Долзарб масалалар муҳокамаси
Жорий йилнинг 3 март куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Видеоселектор форматида ўтказилган йиғилишда Ҳайъат аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбар ходимлари, вазирлик тасарруфидаги ҳудудий органлар, таълим ва даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари иштирок этди.
Ҳайъат йиғилиши соғлиқни сақлаш вазири А.Шадманов раислигида ўтказилди.
Унда қатор масалалар муҳокама қилинди. Йиғилишнинг асосий масаласи — мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида шу йилнинг 5 январь ва 7 февралда ўтказилган мажлис баёнларининг ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ва ижроси хусусида соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари А.Хаджибаев маърузаси тингланди. А.Хаджибаев ўз чиқишида соғлиқни сақлаш тизимининг бугунги ҳолати, муаммолар, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифалар, аҳолига кўрсатилаётган бирламчи тиббий санитария ёрдами, жумладан, патронаж тизимини янада такомиллаштириш ҳамда тез тиббий ёрдам бригадаларининг ҳолатига атрофлича тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Назорат инспекцияси томонидан 2016 йилда бажарилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида Назорат инспекцияси раҳбари А.Агзамов чиқиш қилди.
Кун тартибининг кейинги масаласи, яъни Соғлиқни сақлаш соҳасида фаолият олиб бораётган халқаро давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликдаги ишлар ҳамда тиббиёт соҳаси мутахассисларини хорижий мамлакатларнинг етакчи тиббиёт марказлари, клиникалари ва олий ўқув юртларида қайта ўқитиш, ихтисослаштириш ва малака оширишга юбориш тажрибаси ва истиқболлари хусусида бўлди.
Шундан сўнг, Ҳайъат йиғилиши иштирокчиларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ўртасида 2016-2018 йиллар учун тузилган икки томонлама Тармоқ келишувининг бажарилиши тўғрисида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши раиси Ф.Ханапияев маълумот берди.
Кун тартибидан ўрин олган асосий ва қўшимча масалалар бўйича маърузалар тинглаб бўлингач, мазкур масалалар юзасидан вазирлик Ҳайъатининг тегишли қарорлари қабул қилинди ва раҳбарларга соҳани янада яхшилаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Бўлиб ўтган Ҳайъат йиғилишида танқидий таҳлил,қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик шу куннинг талаби эканлиги алоҳида таъкидланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги