UZ RU
01.12.2017

1 декабрь - ОИТСга қарши курашиш куни

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ОИВ/ОИТС бўйича дастури (ЮНЕЙДС) маълумотларига кўра 2017 йилнинг 1 январ ҳолатига дунё бўйича ОИВ инфекцияси билан  яшаётган шахсларнинг сони 36,4 млн. нафарни ташкил этади. Уларнинг 15 млн. нафарини аёллар ва 3,2 млн. нафарини 14 ёшгача бўлган болалар  ташкил этади. Ҳар йили 2,5-3 млн. янги ҳолатлар рўйхатга олинмоқда. Касалланганларнинг асосий қисми ( 22,5 млн.)  иқтисодий ва сиёсий тизим издан чиққан Африка давлатларига тўғри келса, 3 млн. Ҳиндистон, 1,4 млн.- Хитой ва 1,2 млн. нафари АҚШ давлатларига тўғри келмоқда. Россия расмий ташкилотларининг маълумотига кўра эса бу давлатда ОИВ билан касалланганлар  сони 1 миллионга яқин,  Украинада эса аҳолининг 1 фоизидан ортиғи ОИВ инфекцияси билан касалланган.

ОИВ инфекцияси муаммоси  Ўзбекистон Республикасини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Мазкур муаммо ва бу борада  Республикада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот.

  • Нима учун дунёда ОИВ инфекцияси пандемияга айланиб қолди?  

Дунё бўйича ушбу касалликнинг кенг тарқалиши яъни пандемиясига қуйидагилар сабаб бўлмоқда:

- ОИВ инфекцияси юқумли касаллик бўлиб, ушбу касаллик билан касалланган бемор умрининг охиригача вирусни бошқаларга юқтириш ҳавфини сақлаб қолади;

- вируснинг тез ўзгарувчанлиги (мутация) сабабли, ҳанузгача  самарали вакцина ишлаб чиқарилмаганлиги;

- касалликдан бутунлай фориғ қилувчи дори воситаларининг мавжуд эмаслиги;

- ОИВ асосан вирусни юқтириб олиш ҳавфи юқори бўлган шахслар (гиёҳвандлар, фоҳишалар, бесоқолбозлар ва бошқалар) орасида тарқалишга мойиллиги ва бундай шахслар билан самарали профилактик ишларни олиб боришнинг қийинлиги.

-  ОИВ инфецияси гиёхвандлик, фоишабозлик, одам савдоси каби иллатлар билан бирга кечадиган хавфли касалликлар турига киради. Минг афсуски, бу иллатлар кўпайса-кўпайдики,камаяётганлиги йўқ.

-       Аҳоли миграциясининг ортиши эса турли ижобий ҳолатлар билан бирга ОИВ инфекцияси, сил каби касалликларнинг бир худудддан бошқасига тезроқ ва кенгроқ тарқалишига оиб келди.

            Шунга қарамай, Республикамизда бу борада қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

            Тўғри. Бунга асосий сабаб мамлакатимизда ОИВ инфекциясига қарши кураш соҳасида Давлат Бош ташкилотчи эканлигидир.

Ўзбекистон Республикаси мустақилликни қўлга киритган дастлабки кунлардан  бошлаб  Республика Президенти ва Ҳукумати томонидан аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва баркамол авлодни тарбиялаш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

Жумладан, Республикада ОИВ инфекциясини тарқалиб кетишини олдини олиш ва профилактик тадбирларни самарасини янада ошириш мақсадида 1987 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Республика ОИТС диагностика маркази ташкил этилган бўлса, 1988 йилнинг якунида республиканинг барча маъмурий ҳудудларида ОИТС диагностика лабораториялари ўз фаолиятини бошлаган.

            Республикамизда ОИВ инфекциясининг тарқалиб кетишига қарши кураш чора-тадбирларининг  кенг қамровлиларидан бири, бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасида ОИВ инфекциясининг тарқалишига қарши кураш тадбирларининг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўрисида” ги ПҚ-1023 сонли қароридир.

