ru uz
Ёнғоқ

Инсоният қадим замонлардан бери истеъмол қилиб келаётган ёнғоқларнинг саломатликка фойдаси беқиёс. Юрак, буйрак, нафас йўллари, қатто, саратон хужайраларини «уйқу» ҳолатида ушлаб туришда ҳам ёнғоқларнинг ҳиссаси бор! Хўш, қай бир ёнғоқ тури қачон ва қандай истеъмол қилинади?

Оққон, сил ва уйқусизлик чораси!

Қадимдан минг бир дардга даво ҳисобланган ёнғоқ баргидан тортиб, мағзи ва қобиғигача шифо ҳисобланади. Мағзи таркибида қўй ва балиқ гўшти қувватидан қолишмайдиган омега ёғ кислоталари мужассам. А, С, В, Е витаминлари ҳамда калий, магний, кальций, темир ва мис ҳам талайгина.

Мағзи

Ёнғоқ таркибидаги Е витамини юракка қувват бўлиб, қон томирларни тиқилмалардан асраш хусусиятига эга. Камқонликдан азият чексангиз, 2 ҳафта давомида нонуштага 2 дона ёнғоқ енг. Тез-тез шамоллайсизми, 5 дона ёнғоқни майдалаб, бир дона майда тўғралган лимон, бир пиёла асал билан аралаштириб, наҳорда 2 ош қошиқдан ейиш керак. Ёнғоқни кун давомида 2 донадан мунтазам истеъмол қилиш аёлларда сут бези саратони, эркакларда простата бези хасталикларининг олдини олиш имконини беради. Уйқусизлик қийнаса, ҳаддан зиёд кўп асабийлашаётган бўлсангиз, ёнғоқ ва асал аралашмасидан тановул қилинг, дарров ўзингизга келасиз. Яхши пишмаган, ёнғоқ ғуддаси ёки энди пишаётган оқиш (сутли) мағзини қайнатиб, тайёрланган тиндирма сил, оққон, жинсий аъзолардаги киста, полип каби ўсма касалликларига шифо бўлади.

Пўстлоғи

Ёнғоқ пўстини қайнатиб, экзема, темиратки, диатезларда фойдаланиш мумкин. Бунинг учун 20 дона ёнғокдан чиққан пўстлоқни майдалаб, 1 литр сувда ярим соат қайнатасиз. Кейин ваннага тўлдирилган сувга аралаштирилади ва 10 дақиқа ванна қабул қилинади.

Эркаклар учун

12 донадан ёнғоқ мағзи, қуритилган анжир, қора майиз, қора олхўрини майдалаб, ярим литр тоза асал билан аралаштирилади. Аралашмадан ҳар куни ётишдан олдин 2 ош қошиқ миқдорида еб, ортидан бир пиёла қатиқ ичилади.

Барги

Ёнғоқ баргини қайнатиб, ангина, милк қонашини даволашда фойдаланиш мумкин.

Бу қайнатма юракни қувватлаш, қон босимини тушириш учун ҳам хизмат қилади. Баргининг шираси эса гижжа ҳайдовчи ҳамда сафрони кучайтирувчи таъсирга эга. Шунинг учун у жигар касалликларига даво бўлади.

Кимларга мумкин эмас

2 ёшгача бўлган болалар, эмизикли оналар, тана вазни меъёридан ошиқ кишилар, қони қуюқ ҳамда аллергияси борларга тавсия этилмайди.

Қобиғи

Мағиз орасидаги қобиқдан тайёрланган тиндирма аёллар саломатлиги учун фойдалидир. Гормонал ўзгаришлар, бўқоқ, тухумдон ёки бачадондаги яллиғланиш, кайфият ўзгарувчанлиги, иммунитет сустлашиши, қандли диабет, колит касаллигида 10 томчи тиндирмани ярим пиёла қайнаган сувга томизиб кунига уч маҳал қабул қилиш лозим. Тиндирмани тайёрлаш учун 30 дона ёнғоқдан олинган қобиқ ва 50 грамм тиббий спирт керак бўлади. Уларни аралаштириб, шиша идишда 10 кун тиндиринг, сўнг докадан ўтказиб, сувга аралаштириб ичиринг.

 

  Манба:  "Суғдиёна " газетаси
 

Орқага Чоп этиш