ru uz
Асаблар чатоқми? Тарвуз енг!

Ёзги пишиқчилик даврида маза қилиб меваларга тўйиш керак, нима дедингиз? Айниқса, тарвуз тановули хўп ва кўп бўлса, айни муддаодир. Негаки, тарвузнинг фойдаси талайгина-да. Аммо уни ейишда ҳам меъёр бўлиши лозим. Тарвузнинг ўғит билан «боқилгани»га дуч келсангиз, хавфли касалликка юз тутиш мумкинлигини ҳам билиш керак. Шундай қилиб, тарвуз кимларга фойда-ю кимларга зарар ҳамда қайси ҳасталикларда ёрдам беришини билиб оламиз.

Бошқа меваю сабзавотлар қатори темир, калий ва магний моддалари, В, А, С витаминларига бой бўлган тарвузнинг яна бир аҳамиятли жиҳати таркибида ниҳоятда юқори даражада фолий кислотасининг кўлиги саналади. Биласиз, фолий ҳомиладор аёллар учун ниҳоятда фойдали.

Шундай экан, бўлажак оналар тарвузни кунора, 2—3 тилимдан ейишлари айни муддао. 

Тарвузни етиштиришда турли хил кимёвий ўғитлар — нитратлар қўшилиши ҳеч ким учун сир эмас. Асли нитратлар организм учун зарарли эмас, аммо улар ошқозонга тушгач, ичакларда нитрат моддасига айланиши бирмунча хавфли.

Агар ёз бўйи нитрат билан «боқилган» тарвуз еяверсангиз, нима бўлишини биласизми? Бирор ичак касаллиги (мисол учун, ичбуруғ), камқонлик ёки ўсма хасталикларини юқтириб олишингиз ҳеч гапмас. Шунинг учун бу полиз маҳсулотини табиий пишган даври — июль охири ва август бошида тановул қилган маъқулроқ. Ҳар эҳтимолга қарши!

Тарвузнинг кучли пешоб ҳайдовчи таъсирга эгалигини ҳам биласиз. Лекин хомиладорликнинг сўнгги ойларида тарвуз ейишда меъёрни билмоқ керак. Акс ҳолда, сийдик пуфаги кенгайиб, атрофидаги бошқа ички аъзолар, шу жумладан, бачадонга ҳам оғриқ келтириши мумкин.

Аччиқланманг-а...

Таркибида кўп миқдорда магний сақлаган тарвуз —юрак ва буйрак учун фойдали. 100 грамм тарвузда организм учун керакли бўлган магнийнинг 60 фоизи мужассам. Магний мушакдаги оғриқлар, зўриқиш, чарчоқ ва асабийликда ҳам кор қилиши илмий исботланган. Асабийлашадиган, уйқунгиз қочадиган бўлса, кун бўйи тарвуз енг, ҳаммаси жойига тушади. Фойда бериши учун бу парҳезни камида 5 кун давом эттириш керак.

Ичимлик ўрнини босади

Таркиби 85 фоиз сувдан иборат бўлган тарвуз зўр чанқоқбосди ҳисобланади. Шу боис, у диабет билан ҳасталанган беморларда учрайдиган оғиз қуриши, қалтироқни тез босиб, аҳволининг яхшиланишига ҳизмат қилади.

Эҳтиёт бўлинг!

Тарвуз таркибидаги клет­чатка моддаси овқатнинг тез ва мулойим ҳазм бўлишини таъминлайди, аммо ошқозонида бирор муаммоси бўлганлар учун зарар қилиши, ичкетарни келтириб чиқариб, организмни сувсизлантириб қўйиши ҳам мумкин.

Озмоқчи бўлсангиз

Тарвуз организмдан суюқликни тез чиқаргани боис, 2 кундаёқ 2 кило вазн ташлашингиз аниқ. Яна тўқтутар бўлгани учун уни еб юрганда қорин очмайди. «Тарвузли парҳез» нинг фойдаси беқиёс— бир ҳафта ичида 5—6 килога осон озишингиз ва организмни ортиқча тузлар, қонни эса холестериндан тозалашингиз мумкин. Лекин бу парҳез буйраги оғрийдиган, буйраги ёки ўт қопида тоши бор, қон босими кўтарилиб-тушадиганлар учун эмас. Яна тарвузли парҳез 3 кундан ортиқ давом эттирилмаслигига ҳам диққат қилинг.

Данаги хам фойдали

Баъзилар тарвуз данагини ютворса, аппендицит юзага келиши ёки ичак буралиб қолиши мумкин, деб ўйлайди. Аслида эса тарвуз данаги қон босимини тушириши, гижжадан организмни тозалаши, атеросклероз ва диабет касалида даво бўлиши, қонни купайтириши мумкин. Лекин бунинг учун уларни бутунлигича ютиш эмас, офтобда қуритиб, майда кукун ҳолига келтириб, ярим чой қошиқдан наҳорда сув билан ичиш керак.

Сийдик-тош касаллиги ҳамда колит (ичак хасталиги) билан оғриган одамларга бу усул тўғри келмайди.

Қандай танлаймиз?

  1. Тарвузнинг думчаси қуриган, ёнбошида сариқ доғи бўлса, иккиланмай танланг, у пишган.
  2. Устига урганда, тарсиллайди.
  3. Тарвузда кимёвий ўғит кўплигини билмоқчи бўлсангиз, уни кесгач, бир тилимини сувга солинг, сув қизарса, демак, истеъмолга яроқсиз.
  4. Яна тарвузни кесганда усти ғадир-будирлигига ҳам аҳамият беринг. Юзаси силлиқ, ранги пушти ёки ҳаддан зиёд тўқ қизил, ичи паға-пaғa бўлиб кетган, сарғиш бўлса, бу тар­вузни емаган маъқул.

 

 Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш