Сурхондарёда 40 ўринга мўлжалланган урология маркази филиали очилади
Сурхондарё вилоятидаги иқлим ва экологик шароит туфайли урологик касалликлар, хусусан, буйрак-тош хасталиги аҳоли ўртасида кенг тарқалганлиги ва республика кўрсаткичларидан деярли икки баробар юқори эканлиги статистик маълумотлардан маълум.
Республика ихтисослаштирилган урология маркази директори Фарҳод Оқиловнинг маълумот беришича, Сурхондарёда урология хизмати Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази урология ва туман тиббиёт бирлашмаларидаги хирургия бўлимларида ташкил этилган. Қайд этилган тиббиёт мауссасаларининг моддий-техника базаси паст даражада бўлиб, фаолият кўрсатаётган кадрлар малакаси замонавий талабларга жавоб бермайди. Шу сабабли 2016 йил Республика ихтисослаштирилган урология марказида даволанган 27000 дан ортиқ беморнинг 2711 нафари (10 фоиздан зиёди)ни Сурхондарё вилоятидан келган беморлар ташкил этди. Уларнинг аксарияти, касалликнинг асоратланган даврида мурожаат қилган.
Ҳозирги кунда вилоятда урологик ва гемодиализ ёрдами сифатини ошириш, ундан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, урологик ёрдамнинг барча босқичларида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш, шунингдек, асоратланган урологик касалликлар туфайли юзага келган буйрак етишмовчилигининг олдини олиш ва ўлим кўрсаткичларини камайтириш мақсадида Республика ихтисослаштирилган урология марказининг Сурхондарё вилоят филиалини ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Ушбу филиал замонавий даволаш-диагностика асбоб-ускуналар билан жихозланган 40 ўринли ва 10 та “Сунъий буйрак” аппарати мавжуд бўлган гемодиализ бўлимига эга бўлади.
Шу билан бирга, юқори малакали маҳаллий кадрлар мактаби яратилиши ҳисобига, аҳолига ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш, урологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш имкони пайдо бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги