ru uz
Термометр синди-ю, милкларим бўшашиб қолди....

Қоидасига кўра, термометр ўз қутисида сақланиши, фойдаланилганида хавфсизлик чораларига амал қилиниши шарт. Аммо аксарият оналар бунинг аксини қилишади, оланинг қўлтиғига термометрни қистиришади-ю бемалол бошқа ишларини бажараверишади. Шундай пайтда термометр синса, ичидаги симоб ҳавога тарқалиб, заҳарланиш ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин.

Ёки ҳозирда урф бўлган қувватни тежовчи лампаларни олайлик. Ишлатилиб, яроқсиз ҳолатга келгач, асло ахлат қутисига ташлаб бўлмайди. Фараз қилинг, бир хонадондан бир-иккитадан лампа ташланса, ахлат қутиси қай аҳволга келади? Таркибидаги моддалар ўзидан неча юз километрга заҳарли ажратма тарқатмайди, дейсизми? Хўш, бу икки воситадан фойдаланиш, сақлаш ва фавқулодда ҳолатлар юзага келганида қандай чора кўриш керак?

Симоб нақадар хавфли?

Асли, бу модданинг ўзи инсон саломатлигига залворли таъсири йўқ. Аммо симоб иссиқ ҳароратни кўтаролмаслигини инобатга олиш зарур. Хона ҳарорати 22 даража илиқ бўлганда очиқликка чиққан симоб буғлана бошлайди. Айнан шу буғлар хона ҳавосида йиғилиб, одамни заҳарлаши мумкин. Одатда, симобли ҳарорат ўлчагич таркибида симоб миқдори 1—2 мг.дан ошмайди. Бироқ санитария-гигиена қоидаларига кўра, ҳавода симоб буғларининг даражаси арзимаган миқцорда ошган тақдирда ҳам, симоб қолдиқлари тозаланмаса, одамда сурункали заҳарланиш ҳолати юз беради. Бунда анча пайтгача беҳоллик, уйқучанлик, милк қонаши, буйрак ва жигар зарарланиши, қалқонсимон без касалликларининг қўзғаши, жиззакилик, йиғлоқилик, рангпарлик кузатилади. Бу ҳолатда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиб, тиббий текширувдан ўтиш керак.

  Фавқулодда ҳолат юзага келди, энди-чи?

Уй шароитида ҳарорат ўлчагич синса, дарров куйидаги чораларга амал қилиш керак:

  1. Ҳудудингизга қарашли Фавқулодца вазиятлар вазирлиги (ФВВ) бўлинмаси ҳамда санитария-эпидемиология марказига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтиринг. Улар сизга тозалаш ишлари қай тарзда амалга оширилишини босқичма-босқич тушунтириб беришади.
  2. Ваҳимага тушмасдан қўлга қўлқоп, бош кийим кийиб, юзга ниқоб тақинг ёки сочиқ тутиб, хонадан ҳаммани чиқариб юборинг. Деразаларни очиб, хонани шамоллатинг.
  3. Хонани диққат билан кўздан кечиринг: симоб металли оғир бўлгани боис дарров шарча кўринишига келиб, полга думапаб ҳар ёққа сочилиб кетади. Уларни топиб, шприц ёки бурун томизгич (пипетка) ёрдамида йиғиб олинг-да, илиқ сув куйилган шиша банка ичига солиб қўйинг.
  4. Дераза пардаси, юмшоқ ўйинчоқлар йиғилиб, совунли сувда алоҳида тоғорада қўлқоп кийиб ювилади. Бу вазиятда кир ювиш машинасидан фойдаланманг.

! Агар симоб топилмаса, ҳарорат ўлчагич синган жойга бирма-бир скотч бўлакларини ёпиштираверинг, бу синалган. фойда берадиган усул.

