ru uz
Бўлажак онада гастрит бўлса

Ошқозон билан боғлиқ муаммолардан қўрқмай қолганимиз рост. Ҳар ҳолда ойнаижаҳон орқали ошқозондаги оғриқни бирзумда йўқотадиган дармонлар борлигини кўриб, ишонасан, киши. AMMO гaп ҳомиладор аёл ҳақида кетганида вазият бутунлай ўзгаради. Негаки, ошқозондаги оғриқни тўхтатувчи аксарият дорилар бачадонни ҳаракатга келтириб, ҳомиланинг тушишига олиб келиши мумкин. Мақоламиз орқали гастрит ва ошқозон ярасини ҳомиладорликда қандай даволаш, оғриқ хуружларини нима билан тўхтатиш ҳақида маълумот берамиз.
Ота-оналар, кўзингиз қаерда?
Гастрит «талабалар касаллиги» номи билан яхши таниш. Агар уни турмушга чиқишдан аввал орттргансиз-у, ўқгин-ўқтин қийнайдиган оғриқларга парво қилмаган бўлсангиз, турмушнинг илк ойлариёх сиз учун муаммоли ўтиши мумкин. Чунки бу касалликда енгил ҳазм бўладиган, аксарият суюқ ёки буғда пишган юмшоқ таомларни оз-оздан кунига беш-олти маҳал еган дуруст. Янги келинчакда бундай шароит қаердан бўлсин? Шундай экан, маслаҳатимиз, касалликни турмуш қуришдан аввал, илк белгиларидаёқ даволанг.
Гастрит ҳомиладорликни қийинлаштириши турган гап. Бунда аёл организмига ҒОЯТ керакли бўлган витаминлар сўрилмайди, у тобора қувватдан қолади, иситмаси кўтарилади, жиғилдони қайнайди, ичи кетади. Ҳатто, темир моддасига бой маҳсулотлар еса-да, қони камайиб бораверади, сабаби, ошқозон-ичак тизими ишдан чиққан. Еганингиз эм бўлмайди. Токсикоз нафақат эрталаб, кун бўйи қийнаб, ҳомиладорликнинг 20-ҳафтасигача чўзилади.
Хуруж пайтида...
Oғриқ ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, бунга стресс, ҳаддан ташқари муздек газли ичимлик ёки қайноқ чой, нордон шарбат, аччиқ  ёки ёғли овқат ейиш, тановулнинг кечикиши сабаб бўлади. Бундай пайтда тиззаларни қоринга йиғиб, чап ёнбошга ётилади. ОҒРИҚНИ камайтириш учун совуқ сувда намланган сочиқ  5 дақиқага пешана ва қорин соҳасига қўйилади. Ошқозондаги оғриқни йўқотиш учун дарров дорига ёпишманг, бу ҳолатда сули ёки зиғир уруғини 2 дақиқа сувда қайнатиб ичиш ёрдам қилади. Ялпиз, мойчечак, арпабодиёндан чой дамлаб ичиш ҳам оғриқни камайтиради. Хуруждан кейинги соатларда овқат емай, фақат илиқ новот чой ёки сут чой ичиш мумкин. 
Пархез биринчи ўринда
Гастрит юқори кислотали бўлса...
-  мева-сабзавотларни хомлигича ейишни тўхтатинг. Қора чой, қаҳва, газли ичимликлар ҳам мумкин эмас.
Карам, узум, қўзиқорин, колбаса, тузлама солинган салат ва газаклар, ёғли қайнатма ва қовурмаларни ҳам унутинг.
Гастрит паст кислотали бўлса…
-  қаймоқ, пишлоқ, янги ёпилган иссиқ нон, ёғли овқат, нордон таъмли мевалар ейилмайди. Овқатлар буғда пишган, бўтқасимон, ёғсиз, суюқ бўлгани яхши.
Тавсиямиз:
Бу даврда руҳий ва жисмоний зўриқиш, оғир юк кўтариш умуман мумкин эмас. Куннинг иккинчи ярмидан бошлаб ҳаракатлар чекланади (айниқса, ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлиги ва туғруққа яқин) ётиш режимига қатъий риоя қилинади. Акс ҳолда, аёлда ошқозон яраси таъсирида хомиладорликнинг оғир кечиши - гестоз ривожланиши мумкин. Аёл кун давомида парҳезга риоя қилиши, газсиз ишқорли минерал сув ичиши, шифокор назорати остида витамин ва минералларга бой дармондорилар (айниқса, В6 ва магний) ҳамда тинчлантирувчи воситалар қабул қилиши тавсия этилади. Овқатланишда қотирилган нон, сут-қатиқ, кисель, умуман, шилимшиқ ёрмалардан аралашма ва бўтқалар тановул қилиш, ширин таъмли меваларни хомлигича истеъмол қилмаслик, фақат мураббо, компот ҳолида ёки ширин чойга қўшиб ичиш тавсия этилади. Ошқозон ярасининг очилиб кетиш хавфи бўлса, туғруқ пайтида шифокор тавсиясига кўра, оғриқсизлантирувчи воситалардан фойдаланилади.

Бундай аёллар ҳомиладорликда алоҳида назорат остида бўлади. Ҳомила ўсгани сайин аёлнинг ошқозон соҳасидаги оғриқлар тобора зўрайиши, тунги хуружлар пайдо бўлиши мумкин. Вақтида олди олинмаса, кўпчиликда ўт-тош касаллиги ривожланади.

 

Манба:  "Сўғдиёна" газетаси

Орқага Чоп этиш