7 Апреля Всемирный день здоровья. осталось: 3 куни!
ru uz
АНОР, невроз, юрак ўйноғи ва жигарни ёғ босишидан ҳимоялайди

Мавсумий мевалардан бири ҳисобланган анорни минг бир дардга даво, дейишади. У ҳақида жуда кўп ва хўп гапириш мумкин. Қуйида анорнинг инсон организми учун фойдали жиҳатлари ҳамда қай бир касалликларда асқатиши билан таништирамиз.

Ҳомиладорлар учун фойдали

Таркибида жамики витаминларни йиққан анор, айниқса, ҳомиладорликнинг илк ойларидаги токсикозда ёрдам беради. Бунинг учун анорни сиқиб, шарбатини озроқ минерал сув билан аралаштириб ичиш лозим. Сабаби анор ширасининг ўзи ошқозонга оғир ботиши ва организм ошқозон касалликпарига мойиллик бўлганида, гастритни келтириб чиқариши мумкин. Анор қонда гемоглобин даражасини ҳам оширади. Фойдаси бўлсин десангиз, анорни салатларга қўшиб истеъмол қилинг. Ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида қўл- оёқларингиз шиша бошласа, чойингизга ярим сиқим анор донасини сиқиб, новвот қўшиб ичинг.

Организмни тозалайди

Анорни истеъмол қилганингизда қон босими дарров меъёрига тушади, жигар тозаланади, ортиқча суюқлик чиқиб кетади, чунки мева сийдик ва сафро ҳайдовчи таъсирга эга.

Гижжадан халос ҳилади

Анор пўсти бир ҳафта офтобда қуритиб олингач, 2 ҳовучи ярим литр сувда 1 соат қайнатилади. Тайёр қайнатма эрталаб оч қоринга ичилиб, 2 соатдан кейин ҳуқна қилинса, организм паразитлардан тозаланади.

Пўсти ҳам даво

Иш ёки уйдаги муаммолар туфайли анчадан бери ҳаловатсизлик, юрак сиқилиши, асабийлик, қўл титраши, кайфиятнинг ўзгариб туришидан мадорсизланиб бораётган бўлсангиз, бир дона анор пўстини ярим литр сувда 10 дақиқа қайнатиб, асал қўшиб ичинг. Бу қайнатма невроз, юрак ўйноғи, сурункали чарчоқ, ваҳимага тушиш ҳолатларида ёрдам беради. Қайнатма грипп ва яллиғланиш хасталиклари, жигарни ёғ босиши, сариқ касалидан кейинги тикланиш даврида ҳам ичилиши мумкин.

Иммунитетни кўтаради

Куз мавсумида бир донадан анор ейишга одатлансангиз, грипп ва шамоллашдан чўчимасангиз ҳам бўлади. Негаки, анор С витаминига ниҳоятда бой. Уни салат барги, озроқ зайтун мойи ва майда тўғралган лимон билан бирга тановул қилсангиз, организмингизга ёрдам берган бўласиз. Оддийгина салат шамоллашдан асрайди, қонни юриштиради, ичакларни. тозалаб, юз кўринишингизни тиниқлаштиради. Косметологлар тавсия қилишади Юз терингиз учун крем танлаётган пайтда таркибида анор борлигини кўрсангиз, иккиланмай олаверинг. Анор терининг сўлғинлигига, майда ажинларга қарши курашади. Айниқса, бундай кремни ётишдан олдин суртган яхши.

Суякларни мустаҳҳамлайди Кексалар анорни кунора еб туришлари шарт. Негаки, таркибидаги кальций катталарда учрайдиган остеоартроз касали билан курашади. Анор паловга қўшиб истеъмол қилинса, қон босими меъёрга келади, юрак қувватланади. Ҳафтада икки-уч марта, наҳорга 2 ош қошиқдан анор шарбатидан ичилганида эса инсульт ва инфаркт хавфи камаяди. Кексаларда учрайдиган Альцгеймер касалида ҳам анор ёрдам беради. У хотирани мустаҳкамлаб, бош миядаги қон айланишини яхшилайди.

Озмоқчимисиз?

Озиш пайида юрган хонимлар сабзавотли ёки мевали салатларига анор доналаридан қўшишлари керак. Яна анорли парҳез вазн кетиши қийин бўлган соҳалар - қорин ва бўксани тез оздиришига қодир!

Қандай танлаймиз?

Харид пайти меванинг йириклигига, пўсти қуруқ ва юпқа, устида доғлари бўлмаслигига аҳамият беринг. Анор қуруқ, салқин жойда 2 ҳафтагача сақланиши мумкин. Агар уни узоқроқ сақлашни истасангиз, пўстидан тозалаб, елим халтага солинг-да, музлаткичга жойланг. Анорнинг янги сиқилган шарбатини эса 2 кунгача музлаткичда сақлаш мумкин.

Қарши кўрсатмалар бор!

Анор таркибидаги моддалар тиш эмалини юмшатиши мумкин. Мевани истеъмол қилишдан аввал озроқ пишлоқ еб юборилса, ҳеч қандай муаммо йўқ. Анор егач, албатта, оғизни илиқ сувда чайиш лозим.

Яна анорнинг қон босимини туширувчи таъсири борлигини ҳам ёдда тутмоқ зарур. Шу боис гипотония билан оғриган беморлар бу мевани кунга бир донадан зиёд истеъмол қилмасликлари керак.

Анорни кўп есангиз, қабзиятдан қийналиб қолишингиз мумкин. Шунинг учун колит, кольпит ва бошқа ичак касалликлари билан оғриган беморларга анор шарбати тавсия этилмайди.

 

 

Манба: "Суғдиёна" газетаси

Орқага Чоп этиш