ru uz
Кўклам неъматлари: бепуштлик, ортиқча вазн в аажинлардан ҳимоялайди!

Баҳорнинг ташрифи нафақат қуёшли кунлару байрамлар билан, балки ҳолсизлик ва авитаминоз билан ҳам сезилади. Бундай пайтларда кўпни кўрган момоларимиз дарҳол кўк сомсаю чучвара тайёрлашга уннашади. Уларнинг оқилаликларига тан бермай иложимиз йўқ. Зеро, замонавий тиббиёт ота-боболаримизнинг одатлари қанчалар тўғри эканига кун сайин амин бўлмоқда. Келинг, бугун баҳорнинг ажралмас бўлаги ҳисобланган кўкатларнинг фойдали хусусиятлари ҳақида маълумот берамиз.


Саратонга қалқон -ИСМАЛОҚ

Бу кўкат фитонутриентларга бой бўлгани учун турли ўсмаларнинг илдиз отишига йўл қўймайди. Чунки фитонутриентлар ўсмани озиқлантирувчи майда қон томирчалари пайдо бўлишининг олдини олади. Исмалоқ, айниқса, ичаклар ва простата бези саратонидан ҳимояловчи самарали восита ҳисобланади. Кунига 55 грамм исмалоқ истеъмол қилсангиз, А дармон-дорисининг кунлик микдорини қабул қилгандек бўласиз. Ўсимликдаги барча фойдали моддаларга тўлиғича эга чиқишни истасангиз, уни ишлов бермасдан, салатларга қўшиб тановул қилинг.

1426178546_1.jpg

Кимларга мумкин эмас: исмалоқ буйракларда туз ва тошлар йиғилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун буйрак-тош хасталикларидан азият чекувчи беморларга бу кўкат тавсия этилмайди.

Гўзаллигимиз учун: бир неча дона исмалоқ баргини майдалаб, унга 1 ош қошикдан асал ва ўсимлик мойи қўшасиз. 2 чой қошиқ майдаланган банан пюресини ҳам солиб, 10 дақиқага юзга суртасиз. Сўнг илиқ сув билан ювсангиз, кифоя. Бу ниқоб қуруқ тери соҳибалари учун, айниқса, фойдали.  

Ёғли ёки аралаш терига эса 1 дона тухум оқига бир нечта исмалоқ баргини майдалаб қўшилган ниқобдан фойдаланиш тавсия этилади. Мазкур ниқоблар лифтинг таъсирга эга кремлардан асло қолишмайди. Уларни ҳафтада икки бор қўллаш кўзланган натижани тезлаштиради. Муолажадан сўнг юмшатувчи крем суртиш ёддан чиқмасин.

Бўйгинангдан айланай. ЯЛПИЗ!

Ялпиздан олинадиган эфир мойлари фармакологияда оғриқ қолдирувчи восита сифатида қўлланилади. Мушакларни бўшаштириш хусусияти сабаб бўғимлардаги оғриқларда ҳам бундай мойлар қўл келади. Энг муҳими эса ялпиз антиоксидантларга жуда бой! Демак, қариш ва саратоннинг асосий кушандаси.

100 грамм ялпизда 20000 та антиоксидант мавжуд. Инсон учун эса ўртача 3000-5000 донаси кифоя қиларкан. Демак, кунига 25 грамм ялпиз истеъмол қилсангиз, соғлом ва бардам бўласиз.

11-amazing-ways-mint-or-pudina-keeps-you-healthy.jpg

Кимларга мумкин эмас: гастрит ва жиғилдон қайнашидан азият чекувчи кишилар ялпиз тановул қилмаганлари яхши. Гарчи, у жуда фойдали ўсимлик ҳисобланса-да, ҳар бир организмга индивидуал таъсир кўрсатади. Агар меъёрдан ортиб кетса, уйқуга мойилликни келтириб чиқаради. Қон босими паст бўлган кишилар ялпиз тановулида меъёрни  сақлашлари лозим.

Гўзаллигимиз учун: шишлардан халос этувчи ялпизли ниқобни тайёрлаш учун бир нечта ялпиз ва петрушка баргларини тўғраб, 1 чой қошиқ лимон шарбати билан аралаштирасиз. Сўнг 1 ош қошиқ сметана қўшасиз. Ниқобни тозаланган юзга 15 дақиқага суртасизда, илиқ сув билан чайиб оласиз. Қарабсизки, юз ва кўз атрофидаги шишлар худди бўлмагандек.

ОТҚУЛОҚ сепкиллардан халос этади.

Отқулоқ баргини муздек сувда чайиб пешанага қўйилса, бош оғриғини енгиллаштиради. Шунингдек, тана ҳарорати кутарилганида энсага босиш мумкин. Бадандаги иссиқликни олади.

images (40).jpg

Кимларга мумкин эмас: биласизми, нима учун отқулоқнинг таъми нордон? Чунки таркибида кўп микдорда лимон, олма, ва шовул кислоталари мавжуд. Бу кислоталарнинг озгинаси танамизга фойда келтирса-да, меъёрдан ортиғи турли хасталикларга сабаб бўлади. Айниқса, шовул кислотаси кальций моддаси билан бирикиб оксалат(туз)ларни ҳосил қилади. Натижада, буйрак  ва бўғимларда туз пайдо бўлиши мумкин. Демак, буйрак-тош ва артроз хасталикларидан азият чекувчи беморларга отқулоқ тановул қилиш тавсия этилмайди.

