ru uz
Асабиймисиз Маккажўхори енг!

Кексайиш аломатларига қарши...

Асаб касалликлари — депрессия, стресс, ҳатто, эпилепсияда ҳам маккажўхори попугидан дамлама тайёрлаб ичиш фойдалидир. Унинг таркибидаги селен моддаси қариш жараёнини секинлаштириб, саратон касаллигининг олдини олади. Маккажўхори мойи ва унинг ёрмасидан тайёрланган бўтқани таомномангизга киритиб борсангиз, ўсма хасталиклари ривожланишини олдини олган бўласиз.

Маккажўхори ейишни одат қилган эркакларга импотенция хавф солмайди. Бошоқли ўсимликдан тайёрланган бўтқали шўрва эса гастритда фойдалидир.

Юз терингиз ёғли бўлса, 2 ош қошиқ маккажўхори уни ва битта тухум оқини аралаштириб, ниқоб тайёрланг. Ниқоб 20 дақиқа юзда тургач, илиқ сувда ювиб ташланг.

Бошоқли ўсимликлар орасида буғдой ва гуручдан кейинги ўринда турувчи маккажўхорини инсонлар бир неча юз йиллардан буён етиштириб келишади. У нафақат мазали егулик, балки саломатлик учун фойдали ўсимликдир. Маккажўхори донидан ун, ёрма, крахмал, спирт, ёғ тайёрланади. Қуриган пояларидан қоғоз, линолеум, вискоза ишлаб чиқарилади.

Қандай витаминлари бор

Маккажўхори таркибида инсон организми учун фойдали бўлган витамин ва элементлар жуда кўп.

Улар: клетчатка, ёғ ва эфир мойлари;

А, РР, Е ва В витаминлари;

магний, кальций, темир, фосфор, рух каби кўп миқдордаги минераллар ҳамда крахмал.

100 гр. Маккажўхори таркибида 67,5 гр. углевод, 10,3 гр. оқсил ва 4,9 гр. ёғ мавжуд. Турларига кўра, 100 гр бошоқда 88—325 килокалория бор.

Шундай бўлишига қарамай маккажўхори парҳезбоп маҳсулот саналади.

Организмга фойдаси

Менделеев жадвалидаги 26 та элементни ўзида мужассам этган бошоқ кўп касалликларга даво бўлолади. Маккажўхорини мунтазам равишда истеъмол қилсангиз, иммунитетингиз кўтарилади, ичаклар тиқинлардан тозаланади, холестерин миқдори пасайиб, юрак касалликларининг олди олинади. Пешоб ва сафро ҳайдаш хусусиятига кўра, гипертония ва танадаги шишларга қарши самарали таъсирга эга. Маккажўхори ошқозон ичак фаолиятини ҳам яхшилайди, моддалар алмашинувини тезлаштириб, ортиқча вазнга қарши курашади. Аллергияга мойил ва қандли диабетга чалинганлар учун хавфсиздир.

Ҳомиладор аёлларга-чи?

Ҳайз кунлари енгилгина ўтиши ҳамда репродуктив саломатлигингиз мустаҳкам бўлишини хоҳласангиз, маккажўхори тановулини одат қилинг.

Айниқса, ёзги мавсумда уни тўйиб-тўйиб енг, токи организмингиз фойдасига тўйинсин.

Ҳомиладорларга асосан буғда пиширилган маккажўхори ейиш тавсия этилади.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

 

Орқага Чоп этиш