ОИВ инфекцияси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, шу жумладан, ОИВ инфекциясининг профилактикаси, диагностикаси ва даволаш масалаларида ҳам ижобий натижаларга эришилди.
Мамлакатда 2007 йилдан бошлаб шу кунгача ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган 2 та стратегик дастур ва 2014- 2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекцияси тарқалишига курашиш соҳасидаги Давлат дастури қабул қилинган бўлиб, ушбу дастурларда Республикамизда ОИВ инфекциясини тарқалишини олдини олишга қаратилган барча тадбирлар ўз аксини топган.
Профилактика, касалликни аниқлаш ва беморларни даволаш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлашувига олиб келди. Касаллик юқиши хавфи юқори бўлган гуруҳлар ўртасида ОИВ инфекциясининг тарқалганлик кўрсаткичи 2016 йилда 2013 йилга нисбатан 19,7 фоиздан 7,2 фоизгача камайишига эришилди ва ОИВ инфекциясини аҳоли ўртасида кенг тарқалишига йўл қўйилмади.
ОИВ инфекциясини олдини олиш тадбирлари бўйича аҳолининг хабардорлик даражаси 63,0 фоиздан 85,0гача ортди.
Замонавий ҳалқаро илғор тажрибалар асосида ОИВ инфекциясининг профилактикаси, диагностикаси ва даволаш бўйича 14 та миллий баённома ишлаб чиқилди ва тиббиёт амалиётига жорий қилинди.
Никоҳланувчилар, хомиладор, донорларни ОИВ га текшириш кўрсаткичи 100 фоиз бўлиши таъминланди. Касалликни онадан болага юқишини олдини олиш тадбирларининг самарали ўтказилиши натижасида, Республикада ОИВ инфекцияли оналардан соғлом болаларнинг туғилиши кўрсаткичи 99,8 фоизни ташкил этди.
ОИТСга қарши курашиш марказлари ва туманлараро ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш лабораториялари умумий қиймати 5 млрд сўм бўлган жами 23 турдаги замонавий лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлантирилди. Жумладан, 15 та ОИТСга қарши курашиш марказлари юқори технологияли ПЦР ва цитофлюориметр аппаратлари, гематологик, биохимик анализаторлар билан таъминланган бўлса, туманлараро ОИВ инфекциясига ташхис қўйиш лабораторияларига 54 та замонавий ИФА лаборатория комплекси ўрнатилди.
Республика ОИТСга қарши курашиш маркази таркибида 60 шифоўрнига эга бўлган барча замонавий талабларга жавоб берадиган клиника ташкил этилиб, фаолият кўрсатмоқда.
Тиббий муолажаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Глобал жамғарма ва бошқа донор ташкилотларнинг 8,0 млн. АҚШ долл. миқдоридаги маблағлари жалб қилиниб, тиббиёт муассасалари учун бир марталик тиббий буюмлар, жиҳозлар олинди ҳамда ОИВ инфекцияси ва у билан ёндош кечувчи касалликларга ташхис қўйиш имконини берувчи замонавий асбоб-ускунар харид қилиниб, ўрнатилди.
ОИВ инфекцияли беморларни даволаш мақсадида ретровсга қарши дори препаратларини харид қилиш учун 2013 - 2017 йилларда Глобал жамғарма томонидан 11,1 млн. АҚШ доллари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 3,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги 256 сонли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ, ОИВ билан касалланган 18 ёшгача бўлган болаларга ҳар ойда давлат нафақаси берилиши таъминланмоқда.