UZ RU
14.01.2017

Айрим дорихоналарда дори воситалари нархида фарқлар ҳамон сақланиб қолмоқда

Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш борасидаги долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу ҳужжат асосида тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун нархларни белгилаш тартиби жорий этилди.

Жиззах вилоятида ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиладиган 12 дорихона фаолият кўрсатаётир. Уларда дорилар имтиёзга эга беморларга белгиланган тартибда арзон нархларда сотилмоқда. Ижтимоий дорихоналарни “Жиззах дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаётир.

– Қарорда жорий йилнинг 1 январидан эътиборан четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларига қўйиладиган устамалар улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлишига йўл қўйилмаслиги қатъий белгилангани аҳолининг барча тоифалари манфаатига хизмат қилади, – дейди “Жиззах дори-дармон” масъулияти чекланган жамияти раиси Э.Тожибоев. – Шу чоққача аксарият улгуржи таъминотчилар ҳам, дорихоналар ҳам бир хил дори воситаларини турли нархда сотаётган эди. Бу ҳолат айрим дориларни доимий истеъмол қиладиган беморларга маълум қийинчиликлар туғдирарди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори билан бу борадаги камчиликлар ҳам бартараф этилди.

Айни пайтда вилоятда ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш ишлари изчил олиб борилмоқда. Республика комиссияси томонидан тузилган энг муҳим дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг барча дорихоналар учун мажбурий янгиланган минимал рўйхати ҳамда шифокор рецептисиз бериладиган дори-дармон воситалари рўйхати ҳар бир дорихонанинг харидорга қулай ва кўринарли бўлган жойига илиб қўйилмоқда.

Қарор асосида даволаш муассасаларини ва аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, шаҳар, туман тиббиёт бирлашмалари томонидан тизимли назорат йўлга қўйилмоқда. Назоратни жамоатчилик асосида амалга оширувчи жамоатчилик назорат гуруҳлари ва улар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилган.

Айни пайтда қарор ижросини таъминлашда эришилган натижалар билан бирга, амалга оширилиши зарур бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳам мавжуд. Ҳозирча барча дорихоналарда дори воситалари нархини белгилаш тўлиқ тартибга солинганича йўқ. Масалан, Бахмал, Ғаллаорол, Зарбдор, Зафаробод туманларидаги айрим дорихоналарда бир хил дори воситалари нархида фарқлар ҳамон сақланиб қолмоқда. Айрим дорихоналарда дори нархлари рўйхатлари илинмаган.

Шу ўринда дори-дармон воситаларининг таъминоти ва нархини назорат қилиш тиббиёт муассасалари, мутасадди ташкилотлар билан бирга кенг жамоатчиликнинг, ҳар бир фуқаронинг зиммасига ҳам масъулият юклашини унутмаслигимиз даркор.

– Афсуски, ҳозирча соҳада жамоатчилик назорати кўнгилдагидек эмас, – дейди Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Жиззах вилояти ҳудудий бирлашмаси мониторинг бўлими бошлиғи Т.Зокиров. – Айрим харидорлар муайян дорининг нима сабабдан турли дорихонада ҳар хил нархда сотилишига сотувчидан изоҳ талаб қилиш ёки мутасадди ташкилотларга хабар бериш ўрнига бошқа жойдан арзонроғини излашни маъқул кўради. Шунинг учун маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Манба: uza.uz