1 Марта Всемирный день иммунитета. осталось: 1 кун!
4 Марта Всемирный день борьбы против туберкулеза. осталось: 4 куни!
ru uz
Ҳазм аъзолари касалликларида

osobennosti-lecheniya-pankreatita-u-pozhilyh-lyudej.jpg

Тиббиётда ҳазм аъзолари (ошқозон - ичаклар, жигар ва ўт пуфаги, озқозон ости бези) касалликларини гастроэнтрология фани ўрганади.
Республикамизда ҳазм аъзолари касалликлари кўп тарқалган бўлиб, меданинг яллиғланиши – гастритлар, ўн икки бармоқ ичак яраси ва яллиғланиши – дуоданит, ингичка ва йўғон ичак яллиғланиши – энтероколитлар, жигар ва ўт пуфаги яллиғи – гепатит ва холециститлар, ошқозон ости бези яллиғи –панкреатитлар ва бошқа касалликлар шаклида учрайди.
Ҳазм аъзолари касалликларини келиб чиқишида турли физик, кимёвий,микробиологик омилларнинг салбий таъсирлари, спиртли ичимликлар ва айниқса рационал оқватланиш тартибларини бузилиши сабаб бўлади. Оқват таркибида кўп миқдорда аччиқ, шўр, ёғли, дудланган, нордон маҳсулотларни бўлиши, овқат тайёрлаш технологиясини (тез тайёрланган таомлар), овқатланиш тартибини ва меъёрий таркибини бузилишлари ҳазм аъзоларини касалликларини ривожланишига олиб келади.
Ушбу касалликларни даволаш мажмуасида дори - дармонлар, физиотерапия, фитотерапия (шифобахш ўтлар ёрдамида даволаш) қаторида шифобахш овқатланиш – диетотерапия ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Шифобахш овқатланиш меъёридагидан ўзининг таркиби ва тайёрлаш усуллари билан фарқ қилади. У касал организмнинг озиқа моддаларига бўлган эҳтиёжини таъминлаши, яъни физиологик томондан тўла қимматга эга бўлиши ва касал аъзонинг функциясини тиклашга ёрдам бериши керак.
Шифобахш овқатланиш ҳар бир касалликнинг ўзига хос хусусиятлари, клиник кечишини ҳисобга олган ҳолда тузилади ва унинг маълум даврига мўлжалланади. Чунки парҳез таомлар таркиби ва миқдори маълум чекланишларга йўл қўйилгани учун уларни беморга узоқ муддатга буюриш мумкин эмас.
Ҳазм аъзолари касалликларида қуйидаги таом ва овқат маҳсулотлари тавсия этилмайди: иссиқ нон ва нон маҳсулотлари, ёғли гўшт, қовурилган таомлар, кучли гўштли шўрвалар, жўҳори, перловка ёрмалари, мош, нўхатдан тайёрланган таомлар, нордон шўр, аччиқ дудланган маҳсулотлар, спиртли ва газли ичимликлар, аччиқ чой, қаҳва, какао, музқаймоқ.
Шунингдек, мол ва қўй ёғи, консерва маҳсулотлари, маргаринда тайёрланган маҳсулотлар, хом мевалар, пиёз, саримсоқ, туруп, мариновка қилинган маҳсулотлар, шоколад ва тез тайёрланадиган таомларни ҳам истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ эмас.
Сурункали гастрит. Сурункали гастрит Республикамизда кенг тарқалган касалликлардан биридир. Унинг келиб чиқишида жуда кўп омиллар рол ўйнайди. Ўткир гастритларни яхши даволамаслик, овқатланиш тартиби ва сифатининг бузилиши, дағал ва ўткир овқатлар истеъмол қилиш, овқатни яхши чайнамаслик, қуруқ овқатлар ёки ўта иссиқ овқатлар ейиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш натижасида сурункали гастрит келиб чиқади. Кейинги йилларда озиқ - овқатлардан аллергик реакция оқибатида ҳам касалликлар кўпайди. Бу ўз навбатида сурункали гастрит кўпайишига сабаб бўлмоқда. Айниқса, меъданинг айрим озиқа моддаларига сезгирлиги —
аллергик ҳолати катта аҳамиятга эга.
Темир моддаси, оқсиллар ва витаминлар етишмаслиги ҳам касалликнинг сабабларидан бири бўлиши мумкин. Витаминлар, айниқса, В1 В2, В6, РР, А, аскорбин кислотаси етишмаса, ошқозон шираси ажралиши камаяди, унинг шиллиқ пардасида дистрофик жараён пайдо бўлади, организмнинг чидамлилиги пасаяди, гастрит пайдо бўлишини тезлаштиради. Бунда алкогол ва чекишнинг ҳам аҳамияти катта. Темир етишмаслиги камқонликни юзага келтириб, ҳазм аъзолари шиллиқ пардасида дистрофик, кейинчалик дистрофик яллиғланиш жараёнларига олиб келади. Касаллик келиб чиқишида ҳар хил дорилар таъсирининг ҳам ўрни бор.
Ушбу келтирилган касаллик сабаблари беморларнинг парҳез дастурхонини тузишда ҳисобга олинади.