Мазкур қарорнинг асосий моҳияти ОИВга қарши курашнинг ягона тизимини ташкил қилиш, ОИВ инфекциясини олдини олиш ва аҳолини бу касалликдан ҳимоя қилиш борасида ўтказилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги ва сифатини ошириш, ОИВга қарши кураш марказларининг моддий техника базасини яхшилаш, ОИВга қарши курашда фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантирилишини таъминлашдан иборат.

Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «ОИТСга қарши кураш марказларининг ташкилий тузилмасини ва фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 1-сонли қарори қабул қилиниб, шу бугунги кунда бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, бюджет хисобидан 7,5 млрд. сўмга 23 турдаги ОИВ инфекциясига эрта ташҳис қўйиш ва олиб борилаётган махсус даволаш самарасига баҳо бериш имконини берувчи юқори технологияли аппаратлар полимераз занжирли реакция (ПЗР) аппарати, бемор организмидаги иммунитет даражасини аниқлайдиган цитофлюориметр ускунаси ва туманлараро ОИТС диагностика лабораториялари эса иммуно-фермент анализаторлари (ИФА) ҳамда бошқа турдаги асбоб - анжомлар билан жиҳозланди.

2010-2012 йиллар давомида ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказларида  қарийиб  10 млрд. сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ОИТСга қарши кураш марказлари янги қуриб битказилган биноларда фаолиятини бошлаган бўлса,  бошқа марказлар бинолари мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Республикада ОИТСга қарши кураш тадбирларига давлат бюджетидан ташқари хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг маблағларини жалб қилиш борасида ҳам ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2004-2017 йилларда ОИТС,сил ва безгакка қарши Глобал жамғарманинг  100 млн. АҚШ долларидан ортиқ  грант маблағи ОИВ инфекциясига қарши кураш тадбирларига жалб қилин. Грант маблағлари республикада ОИВ инфекциясининг профилактикаси, беморларни эрта аниқлаш, уларни даволаш, аҳолининг хабардорлигини ошириш, даволаш-профилактика муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш, тиббиёт муассасалари мутахассисларини малакасини ошириш масалаларига қаратилди.

Бундан ташқари, шифохоналарда тиббий муолажалар ҳавфсизлигини таъминлаш мақсадида Глобал жамғарма лойиҳаси ҳисобидан жами 8,0 млн. АҚШ долл. қийматига эга бир маротаба ишлатиладиган тиббий жиҳозлар харид қилиниб, Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган ва Самарқанд вилоятлари тиббиёт муасасаларига берилди.

 

 ОИТСга қарши курашда аҳолининг тиббий саводхонлигини ошириш, айниқса ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича ишларни олиб бориш муҳим ўрин тутади. Бу мақсадда ҳам алоҳида  ишлар амалга оширилаяпдими?

 

Республикада ОИВ инфекциясига қарши кураш тадбирларининг асосий йўналишларидан бири аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ОИВ инфекцияси профилактикаси масалалари бўйича тизимли ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этишга қаратилган.

 Мазкур йўналиш бўйича ОИВ инфекцияси тарқалиши билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш борасида социологик тадқиқотлар ўтказиш, Ўзбекистон халқининг менталитети, маънавий-аҳлоқий негизлари ва қадриятларини ҳисобга олган ҳолда юқумли касалликлар профилактикаси, шахсий гигиена масалалари тўғрисида ўқув қўлланмалар, услубий таълим материаллари, видеороликлар, фильмлар тайёрлаш орқали, аҳолига мўлжалланган ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

ОИВ инфекциясини олдини олиш борасида ишлаб чиқарилаётган ахборот маърифий материалларини халқимизнинг маънавий-аҳлоқий негизлари ва қадриятларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланишини мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Идоралараро ишчи гуруҳ ташкил этилиб, фаолият кўрсатмоқда.  Фақат ушбу комиссиянинг ижобий хулосасини олган ОИВ инфекциясини олдини олиш борасидаги ахборот маърифий материаллардан аҳоли ўртасида тушунтириш ва тарғибот ишларида фойдаланишга рухсат этилади.

