ru uz
Стенокардия
Стенокардия

Стенокардиялар. Уларнинг турғун (оғриқларнинг аксарият ҳолларда жисмоний зўриқиш вақтида пайдо бўлиши) ва турғун бўлмаган (оғриқларни тинч ҳолатда пайдо бўлиб, тобора кучайиб бориши ва давомийлигининг узайиши) шакллари фарқланади. Стенокардияларнинг турли кўринишлари учун хос бўлган асосий белги тўш ортидаги оғриқлар бўлиб, одатда, жисмоний ёки руҳий зўриқишлардан сўнг, совуқ ҳавога чиққанда юзага келади ва тинч ҳолатда ёки нитроглицерин таблеткасини тил остига қабул қилгандан кейин ўтиб кетади. Жисмоний юклама (зинапоядан кўтарилиш, югуриш, тез юриш) пайтида ёки ҳаяжонланганда юрак уриши тезлашиб,
унинг мушакларининг кислородга бўлган талаби кескин ошиб кетади.
Натижада, атеросклерозга учраган юрак томирлари уни етарли даражада қон билан таъминлай олмайди ва оқибатда, оғриқ юзага келади. Айрим беморларда нотинчлик ва қўрқув ҳисси кузатилади. Оғриқлар хуружлар кўринишида бўлиб, чап елкага ва куракка, қўлга, қўлтиқ соҳасига ҳамда 4 ва 5 бармоқларга (1-расм) узатилади ва бир неча сониядан бир неча дақиқагача давом этиши мумкин. Одатда, беморлар оғриқ сўзини кам ишлатадилар ва “куйдириш”, “қизиш”, “босим” ёки “ноқулайлик”
каби иборалардан фойдаланадилар.
Стенокардиянинг турғун бўлмаган шаклларида оғриқ тинч ҳолатда баъзан тунда пайдо бўлиб, унинг давомийлиги ҳамда интенсивлиги кучайиб боради. Оғриқлар таом
истеъмол қилгандан сўнг ёки вертикал ҳолатдан кескин горизонтал ҳолатга ўтганда ҳам кузатилиши мумкин. Юқорида таъкидланганидек, нитроглицерин таблеткасини қабул қилгандан сўнг оғриқларнинг ўтиб кетиши беморда стенокардия мавжудлигини тасдиқловчи ишончли белги ҳисобланади.
Юқорида санаб ўтилган белгилар кузатилганда, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Ушбу тизимнинг турли касалликларида овқатланиш тартиби бир – биридан бир мунча фарқ қилса ҳам умумий тамоиллар бир хил ҳисобланади. Унинг асосини истеъмолда ҳайвон ёғларини камайтириш, ош тузини кескин чегаралаш, тўйинмаган ёғлар миқдорини ошириш, овқат калориясини камайтириш (айниқса, семизлик мавжуд бўлган кишиларда), кам – кам ва кунда 5 – 6 марта овқатланиш ўз таркибида толалар сақловчи мева ва сабзавотларни етарли даражада истеъмол қилиш каби
тадбирлар ташкил этади. Ҳайвон ёғларини суистеъмол қилиш қонда томирларда ўтириб қолувчи холестерин ва триглицеридлар миқдорини меъёридан ошишига ва пировард оқибатда юрак қон – томир касалликлари ривожланишига олиб келади. Ҳайвон ёғлари деганда, нафақат думба ёғи ёки чарви балки ёғли гўшт, сосискалар, колбасалар, дўконларда сотиладиган тайёр қиймалар, қази – қарта, қўй гўштидан тайёрланган кабоб, сомса ва шуларга ўхшаш озиқ – овқатлар тушунилади. Соғлом кишида умумий холестерин 5,0 ммоль/л дан, триглицеридлар 1,7 ммоль/л дан юқори бўлмаслиги лозим. Ушбу кўрсаткичларнинг меъёрдан юқори бўлиши юрак
ишемик касаллигига олиб келувчи асосий хавф омилларидан бири ҳисобланади ва бу хавф кўпроқ тана вазни ортиқча ҳамда қандли диабетга чалинган кишиларда кузатилади. Мабодо, қонда ёғлар миқдори меъёридан ортиқ бўлса, қуйидагиларга амал қилиш зарур:
 Ҳафтада иккитадан ортиқ тухум сариғини истеъмол қилмаслик;
 Калла - поча, ичак - чавоқлардан тайёрланган таомлар, балиқ икраси тановвул қилмаслик;
 Барча турдаги ёғли гўштлар, колбасалар, сон гўшти, сариёғ ва эритилган ёғ истеъмол қилмаслик;
 Таом тайёрлашда масаллиқни ҳайвон ёғларида қовуриш ўрнига димлаш, қайнатиш ва духовкада тайёрлаш;
 Балиқдан тайёрланган таомларни (қовурилган ва дудлангани бундан мустасно) кўпроқ истеъмол қилиш;
 Ёғсизлантирилган сут маҳсулотларидан фойдаланиш;
 Сабзавот ва меваларни чегараланмаган миқдорда тановвул қилиш.
 

Орқага Чоп этиш