«ОИВ инфекциясининг диагностикаси, профилактикаси ва даволаш масалаларига замонавий ёндошувлар» мавзусидаги илмий-амалий анжуман
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25 январ 2018 йилдаги ПҚ-3493-сонли “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 13-14 апрел кунлари Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида «ОИВ инфекциясининг диагностикаси, профилактикаси ва даволаш масалаларига замонавий ёндошувлар» мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Анжуманда муаммо бўйича халқаро тоифадаги эксперт ва маслаҳатчилар, Марказий Осиёнинг етакчи мутахассислари, Республика ва ҳудудий даволаш-профилактика муассасалари, ОИТСга қарши кураш марказлари мутахассислари, ихтисослаштирилган илмий амалий тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари мутахассислари, илмий ходимлар ва магистрлар, жами 250 дан ортиқ мутахассислар иштирок этишди.
Илмий-амалий анжумандан мақсад, ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ва уни даволашнинг замонавий усуллари, ОИВ инфекцияси ривожланиши ва тарқалишига кўмаклашадиган сабабларни аниқлаш бўйича тажриба алмашиш, ҳамкорликни ўрнатиш, ОИВ инфекцияси соҳасида илмий изланишларни режалаштириш ва ўтказишдан иборат эди.
Ушбу илмий-амалий анжуман ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ва уни даволаш борасида йўлга қўйилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш, хорижий илғор тажрибаларни амалиётга тадбиқ этиш учун ташкиллаштирилганлигини ҳисобга олиб, ЮНИСЕФ, ЮНЭЙДС, ЮСАИД, СДС, ЖССТ, «Чегарасиз шифокорлар» каби халқаро ташкилотлар эксперт ва маслаҳатчилари таклиф этилди.
Анжуман жуда самарали кечди, мазмунли ва илмий асосланган маърузалар тингловчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Анжуман якуни бўйича ОИВ инфекциясини тарқалишини ўз вақтида олдини олиш ва эрта аниқлаш, ОИВ инфекцияси билан яшаётган шахслар ҳаёт сифатини яхшиловчи, ҳаётини узайтирувчи ва иш қобилиятини тикловчи даволаш чораларининг самарадорлигини ошириш борасида ўтказилаётган тадбирлар учун катта фойда берадиган ишларни йўлга қўйиш бўйича юзага келадиган кўпгина саволларга жавоб олинди.