ru uz
Беҳи

Бозор расталарида териб кўйилган ёрқин сариқ рангли мева - беҳини кўрганда, унга бефарқ қараб ўтиб кетолмаймиз. Унинг хушбўй ҳиди ёки чиройли кўриниши, албатта, эътиборимизни тортади. Беҳи нафақат ташқи кўриниши, балки ўзининг шифобахшлиги билан ҳам бошқа мевалардан ажралиб туради. Унинг саломатлигимизни мустаҳқамлашдаги ўрни беқиёски, бу ҳақда қуйида батафсил сўз юритамиз.

Шифобахшлиги нимада?

Беҳининг ҳар 100 грамм бўлагида бор-йўғи 40 килокалория бўлиб, одатда, шифокорлар уни парҳезли беморларга тавсия қилишади. Негаки, бу мева танадаги ортиқча ёг ва холестеринни йўқотиб, овқат ҳазм қилиш жараёнини яхшилайди.

Беҳи минерал моддаларга жуда бой. Унинг бу хусусияти қон кетишни тўхтатиш, гормонлар ишини тартибга солиш, куйган ва жароҳатланган терини даволаш, пешоб ҳайдаш ва организмни мустаҳкамлашда қўл келади. Етилиб пишган беҳи таркибида аскорбин кислотаси бўлиб, бу мавсумий шамоллаш даврида самарали таъсир кўрсатади. Таркибидаги С витамини иммунитетни ошириб, вирусли ва яллиғланиш жараёнларида ажойиб даволовчи воситадир.

Беҳи меваси таркибида кўп микдорда пиридоксин (В6 витамини) бўлгани учун юрак қон-томир касалликлари бор беморларга тавсия қилинади. Пиридоксин миокард инфаркти келиб чиқишининг олдини олади, моддалар алмашинувини яхшилайди, атеросклероз ва ишемия ривожланишини тўхтатади.

Беҳи таркибидаги айнан В6 витамини ҳомиладорликдаги кўнгил айниши (токсикоз), камқонлик, гепатит ва тери касалликларида жуда фойдали.

100 грамм беҳи таркибида 30 мг. темир моддаси бор, у тана- нинг темирга бўлган кунлик эҳтиёжини қондиради. Агар организмга темир моддаси етишмаса, камқонлик, иммунитет пасайиши, аъзо ва тўқималарда ўзгаришлар юзага келиши мумкин. Бу элемент, айниқса, ёш болаларнинг ақлий ва жисмоний ривожланиши учун жуда муҳим. Шу боис беҳи кўпинча кекса ёшдаги кишилар, спортчилар, ҳомиладор аёллар ҳамда болаларга тавсия қилинади.

Аксарият кишилар балғам кўчириш ва йўтални тузатишда беҳидан унумли фойдаланади.

Ҳатто, уруғи ҳам фойдали

Беҳи мевасининг уруғи бронхит, ич кетиши, бачадондан қон кетиши ва қон туфлашда қўлланилади. Шунингдек уруғининг қайнатмасидан терини юмшатиш, пардозлаш, кўз касалликларида малҳам ўрнида фойдаланиш мумкин. Ангинада томоқни ғарғара қилиш, қандли диабет, ошқозон яраси ва гипертонияда ҳам асқатади.

Ундаги фойдали витамин ва минераллар эрта қаришнинг олдини олиб, танага қувват беради.

Косметологияда

Мева барглари қайнатмасидан соч илдизларини мустаҳкамлаш ва эрта оқаришининг олдини олиш мақсадида фойдаланилади.

Ва энг асосийси....

Беҳи стресс ва ортиқча асабийлашишни бартараф қилиб, кайфиятни кўтариш хусусиятига эга. Шундай экан, ҳар куни ҳеч бўлмаганда бир дона етилиб пишган беҳи ейишга ҳаракат қилинг.

Кимларга мумкин эмас?

Шифобахш хусусиятларга эга беҳи, афсуски, колит, ошқозон яраси, қабзият ва плеврит касалликларидан азият чекадиган беморларга тавсия этилмайди. Чунки беҳи ичак ва юмшоқ қобиқда тиқилма ҳамда спазмни юзага келтириши мумкин.
Шунингдек, меваси майда тук билан қоплангани сабабли пўсти артилмасдан истеъмол қилинганда, овоз пардалари ва халқумга зарарли таъсир кўрсатади.
Тавсияларни қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг. Зеро, ҳар бир организм ўзига хосдир.

 

Манба:  "Сугдиена" газетаси

 

 

Орқага Чоп этиш