ru uz
Кўклам яқин

Аллергенлар нима ўзи?

Ўсимлик ва бошқа чанглар, аллерген маҳсулотлар, косметика, тозалаш ҳамда дори воситалари — аллергенлардир. Шунингдек, уй ҳайвонлари (яъни уларнинг туклари) ҳам аллерген ҳисобланади. Мавсумий аллергияга ҳос белгилар юзага келишининг 80 фози эса гулчанглари ҳисобига содир бўлади.
Аллергия қўзғатувчи омиллар нафақат ташқи муҳитда, балки ҳар биримизнинг хонадонимизда ҳам бор. Мисол учун, уй жиҳозлари, болалар ўйинчоқлари, гилам ёки юмшоқ мебель юзасида тўпланадиган чанг зарраларини олсак, улар ҳам аллергик қўзғатувчилардир. Мазкур аллергенлар кўзга кўринмагани боис у қадар эътибор жалб қилмайди, аммо заифлашган иммунитетга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Маълумотларга кўра, Ер юзида аллергик касалликлар ўтган асрнинг 60-йилларидан кейин авж ола бошлаган. Техника тараққий этган ҳамда
ривожланиш даражаси бошқалардан юқори бўлган мамлакатларда аллергик касалликларга чалиниш ҳолатлари кўпроқ қайд этилади.

Мавсумга боғлиқлиги нимада?

Аллергия ташқи ва ички муҳитнинг турли омилларига инсон танаси сезувчанлигининг ортиши бўлиб, бунда иммун тизимидаги бузилиш сабабли тана хавфсиз моддаларни хавфли, деб қабул қилади ва ҳимоя тизимини ишга туширади. Натижада эса бурун оқиши, кўз ёшланиши, қичишиш, тери тошмалари пайдо бўлади. Баҳорда содир бўладиган табиат ўзгаришлари, дарахтлар гуллаши, ўсимликлардан ажраладиган чанг зарралари организмга турлича таъсир кўрсатади. Ана шу вақтда иммун тизими сустлашган бўлса, аллергияга мойиллик юз бериши мумкин. Куклам кириб келишига ҳали вақт бор, демак, бугундан бошлаб иммунитетни мустаҳкамлаш чораларини бошланг, шунда аллергия хуружига тутилмайсиз. 
Мавсум аллергияси асосан гул чанглари эвазига юз беради ва тиббиётда поллиноз деб аталади. Аллергияни уч даврга бўлсак, бошланғич даври - март ойининг бошидан май ойи ўртасигача, яъни дарахтлар гуллаши пайтига тўғри келади. Иккинчи даври май ойидан июлнинг охири, август бошигача давом этади. Бу вақтда дала ўтлари гуллайди. Ва ниҳоят, учинчи даври бошоқли ўсимликлар, шувоқнинг гуллаши билан боғлиқ бўлиб, август ойидан ноябргача чўзилади.
Март ойида юз бериш эҳтимоли мавжуд аллергия хуружига чап бера олсангиз, кейинги даврларидан осонгина ўтиб оласиз.

Ирсий мойилликнинг таъсири борми?

Агар ота-онанинг бири ёки ҳар иккисида аллергик касалликлар бўлса, уларнинг фарзандлари ҳам аллергияга мойил бўлиши мумкин. Ташқи сабабларга кўра ҳам мавсумий аллергияга мойиллик кузатилиши ҳеч гап эмас.

Маҳсулотларга эҳтиёт бўласиз, чунки...

Агар сизда мавсумий аллергия хуружларига мойиллик бўлса, истеъмол қилаётган маҳсулотларингизга диққат қилинг. Сабаби — маҳсулотларга аллергия мавсум танламайди. Безовталикнинг қўзғалишига олиб келувчи — мош, ловия, нўхат, қорағат, маймунжон, қулупнай, олча, гилос, асал ва ёнғоқни шу бугунданоқ чекланг. Айрим инсонлар, ҳатто, сутга ҳам аллергик ҳисобланишади. Эътибор берган бўлсангиз, Tомоғи оғриётган киши сут ичганида, йўтал хуружи кучайиб, томоқда қичишиш ортади. Бу сут маҳсулотига нисбатан аллергия борлигининг белгисидир.
Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳар йили май ойининг биринчи сешанбаси GINA - бронхиал астма бўйича глобал ташаббускорлик куни ўтказилади. Биз Урта Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб ушбу ташкилотга аъзо бўлганмиз.
Мамлакатимизда йўлга қўйилган даволаш технологиялари мана шу ташкилот томонидан қабул қилинган тавсиялар асосида амалга оширилади.