Оммавий ахборот воситаларида маънавий бой, жисмоний соғлом ва уйғун ёшларни камол топтиришга йўналтирилган ОИТС профилактикаси масалаларида тушунтириш ишлари ташкил этилмоқда. Марказий ва маҳаллий газеталарининг саҳифаларида ва телерадиоканалларда, муаммога бағишланган мақолалар чоп этилмоқда, эшиттиришлар ташкил этилмоқда, Шу бугунги кунда 10 дан ортиқ видеороликлар тайёрланиб, Миллий телерадиокомпания ва жойлардаги худудий телерадиокомпаниялар орқали номойиш этилиб борилмоқда.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси томонидан ёшлар учун ОИВ/ОИТС кўрсатувлар ҳамда радиоэшитиришлар белгиланган режага мувофиқ эфирга узатилмоқда. Ўтган 2016 йил ва жорий йилда 50 дан ортиқ телекўрсатувларда  ОИВ инфекцияси муаммоси ёритилди.

Республика бўйича аҳоли орасида ОИВ инфекциясини олдини олиш бўйича 40 мингдан ортиқ маъруза ва суҳбатлар ўтказилди, 1500 дан ортиқ савол-жавоб кечалари ташкиллаштирилди.   

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги,  Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг олий ўқув юртлари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Алоқадор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикасидан хорижга кетаётган ва кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўртасида ОИВ касаллигини олдини олиш чоралари  тўғрисида Тартиб” га асосан “Ўзбекистон Ҳаво йўллари” ДАК, “Ўзбекистон темир йўллари” ДТЙК, Ички ишлар вазирлиги, “Маҳалла” кенгаши ва Хотин-қизлар қўмиталар ҳамда уларнинг жойлардаги бўлимлари  томонидан хорижга кетаётган ва келаётган ёшлар ўртасида ОИВ ва бошқа касалликларнинг олдини олиш чора тадбирлари борасида тарғибот ташвиқот ишлари амалга оширилмоқда.  

 “Камолот” Ёшлар ижтимоий Ҳаракати билан ҳамкорликда ёш авлодни соғлом турмуш тарзи ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг имкониятларини рўёбга чиқариш ҳамда гиёҳвандлик, чекиш, хуқуқбузарликлар ва ОИТС каби иллатларнинг ёшлар орасида тарқалишини олдини олишга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтаётган 2017 йил мобайнида 150 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилиб, унда 200 минг нафардан ортиқ ёшлар қамраб олинди. “Халқаро ОИТСга қарши курашиш куни” ва “Халқаро гиёҳвандликка қарши кураш куни” мунособати билан республиканинг барча ҳудудларида “Гиёҳвандлик ва ОИТСни олдини олишга қаратилган  тадбирлар амалга оширилди. 

Бу тадбирлар натижасида, йилдан - йилга аҳолининг ОИВ инфекцияси профилактикаси борасида хабардорлиги ошиб бормоқда. Агар, 2003 йилда аҳолининг 34,0 фойизи ОИВ инфекцияси профилактикаси борасида хабардор бўлган бўлса, 2016 йилга келиб бу кўрсаткич 85,0 фойизни ташкил қилди.

Ушбу тадбирлардан мақсад кенг жамоатчилик эътиборини ОИВ/ОИТС муаммосига қаратиш, уларнинг касаллик тўғрисида хабардорлиги ва ҳушёрлигини ошириш, касалликни олдини олиш борасидаги тадбирларга барчани жалб этишдир. Ёшлар орасида ОИВ касаллигини олдини олиш борасида амалга оширилаётган тадбирларни самарасини янада ошириш барча мутасадди ташкилотлар фаолликларини янада оширишларини  талаб этади.

             Касалликка қарши курашиш ишларини янада муҳим босқичга кўтаришда соҳа ходимларини касб малакасини мунтазам равишда ошириб бориш муҳим аҳамият касб этади.

Ҳар бир тиббиёт ходими ОИВ инфекцияси борасида тиббий саводхонлигини ошириб бориши зарур. Бу уларда нафақат ўзини  балки, бошқаларни ҳимоя қилиш малакасини юзага келтиради.