Ошқозон фаолиятига қараб сурункали гастритларнинг қуйидаги турлари тафовут қилинади: шира ишлаб чиқариш фаолияти пасайган, сақланган ёки ортиқ бўлган сурункали гастрит. Касалликнинг бу икки хили клиник кечиши ва асоратлари билан ажралиб туради ва улар учун ҳар хил парҳез белгиланади. Ундан ташқари хасталикнинг ремиссия ва зўрайган даврлари фарқ қилинади.
Беморларни ташқи кўринишида аксарият ҳолларда ўзгаришлар аниқланмайди. Фақат ошқозон соҳасидаги ўткир тўлғоқсимон оғриқлар вақтида улар мажбурий ҳолатни эгаллайдилар. Тилни илдиз соҳаси оқ ёки сарғимтир оқ караш билан қопланади. Баъзи ҳолларда юрак уришининг тезлашиши, кафтларнинг совуқ ва ҳўл тер билан қопланиши, сўлак ажралишини кучайиши каби белгилар кузатилади.
Касаллик ўрта ва катта ёшли кишиларда учраганда унинг илк даврида гастритнинг белгилари кузатилмаслиги мумкин. Аммо аксарият беморлар қоринни юқори қисми соҳасида оғриқ, диспептик ўзгаришлар (ошқозонда оғирлик ҳисси, кекириш, кўнгил айниши, оғизда “темир” таъми, иштаҳа пасайиши ва бошқалар), ичак диспепсияси (қорин дам бўлиши, иш кетиши, қоринда ғулдираш) ва тана вазни камайиб кетишига шикоят қиладилар.
Ошқозон шиллиқ қаватида атрофик жараёнларнинг устунлик билан кечиши ва унинг безлари секретор фаолиятининг сусайиши оғриқ синдромининг ўзгаришига сабаб бўлади. Унинг шиллиқ қаватининг барча соҳаси зарарланганда овқат қабул қилган вақтда ёки тезда ундан сўнг кучли бўлмаган узоқ муддат давом этувчи ва симилловчи оғриқларнинг пайдо бўлиши характерли. Аксарият ҳолларда астено - невротик синдром – ҳолсизликни кучайиши, тез чарчаш, таъсирчанлик, депрессияга мойиллик
юзага келади.
Беморларни бир қисмини ҳаво билан ёки айниган тухум хиди билан кекириш, кўнгил айниши, ошқозон соҳасида оғирлик ҳисси каби диспептик ўзгаришлар безовта қилади. Оғриқ ушбу турдаги гастритга хос бўлган белги ҳисобланмайди. Баъзи беморларда овқат истеъмол қилгандан кейин 0,5 – 1,0 соат ўтгач (кўпроқ ўткир, зираворли, консерваланган) унча кучли бўлмаган эзувчи оғриқлар кузатилиши мумкин. Жараён ошқозонни антрал қисмида ёки у билан бирга ўн икки бармоқли ичак зарарланганда оғриқ белгиси кучлироқ намоён бўлади. Аксарият беморлар иштаха йўқлигига, оғизда ёқимсиз таъм баъзан эса эрталаблари кўнгил айниши ва қайт қилишга шикоят қиладилар.
Ошқозоннинг шира ишлаб чиқариш фаолияти бузилганлиги сабабли ичаклардаги нормал микрофлора ўзгариши сабабли беморларда ич кетиши яъни диарея кузатилади. Баъзан ич кетиш қабзият билан алмашиниб туради.
Касаллик диспептик белгилар устунлиги билан кечганда беморларда зарда қайнаши, нордон кекириш, ошқозон усти соҳасида оғирлик ва тиқилиш ҳисси ҳамда қабзият кузатилади. Ушбу белгилар кўпроқ ёғли таомлар истеъмол қилгандан ёки спиртли ичиликлар ичгандан сўнг юзага келади.
Аксарият ҳолларда иштаха сақланган ёки юқори бўлади. Ошқозон шираси ишлаб чиқарилишининг меъёрида бўлиши ёки унинг ошиб кетиши билан кечувчи сурункали гастритнинг ушбу турида оғриқ аксарият ҳолларда овқат истеъмол қилгандан кейин пайдо бўлади.
Сурункали гастритларда (шира ишлаб чиқариш сақланган ёки юқори) яллиғланишни йўқотиш, шиллиқ қаватларда тикланиш жараёнини кечиши ва ярани битишини тезлатувчи шифобахш овқатланишнинг термик, кимёвий ва механик таъсирлари чекланган ҳолда кун давомида 5 маротаба илиқ ҳолда истеъмол қилинади. Асосан қайнатиб ёки буғда пишган таомлар тавсия этилади.
Тавсия этиладиган озуқа маҳсулотлари ва таомлар: бир кун олдинги ёки қуритилган нон, қуруқ печенье, қайнатилган мол гўшти, тухум, эзиб яхши пишган макка ёрмаси, гуруч, сули, қора буғдой бўтқалари (ширгуруч, шовла, ширқовоқ, макка бўтқаси), ёвғон хўрда, ширали шўрвалар, буғда пишган гўштли таомлар, қайнатилган тил, жигар, духовкада пиширилган гўшт, кефир, ёғсиз қатиқ, қаймоқ, чучук пишлоқ, чала пишган тухум, эзилган картошка, пиширилган қовоқ, сабзи, лавлаги ва чучук помидорлар. Ўсимлик ёғида димланган таомлар, пишган сабзавотлардан турли салатлар, ширин меваларни пишириб ёки димлаб тайёрланган десертлар, асал, мурабболар, шакар, шунингдек суюқ чой, кисел, ширин шарбатлар, наматак суви ва минерал сувлар тавсия этилади.

Орқага Чоп этиш