Мустақил аниқлаш мумкинми?

Одатда, баҳорги аллергия тумов ва кўз ёшланиши билан кечади. Шамоллашнинг дастлабки белгиси эса эт увишиши, яъни совқотишдир. Қолаверса, шамоллаганингизда ланжлик, бош оғриши, тана ҳароратининг кўтарилиши каби аломатларни сезасиз. Аллергияда эса бундай бўлмайди. Иккисини фарқлашда қай ҳолатда бошланганига эътибор беринг. Масалан, кўча-кўйда юрганингизда тез-тез аксириш ёки кўз ёшланиши кузатилса, томоғингиз қичишаётгандек бўлса, бирор ёпиқ хонага кириб олмагунча давом этишига диққат қилинг. Хонага киргач, безовталиклар тўхтаса, аллергияга мойиллигингиз бор. Аксинча, безовталиклар давом этаверса ва улар қаторига бошқа аломатлар ҳам қўшилса, муаммо аллергияда эмас, бу вазиятда шифокор кўриги талаб этилади.

Ҳар йили такрорланиши ростми?

Аллергия ҳар мавсум қайталаниши мумкин, агар дастлабки муолажа тулиқ бажарилмаган бўлса. Мазкур ҳасталик бир умрлик ҳукм бўлмаса-да, аммо керакли дори воситаларини қабул қилиш баробарида пархезга риоя этилишини ҳам талаб қилади. Ҳатто, арзимасдек тўйилган истисно кунлари ҳам аллергия ҳуружларига сабаб бўлиши мумкин. Баҳор яқинлашгани сайин таомномангизда дуккакли маҳсулотлар, ширинлик, асал, ёнғоқ, тухум, қаҳва, какао, қулупнай, помидор, цитрус мевалари камроқ иштирок этишига аҳамият беринг. Ўсимлик чанглари, ҳайвон туклари, ўткир ва ёқимсиз ҳидлардан нарироқ юринг. Уй хоналарини тез-тез шамоллатиб туринг. Шунда мавсум ўзгаришларидан осонгина ўтиб оласиз.
Аллергияга мойиллигингиз бўлса, дераза ойналарига тўрпарда тутинг. Ҳафтада икки марта тўрпардани ҳўл матода артиб, чангдан тозалаб туринг.

Дори воситалари уйқу чақирмайдими?

Одамлар орасида аллергияга қарши дорилар асабни бўшаштиради, эътиборнинг сусайиши, ҳолсизлик, уйқучанликни келтириб чиқаради, деган фараз бор. Бу нотўғри! Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган дори воситалари мазкур тахминлардан ҳоли бўлиб, 24 соат давомида аллергияга қарши таъсир кўрсатади ва уйқу чақирмайди. Шунингдек, бугунга келиб турли ҳил аэрозоль шаклидаги маҳаллий гормон препаратлари ҳам мавжуд. Улар фақат маҳаллий таъсир кўрсатади. Қонга ўтмайди. Аллергияни бир курс муолажа билан даволаш қийин. Бу ишни аста-секинлик билан бажарган маъқул. Агар ўз вақтида даволанилмаса ёки ўзбилармонлик қилинса, ринитдан тортиб лорингит, бронхит, бронхиал астма хасталиклари келиб чиқиш эҳтимоли бор.
Аллергия ҳуружи юз берганида қўлланиладиган дори препаратларини даволовчи шифокорингиз буюради. Мустақил тарзда аэрозоль ёки бошқа воситаларга чалғиманг. Эҳтимол, сиздаги ўзгаришларни бир неча кунлик парҳез ёрдамида ҳам тузатса бўлар.
Аллергияга мойиллигингиз бўлса, кўчадан қайтгач, бошдан оёқ ювиниб олишга одатланинг. Мутаҳассислар фикрича, мазкур усул аллергияга қарши энг самарали восита экан.

 

Манба:  "Суғдиёна " газетаси

Орқага Чоп этиш