Бу борада ҳам қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан,      Республика ўрта тиббиёт ва фармацевт ходимларни малакасини ошириш маркази томонидан ОИВ инфекциясига қарши кураш тадбирларида иштирок этаётган мутахассисларни малакасини ошириш, уларни қайта таёрлаш бўйича ҳам махсус дастур тасдиқланиб, амалиётга тадбиқ этилди.

Олий ўқув юртлари ва тиббиёт коллежларининг клиник фанлари ўқув дастурларига ОИВ инфекцияси профилактикаси ва уни даволаш бўйича мавзули соатлар киритилиб, талабаларнинг билим ва кўникмалари ошириб борилмоқда. 

 ОИВ инфекциясига қарши кураш доирасида фаолиятини олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва бошқа мутахассисларни малакасини оширишни такомиллаштириш мақсадида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш курсларини ўтказиш жадваллари тасдиқланиб, ўқув дастурлари амалга оширилмоқда.

ТошВМОИ “Эпидемиология” кафедраси ҳамда Республика ОИТСга қарши кураш маркази қошида махсус “ОИТС” курси ташкил этилиб, турли соҳа мутахассислари ушбу курсда ўз малакаларини оширмоқдалар.

“Даволаш-профилактика муассасалари ўрта тиббиёт ходимларининг ОИВ-инфекцияси профилактикаси бўйича  малака ошириш дастури” ҳамда “ОИВ инфекциясининг назарий ва амалий билим асослари ўқув дастури” ишлаб чиқилди ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий таълимни ривожлантириш маркази томонидан тасдиқланди.

  ОИВ инфекциясининг олдини олиш бўйича мавзули ўқув дастурлари тузилиб, “Ҳамширалик иши”, “Лаборатория диагностикаси”, “Тиббий профилактика иши”, “Фармация”, “Даволаш иши”, “Акушерлик иши”, “Ортопедик стомотология” каби йўналишлардаги мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнига киритилди.

Ўрта тиббиёт ва доришунос ходимларни малакасини ошириш Республика маркази томонидан “Даволаш - профилактика муасасалари ўрта тиббиёт ходимларининг ОИВ/ОИТС инфекцияси профилактикаси” мавзуий малака ошириш ўқув дастури ҳамда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти томонидан умумий амалиёт шифокорлари, акушер-гинеколог, эпидемиолог, нарколог ва инфекционистлар учун ўқув модуллари, “Эпидемиология”, “Юқумли касалликлар” малака ошириш цикллари учун ўқув дастурлари тасдиқланиб, тиббиёт амалиётига киритилди.

Шунингдек, Вирусология ИТИ ҳамда Республика ОИТСга қарши кураш маркази мутахассислари томонидан тиббиёт коллежлари учун “ОИВ инфекциясининг назарий ва амалий билим асослари” ўқув қўлланмаси тайёрланди.

Ўтган давр мобайнида ОИВ/ОИТС масалалари бўйича ташкил этилган махсус ўқув курсларида 2016-2017 йиллар давомида жами 2000 дан ортиқ нафар шифокорлар ва 2500 нафар ўрта тиббиёт ходимлари ўз малакаларини оширдилар.

Бундай тадбирлар узлуксиз давом эттирилади.

 

- Республикада ОИВ инфекцияси аниқланган беморларни даволаш, касалликни онадан болага ўтишини олдини олиш ишлари.

 

Республикада ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахсларни даволашга катта эътибор қаратилмоқда.  Республика ва худудий ОИТС га қарши кураш марказлари, Вирусология ИТИда ОИВ инфекцияли беморларга антиретровирусли терапия (вирусга қарши махсус даволаш тури, беморга бир умрга тайинланади ва ҳар куни дориларни қабул қилиб борилади)  буюрилиб, даволаш ўтказилмоқда. Антиретровирусли терапияни ўтказиш беморларни умрини узайтириш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга, шунингдек иш қобилиятини оширишга ёрдам беради хамда энг муҳими вирусни бошқаларга юқиши ҳавфини кескин камайтиради. Ҳозирги кунга келиб республикамизда 20 минга яқин ОИВ инфекцияси билан яшовчи шахслар антиретровирусли терапияни қабул қилмоқдалар. ОИВ инфекцияли беморларни даволаш мақсадида ретровсга қарши дори препаратларини харид қилиш учун 2013 - 2017 йилларда Глобал жамғарма томонидан 11,1 млн. АҚШ доллари ва Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан 3,8 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилди.

