезлиги. Кўкрак қафаси нафас олиш ҳаракатларининг бир минутдаги сони нафас тезлиги деб аталади. Бола нечоғли ёш бўлса, шунча тез нафас олади. Нафас тезлиги аста-секин катталар нормасига яқинлашиб боради. Аёлларда нафас тезлиги минутига 18 бўлса, эркакларда 16 та. Ўғил болалар 8 яшарлик пайтида қиз болаларга қараганда тез-тез нафас олади. 10 ёшдан кейингина қизларнинг нафас олиши тезлашади. Машқ қилмаган одамда нафас тезлиги ортгандагина организмга келадиган кислород кўпайиши мумкин. Тез-тез нафас олинганда алмаштириладиган ҳаво миқдори шу қадар камайиб қоладики, одам нафаси қайтиб ҳансирай бошлайди. Болаларда кислородга ёлчимаслик нафас олиш тезлигининг кўпайишига сабаб бўлади.
Нафас чуқурлиги. Ҳар сафар ҳотиржам нафас олганда ўпкага кирадиган ва нафас чиқарганда ундан чиқадиган ҳаво ҳажмига нафас ҳажми деб айтилади. Нафас ҳажмининг миқдори нафас чуқурлигини белгилаб беради. Боланинг ёши улғайган сайин нафас чуқурлиги ортиб боради.
Минутлик ҳажм. Минутлик ҳажм ёки минутлик ўпка вентиляцияси деб 1 минутда нафас олинадиган ҳаво миқдорига айтилади. Бу ҳажм 1 минутдаги нафас ҳаракатлари сонига кўпайтирилган нафас ҳажмига тенг. Минутлик ҳажм боланинг ёши, жинси, мускул иши ва бошқа сабабларга қараб ўзгаради. Қиз болаларда нафас чуқурлиги ва ўпка вентиляциясининг камроқ бўлишига сабаб шуки, уларда нафаснинг кўкрак типи қарор топиб боради. Ўғил болаларда 6 ёшдан бошлаб минутлик ҳажм қиз болалардагига қараганда 100-400 мл. каттароқ бўлади. Болаларда минутлик нафас ҳажмининг ўртача миқдори аста-секин ортиб боради.
Ўпканинг ҳаётий сиғими. Ўпканинг ҳаётий сиғими деб, олдин чуқур нафас олиб туриб, кейин нафасдан чиқариш мумкин бўлган ҳаво миқдорига айтилади. Бу бир марта нафас олганда ўпкага тўлдириш мумкин бўлган энг кўп ҳаво ҳажмидир. Уни спирометр деб аталадиган асбоб ёрдамида ўлчаса бўлади. Турли ёш ва жинсдаги болаларда ўпканинг ҳаётий сиғими ҳар хил бўлади. Жисмоний иш, спорт машғулотлари натижасида ўпканинг ҳаётий сиғими ортади. Жисмоний нагрузка нечалик катта бўлса, нафас функцияси шунча кўп ўзгаради, нафас тезлиги ва чуқурлиги, ўпка вентиляцияси ортади. Бола тинч ҳолатда бўлганда ўпка ҳаётий сиғимининг фақат бир қисмидан фойдаланади. Қолган резерв кислородга эҳтиёж туғилганда сарфланиши мумкин. Ўпканинг ҳаётий сиғимини ошириш учун жисмоний машқлар, эрталабки бадантарбия, югуриш, чанғи учиш, эшкак эшиш ва куч етадиган жисмоний меҳнат билан шуғулланиш тавсия этилади. Ҳаётий сиғим билан қолдиқ ҳаво йиғиндиси ўпкадаги умумий ҳаво миқдорини ташкил этади. Нафас системаси яхши машқ қилдирилган болалар жисмоний нагрузкаларга яхши бардош берибгина қолмай, балки касалликларни, хусусан, нафас, юрак ва қон-томирлар системаси касалликларини ҳам енгил ўтказадилар.
