Қорин соҳасидаги ортиқча ёғлардан азият чекувчи аёллар борки, барчаси билади: хипчабел бўлиш учун кам еб, кўп ҳаракат килиш керак! Аммо бу қоидага амал қилиш унчалик ҳам осон эмас-да. «Кўп ҳаракат қил ва кам е» қоидаси шак-шубҳасиз самара беради,
айниқса, ёшларга. Бироқ ўрта ёшли хонимларга-чи? Уй, иш, маиший муаммолар спорт билан шуғулланишга вақт ҳам, ҳафсала ҳам қолдирмайди. Шунинг учун бугун сизларга ўрта ёшлиларга мос озиш ва ортиқча ёғлардан халос бўлиш йўлларини ўргатамиз.
Стрессга «Йўқ», уйқуга «Ҳа», деймиз!
Тадқиқотларда кўҳликкина аёллар стрессга, ҳис-ҳаяжонга берилувчан бўлишлари аниқланган. Яъни бундай аёлларнинг организмида қон таркибини ва моддалар алмашинувини ўзгартириб юборувчи стресс гормонлари — адреналин ва кортизол кўп ишлаб чиқарилади. Натижада, асабийлашганда, ҳис-ҳаяжонга берилганда, алам устида таркибида шакар ва ёғ мўл бўлган ширинликларни қандай қилиб паққос туширганини билмай қолишар экан. Агар белингиз хипчадек бўлишини истасангиз, бугунданоқ хафақонликни унутинг. Яхшиси, уни уйқу билан алмаштиринг. Бир кунда 8—9 соат ухлашга одатланинг, шунда асабларингиз жойида, кўнглингиз эса хотиржам бўлади.
Гормонал мувозанат ҳам муҳим Вазнингиз ортаётганини сезишингиз заҳоти эндокринолог шифокор қабулига ёзилинг. Ҳеч кимга сир эмаски, гормонлар фаолиятининг бузилиши вазн тўплашга олиб келади. Қалконсимон без ва жинсий гормонларни текширтиринг.
Кам енг ва кам ҳаракат қилинг
Маслаҳатимизга ажабланманг, гап шундаки, «Кўп ҳаракат қилинг» ибораси остида фаол жисмоний машқлар, яъни спорт мажмуасига ҳафтасига тўрт марта бориш, югуриш ва аэробика машғулотлари ётади. Аммо бир нарсани ёдда тутинг, узоқ давом этган фаол жисмоний машқлар иштаҳангизни шунақаям очиб юборадики, сўнг қанча таом еганингизни билмай қоласиз. Натижада, йўқотилган калория ўрнини осонгина қоплаганингиз камдек, семизликка ҳам замин яратасиз-қўясиз. Мушакларингиз чиниқади, лекин қориндаги ёғлар ўз жойида қолиб кетаверади. Шундай экан ўзингизни машқлар билан қийнаманг, яёв кезиш режимига ўтинг, ўзингизни мажбурлаб, қийналиб эмас, сайрдан роҳатланган, завқланган ҳолда бу ишни бажаринг. Масалан, кечки овқатдан сўнг сайрга чиқинг, ишга бораётганда ва қайтаётганда автобусдан бир бекат аввал тушинг-у у ёғига пиёда уйингизга етиб олинг.
Қандай таомланиш керак, дейсизми?
Кам-кам ва тез-тез беш маҳал таомланишга ўтиш вақти келди. Таомланиш режимингиз нонушта, иккинчи нонушта, тушлик, толмачой ва кечки овқатдан иборат бўлсин. Шу билан бирга, овқат микдори ҳам доимгидан камроқ бўлишига аҳамият беринг.
Айтайлик, фақат шўрва, гўшт ва салат ёки гарнир ҳамда сабзавотлар яхши таклиф. 3 хил таомдан иборат тушликни унутинг, шунчаки очлик ҳиссидан қутулиш учунгина таомланинг, қорин ва кўзни тўйдириш учун эмас.
Оқсилли маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Таомномангизда, албатта, балиқ, тухум, ёғсиз гўшт ва сут маҳсулотлари бўлсин. Улар қоринни тўқ тутади, тўқ қорин эса ҳадеб иштаҳангизни очавермайди. Мева ва сабзавотларни ҳам мунтазам равишда тановул қилишни унутманг.
Бекларни ҳам четлаб ўтмаймиз
Қорин муаммоси аёлларга қараганда кўпроқ эркакларда учрайди. Уларга юқоридаги маслаҳатларга қўшимча равишда кичик тавсиямиз бор: спиртли ичимликлар ичишни бутунлай ташланг. Бундай ичимликни ҳар қандай тури ёғ тўқималари эришига тўсқинлик қилади. Уларда ҳам калория бўлишини билармидингиз? Спиртли ичимлик қабул қилганда, организм ундаги спиртни чиқариш билан шуғулланади, калорияни йўқотиш билан эмас.
Хуллас, англаганингиздек, мўъжиза ўзидан ўзи юз бермайди. Спорт билан шуғулланмасангиз ҳам, барибир, нимадандир воз кечишингиз керак. Шундай экан, ҳаракатдан тўхтаманг. Ахир сиз хушбичим қомат ва соғлом кўринишга муносибсиз.
Манба: "Суғдиёна " газетаси