Республикамизда ОИВ инфекциясини вертикал трансмиссияси  (онадан болага ўтиши) профилактикаси бўйича ҳам самарали ишлар амалга оширилмоқда. 

ОИВ инфекцияли хомиладор аёллар ва улардан туғилган болаларни антиретровирусли дори воситалари билан махсус даволаш ишлари ўтказилмоқда.  Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари асосида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан  “Соғлиқни сақлаш тизимиги туғруқгача ёрдам  муассасаларида ОИВ инфекциясини онадан болага ўтиш профилактикаси бўйича тадбирлар тўғрисида” махсус баённома имзоланган бўлиб, мазкур буйруқ асосида ҳар бир ҳомиладор аёлни ОИВ инфекциясига лаборатория текширувидан ўтказилиши таъминланмоқда. Бу мақсадда давлат, Глобал жамғарма ва бошқа хомийлар маблағи ҳисобидан экспресс тестлар харид қилиниб, туғруқ мажмуаларига етказилган.

2016 йил давомида жами ОИВ инфекциясига 550 мингдан ортиқ хомиладор аёллар текширувдан ўтказилди. Касалликни онадан болага юқишини олдини олиш тадбирларининг самарали ўтказилиши натижасида, Республикада ОИВ инфекцияли оналардан соғлом болаларнинг туғилиши кўрсаткичи 99,8 фоизни ташкил этди.

Глобал жамғарма ва Жаҳон Банкининг “Марказий Осиёда ОИТСни назорат қилиш” лойиҳаси маблағлари ҳисобига ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Республика ОИТСга қарши кураш марказида 60 шифо ўринли клиника ташкил этилди ва 2012 йилдан фаолият кўрсатмоқда. Шифохонада ҳар йили 1700 нафардан ортиқ беморларга малакали стационар шароитдаги ёрдам кўрсатилмоқда.

 “Марказий Осиёда ОИТСни назорат қилиш” лойиҳаси маблағи ҳисобидан Республика ОИТСга қарши кураш маркази клиникаси қошида ОИВ инфекциясига чалинган беморларни даволаш, парваришлаш ва қўллаб қуватлаш бўйича Марказий Осиё бўйича ўқув маркази фаолият кўрсатмоқда.

Болалар фонди (ЮНИСЕФ) билан касалликни онадан болага ўтишини олдини олиш бўйича меъёрий ҳужжатларни тайёрлашда, ОИВ инфекцияли хомиладор аёллар ва улардан туғилган болаларга антиретровирусли профилактикани ўтказиш, бу борада мутахассисларни тайёрлаш масалаларида ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан беморларда  антитетровирусли терапия ўтказиш бўйича халқаро маслаҳатчилар, экспертларни жалб этиш ва ОИВ инфекцияли беморларни даволаш, парваришлаш масалалари бўйича семинарлар, конференциялар ташкил этиш ва мутахассисларни чет эл давлатларида малакасини ошириш масалаларида ёрдам кўрсатилмоқда. 2013- 2017 йилларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг услубий  ёрдамида  ОИВ инфекцияли шахсларга тиббий ёрдамни ташкил этиш борасида 14 та миллий даволаш протоколлари тайёрланди ва амалиётга тадбиқ этилди.

ОИВ инфекцияли беморларни даволаш масалалари бўйича 2006 - 2017 йиллар давомида 100 дан ортиқ мутахассис ривожланган давлатларда малакасини оширишди.

Амалга оширилаётган тадбирлар натижасида кейинги йилларда республикада ОИВ инфекцияси бўйича барқарорликка эришилмоқда. Жумладан, 2005-2009 йилларда ОИВ билан касалланиш кўрсаткичи хар йили 20-25 фойизга ошиб борган бўлса, 2010 йилда касалликнинг кўпайишига барҳам берилиб, касаллик кўрсаткичи 2009 йилга нисбатан 2016 йилда эса 7.8% га камайди.