Гўзаллигимиз учун: отқулоқ таркибидаги А витамини теримизни ажинлардан ҳимоялайди. Айнан ўша машҳур шовул кислотаси тери рангини оқартиради, сепкиллар ва доғлардан халос этади. Демак, ўзингизга керакли миқдордаги отқулоқни майда тўғраб, 1 ош қошиқ ёғли творог билан аралаштирасиз-да, 15 дақиқага тоза юзга суртасиз. Кейин илиқ сувда чайиб, юмшатувчи крем суртсангиз кифоя.

Фарзанд кўрмоқчимисиз РОВОЧ енг!

Ровоч таркибидаги антрагликозидлар ичак перистальтикасини фаолроқ ишлашга мажбур қилиб, ич келишини яхшилайди. Селен моддаси эса эркак уруғини фаоллаштириб, фарзанд кўриш эҳтимолини оширади. Яна таркибидаги К витамини қон кетишини тўхтатиш хусусиятига эга. Шунинг учун қадимда аёллардаги туғрукдан кейинги қон кетишларида бу ўсимлик кенг қўлланилган. Ровочнинг ёшроғи фойдалироқ ҳисобланади. Қай бир ровоч ёш, қайсиниси қарироқ эканини эса рангига қараб билиб олаверасиз. Оқроғи қарироқ, қизғиши ёшроқ. Ровочни блендерда майдалаб, минерал сув билан аралаштирасиз, таъбга кўра асал солсангиз, кифоя, иссиқ кунларда мазали лимонад бўлади.

120131084230-120327134957-p-O-reven.jpg

Кимларга мумкин эмас: барча нордон таъмли кўкатларда бўлгани каби ровочда ҳам шовул кислотаси мавжуд. Юқорида айтиб ўтганимиздек, уни буйрак-тош хасталикларидан азият чекувчи беморлар истеъмол қилмаганлари мақсадга мувофиқ.

Фойдаси ғиж-ғиж – ЖАҒ-ЖАҒ

Халқ табобатида жағ-жағ қон тўхтатиш хусусияти билан машҳур. Айниқса, бурун қонаганида жағ-жағ дамламаси асқатади. Шунингдек, дамлама қон босимини тушириш, сийдик йўли касалликлари ва ич кетганида ҳам фойда беради. Уни тайёрлаш учун 2—3 қошиқ майдаланган кўкат устига 200 мл. қайноқ сув қуйилади. 1 соат мобайнида тиндирилади. Кунига уч-тўрт марта 30—40 мл.дан ичилади. Жигарни тозалашда эса ушбу кўкат қўшилган сомса ва чучвара тановул қилиш лозим. Қарши кўрсатмалари йўқ.

Ундирилган БУҒДОЙ озишга ёрдам беради.

Ортиқча вазндан халос бўлиш орзусида юрган хонимлар оқсил ва клетчатка қанчалар муҳим эканлигини яхши билишади. Шунинг учун айнан баҳорги озиш марафонини бошлашга аҳд қилганлар учун ундирилган буғдой олтинга тенг егуликдир. Қолаверса, у ич келишини яхшилаб, қабзият ва қорин дам бўлишидан асрайди. Ундирилган буғдойни турли салатларга қўшиб, тановул қилиш тавсия этилади. Агар буғдойни уйда ундиришга қарор қилган бўлсангиз, нишининг узунлиги 1 см.дан ошмаслигига эътибор қаратинг. Чунки дон ўзидаги бор фойдали элементларни шу нишга бериб юбориши мумкин. Ундирилган буғдойни гўштқиймалагичдан ўтказганингизда шарбати ажралади. Ана шу шарбат ошқозон хасталиклари, қандли диабет ҳамда соч тўкилишига даво ҳисобланади.

wheat-grass-kviesi-47962039.jpg

Гўзаллигимиз учун: Ундирилган буғдой шарбатидан тоник сифатида  фойдаланиш терини таранглаштириб, рангини тиниқлаштиради.  Бежизга уни ёшлик ва гўзаллик эликсири, деб

аташмайди-да.

КЎКПИЁЗ сочни ўстиради!

Кўкпиёз таркибидаги фитонцидлар бактерия ва инфекцияларга қарши курашади. Қадимда денгизчилар сафарга тайёргарлик кўришаркан, ўзлари билан қуритилган кўкпиёзни олишар экан. У кемада тарқалиши мумкин бўлган инфекцион касалликлардан ҳимоялаган. Ҳатто, қуритилган кўкпиёз таркибида ҳам қон томирлар деворини мустаҳкамлайдиган С дармондориси сақланиб қоларкан.

images (41).jpg

Кимларга мумкин эмас: ошқозон-ичак ва жигар хасталикларининг оғир кўринишларидан азият чекувчи кишиларга бу кўкатни эҳтиёткорлик билан тановул қилиш тавсия этилади

Гўзаллигимиз учун: кўкпиёз таркибидаги табиий керотин моддаси сочимиз тезроқ ўсишига ва мустаҳкам бўлишига хизмат қилади.

   Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш