ru uz
Шахсий гигиена

Гигиена табобатнинг кенг қамровли соҳаси бўлиб, у кишилар ҳаёти ва саломатлиги учун зарур бўлган талабларни нафақат тозалик нуқтаи назаридан, балки уларнинг турмушларини гўзал, қулай, бехавф бўлишлигини таъминловчи масалаларни ўз ичига олади.

Инсон саломатлигининг гигиеник асослари, яъни инсоннинг жисмонан соғлом бўлиши, турли хил хавфли касалликлардан ҳимояланишида мустаҳкам қалқон яратиш, энг аввало, ҳар бир киши томонидан шахсий гигиена қоидаларига қатьий амал қилиб яшаши билан белгиланса, иккинчи томондан, инсоннинг истиқомат қилиши учун зарур бўлган гигиеник яшаш шароитларини таъминлашни назарда тутувчи жамоатчилик гигиенаси талабларига амал қилиб яшаши билан ҳам узвий боғланган.

Шахсий ва жамоатчилик гигиена қоидаларига риоя қилмаслик натижасида ҳар хил  юқумли касалликларга дучор бўлиш мумкин.

Шахсий гигиена қоидалари деганда  ҳар бир шахс томонидан баданнинг ва алоҳида тана аъзоларининг озодалигини  муттасил равишда таъминлаш билан боғланган гигиеник муолажалар мажмуаси тушунилади.

Шахсий гигиена қоидалари:

- Қўл тозалиги;

- Оғиз бўшлиғи гигиенаси;

- Соч гигиенаси;

- Тери гигиенаси.       

Қўл тозалиги

Қўллар қуйидаги ҳолатларда тоза қилиб совунлаб ювилиши лозим:

  • ҳожатхонадан чиққандан сўнг;
  • овқат пишириш олдидан;
  • ҳайвонларга қаралгандан сўнг;
  • кўчадан уйга қайтгандан кейин;
  • овқатланишдан олдин;
  • ҳар қандай юмушни бажаргандан сўнг;
  • тирноқларингизни ҳар доим калта қилиб олиб юринг;
  • юқорида келтирилган қўл ювиш қоидаларини дўстларингизга ҳам ўргатинг.

Оғиз бўшлиғи гигиенаси 

Тишни тоза тутиш, уни доимо турли хил паста, порошоклар билан тиш чўткаси ёрдамида 2 марта ювиб туриш, яъни эрталабки нонуштадан ва кечқурунги овқатланишдан сўнг, бу хилдаги парвариш тиш томирлари ва милкларни мустаҳкамлашнинг муҳим воситасидир.

Ҳар бир овқатланишдан сўнг тишларингизни сув билан чайқаб тиш ораларида қолган овқат қолдиқларини  албатта йўқотинг. Агар шундай қилмасангиз, овқат қолдиқлари чириб, оғзингиздан бадбўй ҳид кела бошлайди. Агар сиз милк ва танглайингизни тозалигига жиддий эътибор бермасангиз, турли хил тиш, милк касалликларига учрайсиз! 

Соч гигиенаси 

Сочни ҳафтада бир марта ювиб туриш зарур. Сочингизни ҳолатига қараб, соч терисини қуруқ, ёғли, нормал бўлишига мослаб сочга ишлатиладиган шампунлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Соч терисини озиқлантириш учун соч терисига кефир, қаймоқ суртиб 30 дақиқадан сўнг ювиб ташланади. Бу сочларингизга жило бериб, соч терисини озиқлантиради.

Тери гигиенаси 

Барчага маълумки, жисмимизни кўп қисми тери билан қопланган. Бизни вужудимиз ўпка орқали нафас олишдан ташқари, тери орқали ҳам нафас олади. Шунинг учун терини тозалиги катта аҳамиятга эга. Тери тоза бўлиши учун имконият даражасида ҳар куни душ қабул қилиш лозим. Ҳафтада бир марта ҳаммомда чўмилиш керак. Бу теридаги ҳар хил бактерия, микробларни тозалашга ёрдам беради. 

Хонадон аъзолари учун   гигиеник   тавсиялар:

 * Ҳар бир хонадон аъзосида   алоҳида тиш чўткаси, шахсий мочалка, сочиқ ва ич кийимлардан  фойдаланиш – одатий ҳолга айланиши лозим.

  • Алоҳида ўрин-кўрпа тутилиши;
  • Ёстиқ ва адиёллар жилдланган бўлиши, матрац ёки кўрпа-кўрпачалар устидан чойшаб солиниши мақсадга мувофиқдир;
  • Чойшаб, ёстиқ ва адиёл жилдларини ҳафтада бир марта алмаштириш;
  • Хоналарни доимо озода тутиш;
  • Ошхона, ванна ва ҳожатхонани озода сақлашга ҳаракат қилинг;
  • Хоналарни доимо озода тутиш;
  • Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини совутгичларда сақланг;
  • Мева-сабзавотларни яхшилаб ювинг, қайнатилган сувда чайиб истеъмол қилишга, қайнатилмаган сувни ичмасликка одатланинг;
  • Сувни қайнатиб сўнг истеъмол қилиш мумкин;
  • Гўштни, озиқ-овқат маҳсулотларини етарли даражада термик ишловдан ўтишига аҳамият беринг. Озиқ-овқат маҳсулотларини, ҳар хил касаллик қўзғатувчи микроблар ва гижжаларнинг тухуми билан ҳашаротлар, айниқса пашша ва сувараклар зарарлайди. Пашшалар асосан ҳожатхона, ахлатхона, гўнгхона, молхона ва кир ўраларида кўпаяди ва етилади, учиб келиб очиқ қолган озиқ-овқат маҳсулотларига қўниб уларни ифлослантиради;
  • биргина ахлат солинадиган яшик ёки контейнерда 80 мингга яқин пашшалар ривожланиш даврлари бошдан кечирилиши, бир кунда эса 6 мингга яқин пашшалар етилиши мумкин экан;
  • Ахлат челаги қопқоқли бўлсин. У ҳар куни ахлатдан бўшатилиб, ювиб, қуритилиши лозим;
  • Пашшалар кирмаслиги учун эшик ва деразаларга тўр ёки марли тутинг.                      

Турмушда инсонни ўраб олган муҳит, яшаш ва иш шароитлари, жамоат жойларининг тозалигини таъминлайдиган тадбирлар жамоат гигиенаси деб юритилади.

Ҳамжамиятда яшаётган ҳар бир киши нафақат ўз соғлиги ёки манфаатини, балки барча жамият аъзолари саломатлиги ва манфаатларини ҳам ўйлаши керак. Шу нуқтаи – назаридан олиб қаралганда атроф – муҳитни ифлослантиришга ҳеч бир кишининг ҳақи йўқ. Шунинг учун ота – боболаримиз жуда қадимдан тозаликнинг умумий тадбирларини ишлаб чиқиб, ҳар бир оилада, жамоада шу уларни бажарилишига ҳаракат қилганлар. Бу тадбирлар ниҳоятда оддий бўлсада, жуда катта соғломлаштириш аҳамиятига эга бўлган. Шунинг учун улардан энг муҳимларини келтириб ўтамиз:

-         уй атрофлари текисланиб, йўлакларни тартибга келтириш, ер участкасини ободонлаштириб, кўкаламзорлаштириш;

-         оила аъзоларига ўзлари яшаётган уй атрофларини ҳар куни супуриб, сув сепишни одатлантириш;

-         ошхона, хожатхоналарни озода сақлаш.

Орқага Чоп этиш