Касаллик юқиши хавфи юқори бўлган гуруҳлар ўртасида ОИВ инфекциясининг тарқалганлик кўрсаткичи 2016 йилда 2010 йилга нисбатан 27,7 фоиздан 7,2 фоизгача камайишига эришилди ва ОИВ инфекциясини аҳоли ўртасида кенг тарқалишига йўл қўйилмади

Аҳолини ОИВга текшириш кўрсаткичлари мос равишда 2.5 мартага ортиб, ҳар йили текширувдан ўтаётганлар сони 3,2 млн. нафарни ташкил этди. Никоҳланувчилар, донорларни ОИВ га текшириш кўрсаткичи 100 фоиз бўлиши таъминланди.

Шу билан бирга, ОИВ инфекциясини тарқалишини олдини олиш тадбирларининг самарасига таъсир қилаётган бир қатор муаммолар мавжуд.

Тиббиёт муассасаларида ташкил этилган Ишонч хоналари томонидан касаллик юқиши хавфи юқори бўлган гуруҳларга  мўлжалланган  профилактик воситалар фақат донорлар маблағлари ҳисобидан таъминланмоқда.

Ҳозирги кунда, ОИВ инфекцияли беморларга ретровирусга қарши терапия дорилари касалликнинг авж олган даврида берилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига биноан эса беморни вирусга қарши даволаш касаллик аниқланган кундан бошланиши шарт.

 Ретроврусга қарши дори воситалари ва даволанишнинг самарасини кўрсатувчи таҳлиллар учун диагностикумларни марказлашган ҳолда харид қилиш бўйича Давлат бюджетидан мақсадли маблағ ажратилиши кўзда тутилмаган.

Натижада, ҳар йили ушбу маблағ ажратилиши кеч амалга оширилиб, зарур дори воситалари ва диагностикумларни харид қилиш ва чет давлатлардан Ўзбекистонга олиб келиш кўп вақт талаб этгани боис, даволашнинг узилиб қолиш хавфини юзага келтирмоқда. Бу ўз навбатида вирусга қарши терапиянинг самарасига салбий таъсир қилиб, вируснинг дориларга чидамли турларини Республикада тарқалишига олиб келади. 

Глобал жамғарма ва Давлат бюджетидан ажратилаётган маблағлар ҳисобидан олинган вирусга қарши дори воситалари мавжуд эҳтиёжнинг 54 фоизини  қоплайди, холос.

ОИТСга қарши кураш марказлари ва туманлараро ОИВ диагностик лабораторияларининг моддий-техника базаси замонавий талабларга жавоб бермайди

Қисқа вақтда эпидемик вазиятни таҳлил қилиш, унга баҳо бериш ва самарали қарорлар қабул қилиш учун ОИТСга қарши курашиш тизими муассасаларида ягона электрон ахборот алмашинув базаси мавжуд эмас.

Юқорида қайд этилган ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида 2017 йилнингт 18 октябрида ўтказилган “Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш аҳволи ва келгусидаги вазифалар” мавзусидаги мажлисда муҳокама этилди ва Ўзбекистон Республикасида  ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган аниқ мақсад ва вазифалари кўрсатилган кенг қамровли Стратегик дастурни ишлаб қичиш бўйича кўрсатма берилди.

 Стратегик дастур лойиҳаси ишлаб чиқилиб, барча алоқадор вазирлик ва идоралар билан келишилди ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида 2018-2022 йилларда ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган Стратегик дастурни тасдиқлаш тўғрисида”  қарори билан Республикада аҳолига ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси, махсус даволаш ва тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш ва уни янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

ОИТСга қарши кураш марказлари ва туманлараро ОИВ диагностик лабораторияларини замонавий тиббий асбоб ускуналар билан жиҳозлаб, уларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш;

ОИВ инфекциясини профилактикаси, диагностикаси ҳамда беморларни даволаш ва парваришлаш бўйича тадбирлар кўламини янада ошириш мақсадида мавжуд меъёрий-хуқуқий базани такомиллаштириш;