Нафас маркази. Узунчоқ миянинг ўртадаги учдан бир қисмида бир гуруҳ нерв ҳужайралари бор, улар ўз фаолияти билан нафас мускулларининг қисқиришига сабаб бўлади. Шу ҳужайралар нафас маркази деб аталган. Нафас маркази ҳужайралари узунчоқ миянинг ўнг ва чап ярмида жойлашган ва шу миянинг бирор томонидаги марказ фаолиятининг тўхтатиш фақат тегишли томондаги нафас мускуллари ишининг тўхташига сабаб бўлади. Нафас марказида фақат нафас олишни ёки фақат нафас чиқаришни таъминлайдиган нейронлар бор. Буларнинг фаолияти бир-бирига боғлиқдир.
Нафаснинг бош мия пўстлоғи орқали бошқарилиши. Соғлом организмда нафас олиш оралиқ мия ва бош мия пўстлоғи иштирокида бошқарилиб боради. Чунончи, катта ёшли одам ва катта ёшли болалар ўз ихтиёри билан нафасининг тезлигини ва чуқурлигини ўзгартириши мумкин. Бундан ташқари, одамнинг нафас олиши эмоционал ҳолатига боғлиқ бўлади. Бош мия катта ярим шарларининг пешона бўлакларини таъсирлаш нафас ҳаракатларининг ўзгаришига сабаб бўлади. Спортчига спорт олдидан ёки ишчида меҳнат жараёни бошлаш олдидан нафаснинг тезланиши ҳам шартли рефлексдир.
Нафаснинг гуморал йўл билан бошқарилиши. Карбонат ангидрид гази қон гемоглобини билан бирикиб, нафас олиш марказига ва ҳужайраларига таъсир қилади. Қон айланиши чатиштириладиган тажрибада буни исбот қилиб берса бўлади. Қонда кислород етишмай қолганда нафаснинг ўзгариши рефлектор принципига мувофиқ боради. Нафас олиш марказидаги нейронларнинг кислород билан етарлича таъминланмаслиги ўз ҳолича нафас олиш марказини йўқотмайди. Қондаги карбонат ангидрид концентрациясининг камайиши нафас маркази кўзғалувчанлигини пасайтиради ва қонда нафас маркази яна қўзғалиши учун кифоя қиладиган миқдорда карбонат ангидрид тўпланмагунча нафасни тўхтатиб туради.
Нафас олиш гигиенаси деганда, тўғри нафас олишни таъминлаш тушунилади. Нафас жараёнида атмосфера ҳавоси бурун бўшлиғига кириб исийди, намланади, анча чангдан тозаланади. Бурун бўшлиғида тукчаларнинг бўлиши бунга ёрдам беради. Демак, бурун билан нафас олиш гигиеник жиҳатдан мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Оғиз билан нафас олганда, калла суягининг юз қисми ва кўкрак қафаси ривожланишида камчиликлар юз беради. Тез-тез шамоллаш ҳалқум ва трахеянинг шиллиқ қаватининг яллиғланишига олиб келади. Аммо гапирганда, ашула айтилганда оғиз билан нафас олишга мажбур бўлинади. Шунинг учун ашула дарслари ўтказиладиган хоналар озода, ҳавоси эса илиқ бўлиши керак.
Ўқувчи-талабаларга тўғри нафас олишни ўргатиш жисмоний машқлар ўтказиш вақтида педагоглар бажарадиган ишлардан биридир. Улар юриш, югуриш ва бошқа турдаги фаолият вақтида, шунингдек, ўтирганда тўғри нафас олишни ўқувчи-талабаларга ўргатиш керак.
Бизни қуршаб турган ҳавонинг таркиби нормал шароитда анча доимий бўлади. Кислород 20,94%, карбонат ангидрид гази 0,03% ва азот 79,03% бўлади.
Ўқувчи-талабаларни тоза ҳаво билан таъминлаш учун синфларда ҳар бир ўқувчига ёки талабага 16 м3 дан то 20 м3 гача, санитария нормаларига мувофиқ эса 4,5 м3 дан 5 м3 гача эга бўлиши керак.