  1. Хонани диққат билан кўздан кечиришдан эринманг, симоб қолдиқлари кўз илғамас жойларга кириб кетиши мумкин. Қўл фонуси (фонарь) ёрдамида бирма-бир текшириб чиқинг, чироқ таъсирида симоб қолдиқлари «ёниб» туради;
  2. Симоб буғлари саломатликка ножўя таъсир кўрсатмаслиги учун
    ишқорли муҳит ҳосил қилиш керак. Бунинг учун 10 литр илиқ сувда яримта хўжалик совуни, ярим стакан кир ювиш кукунини эритиб, 7-8 дона мато ёки пахта бўлаклари ҳамда банкани тайёрлаб олинг. Эритмада матони ҳўллаб, маълум жой артилади-да, бир марта артгандан кейин қайта эритмага солмасдан дарров банкага жойланади.
    Кейинги мато билан ҳам кичик жойни артиб, дарров банкага соласиз. Шу тариқа 9-10 тагача мато бўлакларини ишлатиш мумкин. Уй совунли сувда артиб чиқилгач, ДСЭНМ ходимлари чақирилади.  Улар махсус асбоблар ёрдамида ҳавода симоб бор-йўқлиги ҳамда хонада симоб қолдиқлари қолган-қолмаганлигини текшириш учун ҳар хил синамалар олишади ва лаборатория шароитида уларни теширишади. Борди-ю, хона ҳавосида симоб миқдори аниқланса, тозалаш ишлари қайта олиб борилади. Унгача бу хонага ҳеч ким кириши мумкин эмас. Агар тозалаш ишлари тўғри олиб борилса, бир мартанинг ўзида фалокат оқибатлари бартараф этилади. Тозалашдан сўнг симоб қолдиқлари ва мато бўлакларини банкага солиб
    қопқоғи зич ёпилиб, Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги бошқармаси ходимларига қўнғироқ қилинади. Симоб қолдиқларини олиб келиш ДСЭНМ эмас, айнан ушбу вазирлик ваколатига киради. Тозалаш ишларидан кейин ювиниб, кийимларни алоҳида идишда ювиб, оғизни истеъмол содаси эритмасида яхшилаб чайиш зарур.

Диққат лампа чироқлари

Замонавий люминесцент лампалари қувватни тежайди, аммо синганда инсон соғлигига зарар етказиши мумкин. Бу, айниқса, ҳомиладор аёллар ва болалар учун хавфлидир. Таркибидаги симоб буғлари одамда беҳоллик, қорин оғриши, кўнгил айниши, бош оғриғи каби заҳарланиш белгиларини келтириб чиқаради. Лекин бу ҳолат бирданига 20 та лампа синганида рўй бериши мумкин. Шунга қарамай, қувват тежовчи лампа синишига беэътибор бўлмаслик керак.

Хавсизлик чоралари

Биринчи ўринда, люминесцентли лампа синган хона деразасини очиб, одамларни агар уй ҳайвонлари бўлса, ҳам ташқарига чиқариш керак. Хона 12-24 соат-давомида деразаси очиқ ҳолатда тургани маъқул. Қўлларга резина қўлқоп 4 ёки иккитадан целлофан пакет кийиб, банкага лампа қолдиқларини нам мато ё пахта бўлаги, ёки скотч билан аста-секин териб олинади. Ишлатилган мато ёки пахта бўлаги ҳам банкага солиниб, қопқоғи маҳкам ёпилади. Кейин ФВВ бошқармасига қўнғироқ қилиб, қандай воқеа содир бўлгани маълум қилинади. Бу муассасадан ходим келиб, лампа қолдиқларини олиб кетади.

Хонанинг ҳар бир бурчагини, гилам усти, батарея остини, мебель бурчакларини, пол тирқишларини диққат билан кўздан кечириш лозим. Кейин таркибида 5 фоизли хлор ёки совун-содали эритмада дераза тутқичлари, мебель юзаси, пол яхшилаб артилади, Тозалик ишларидан кейин, албатта, ҳаммомда чўмилиб чиқиш керак. Кийган кийим ва пойабзалларни алоҳида тоғорачада совунли сувда ювиб, 12 соат давомида очиқ ҳавода қуритиш лозим.

Кувват тежовчи лампа синганда кондиционер ёқиб бўлмайди, симоб буғлари унинг ичига йиғилиб, ҳавони заҳарлашда давом этиши мумкин.

  • Агар лампа синиб, гилам устига тушган бўлса, зинҳор чангютгичда тоза ламанг. Супургидан фойдаланиш ҳам мумкин эмас.
  • Тозалаш ишларидан сўнг симоб ва шиша қолдиқларини канализацияга оқизиш ёки ахлатга тўкиш ман этилади.

Люминесцент лампалар билан боғлиқ ҳолатлар табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси назоратида бўлиб, Тошкент шаҳридаги учта махсус корхона билан бевосита шартнома тузилган. Булар «Аspselta», «Nео» ва «Sunlight» ташкилотлари. Фойдаланишдан чиққан, ишламай қолган яроқсиз лампалар корхона томонидан қабул қилиниб, безарар ҳолатга келтирилади. Ишлатаётган лампангиз яроқсиз ҳолга келса, қутисига жойланг-да, сотиб олинган дўконга олиб боринг. Дўкон ходимлари тузилган шартнома асосида лампани қабул қилиб олишади ва зарарсизлантириш корхоналарига топширишади.

 

Манба:  "Суғдиёна" газетаси

Орқага Чоп этиш