ОИВ инфекциясига ташхис қўйишда ишлатиладиган ва ёндош кечувчи касалликларни аниқлаш ҳамда даволаш учун зарур бўладиган тест-системалар, реагентлар ҳамда дори воситаларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқаришни ривожлантириш;

ОИВ инфекциясини юқтириб олишга мойил бўлган хавфли гуруҳларини ОИВга тўлиқ текшириш;

 аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, ОИВ инфекциясини юқтириб олишга мойил хавфли гуруҳлари орасида профилактик тадбирлар кўламини кенгайтириш ва самарасини ошириш;

даволашга мухтож бўлган ОИВ инфекцияли беморларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан юқори сифатли замонавий антиретровирус препаратлари билан таъминлаш;

ОИВ инфекцияли шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ОИВ  инфекциясини онадан болага ўтишини олдини олиш мақсадида, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган болаларни 6 ойга тўлгунига қадар қуруқ сут аралашмаси билан таъминлаш;

қисқа вақтда эпидемик вазиятни таҳлил қилиш, унга баҳо бериш ва самарали қарорлар қабул қилиш мақсадида ОИТСга қарши курашиш хизмати муассасаларида ягона электрон ахборот алмашинув тизимини яратиш.

ОИВ инфекцияси профилактикаси, диагностикаси ва даволаш тадбирлари соҳасидаги илмий-изланиш ишларининг самарадорлигини ошириш ва келгусида уларни соғлиқни сақлаш амалиётига тадбиқ этиш;

етакчи хорижий тиббиёт муассасалари билан халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва маълумот ҳамда тажриба алмашинувини таъминлаш.

Президент қарорини амалга ошириш орқали кутилаётган натижалар:

аҳолини ОИВ инфекциясига ва ёндош (оппортунистик) инфекцияларга текширувлар билан қамраб олишни ошириш орқали мамлакатда ОИВ инфекцияси бўйича эпидемиологик вазиятни барқарорлашувига эришиш;

ОИВ инфекцияси диагностикаси ва даволаш тадбирлари самарадорлигини ошириш, даволанишга муҳтож ОИВ инфекцияли шахсларнинг 90%ини антиретровирус терапия билан қамраб олиш;

ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш ва Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг бу борадаги сертификатига эга бўлиш;

Статистик маълумотларнинг аниқлиги ва сифатли тайёрланиши ҳамда тадбирларни самарали амалга ошириш учун ОИТСга қарши кураш хизматида ахборот алмашинувининг тезлигига эришиш;

ОИВ инфекцияси диагностикаси ва беморларни даволаш учун сифатли, арзон диагностикумлар, тест-системалар ва реагентлар билан таъминотнинг  узлуксизлигини таъминлаш;

Даволанишга муҳтож 41 мингдан ортиқ ОИВ инфекцияли шахсларни антиретровирус терапия билан қамраб олиш ва уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш;

Давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг 15 минг нафардан ортиғини ОИВ инфекцияси масалалари бўйича малакасини ошириш;

Аҳолини ОИВ инфекцияси масалалари бўйича хабардорлигини ошириш ва уларда ОИВ инфекцияли шахсларга нисбатан толерант (беғараз, ҳайриҳоҳ)  муносабатни шакллантириш.

Ўзбекистон Республикасида 2018-2022 йилларда ОИВ инфекциясини тарқалишини олдини олиш тадбирларини янада кучайтириш ишларига Давлат бюджети ҳисобидан 47,428 миллиард сўм ва 31,95 миллион АҚШ доллари ва Глобал жамғарманинг 14,7 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган ушбу Стратегик дастурда режалаштирилган тадбирларнинг бажаралиши ОИВ инфекцияли шахсларни эрта аниқлаш, касалликни бошқаларга юқишини олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларни тез амалга ошириш ва беморларни самарали даволаш ҳамда уларга зарур бошқа тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича янги сифатли босқич бўлиб хизмат қилади ва мамлакатнинг халқаро ҳамжамият олдида ОИВ инфекциясига қарши курашиш бўйича олган мажбуриятларини тўлақонли бажарилишини таъминлайди.