UZ RU
30.12.2016

Халқ манфаати - бош мезон

Юртимизда ижтимоий-иқтисодий соҳани ривожлантириш, халқимиз турмуш даражасини янада юксалтириш, энг улуғ мақсад - жонажон Ватанимизни тараққий топган демократик давлатлар қаторидан ўрин эгаллашига эришишга қаратилган кенг миқёсли вазифалар олиб борилаётганига барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Ушбу ислоҳотлар замирида халқ манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда аҳоли фаровонлигини таъминлаш ётади, албатта. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига мувофиқ, 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинишида ҳам ушбу эзгу мақсадлар мужассам.

Куни кеча Соғлиқни сақлаш вазирлигининг навбатдаги Ҳайъат йиғилишида ҳам ушбу устувор масалаларга алоҳида урғу берилди.

Видеоселектор форматида ўтказилган йиғилишда вазирликнинг раҳбар ходимлари, марказий аппарат вакиллари, вазирлик тасарруфидаги ҳудудий органлар, таълим ва даволаш-профилактика муассасалари, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари, Саломатлик ва тиббий статистика институти ҳудудий филиаллари ва тизимдаги бошқа ташкилотларнинг 4 минг нафарга яқин вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири Адхам Икрамов очиб берди ва олиб борди.

Ҳайъат йиғилишида кун тартибига оид қатор масалалар кўриб чиқилди. Асосий масалалардан бири ҳисобланган халқ билан мулоқот қилишда янги босқичга ўтиш, бу борадаги долзарб вазифалар атрофлича муҳокама этилди. Хусусан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгиланган вазифалар мазмун-моҳияти ўрганилди.

Халқ билан мулоқот қилган ҳолда инсон манфаатларини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар юртимизда шу йилнинг 25-сентябрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири виртуал қабулхонаси ташкил этилиши билан янада қизғин тус олганди.  Мазкур виртуал қабулхона давлат ҳамда халқ бирлиги, тобора мустаҳкамланиб бораётган ўзаро ишонч ифодаси бўлди. Чунки унинг замирида аҳолининг дарду ташвишини тинглаш, оғирини енгил қилиш орқали эртамизни бугундан-да чароғон этиш, келажак авлодга озод ва обод Ватан қолдириш каби эзгу ниятлар кўзда тутилган.Шунинг усун ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Виртуал қабулхона”ни кўтаринки кайфиятда кутиб олди ва қўллаб-қувватламоқда.

Айтиш жоизки, янги йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номланиши барча йўналишлар каби тиббиёт соҳаси вакиллари зиммасига ҳам катта масъулият юклади. Зеро, соғлиқни сақлаш тизими аҳолидан энг кўп мурожаат тушадиган давлат идораси ҳисобланади. Бош вазир виртуал қабулхонасига 28 декабргача келиб тушган мурожаатларнинг 6800 дан ортиғи соғлиқни сақлаш соҳаси билан боғлиқлиги ҳам бунга яққол далилдир.

Ҳозирги кунгача ушбу ариза ва шикоятларнинг 5400 таси, яъни қарийб 80 фоизи кўриб чиқилди, мурожаат қилганлар билан учрашилди, уларнинг муаммолари қонун доирасида ҳал этилди. Қолган 20 фоизи эса ҳозир мутасадди раҳбарлар томонидан ўрганилиш жараёнида.

Ҳудудлараро онлайн тарзда ўтказилди мазкур йиғилишда алоҳида қайд этилганидек, бу каби ҳолатларни камайтириш, мавжуд масалаларни ҳал этиш учун барча ҳудудларда, айниқса, юқорида қайд этилган вилоятларда халқ билан мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш каби вазифаларга жиддий эътибор бериб, муаммонинг туб илдизини аниқлаш керак.

Ана шу ҳаётий ҳақиқатлар инобатга олинган ҳолда, шунингдек, барча давлат идоралари халқ хизматида эканидан келиб чиқиб, аҳоли билан янада самарали мулоқотни йўлга қўйиш, ҳаётий эҳтиёжлари тўғрисида яқиндан билиш, хусусан, юртимизда кўрсатилаётган кафолатланган ҳамда бошқа тиббий хизмат турлари бўйича ҳал этилмаган муаммо, ариза, шикоят ёки таклифларни атрофлича ўрганиб, уларга ўз вақтида ечим топиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилди.

Эндиликда вазирликнинг расмий веб-сайти - www.ssv.uz, шунингдек, ушбу интернет манзилида кўрсатилган электрон почта ёхуд телефон орқали мазкур виртуал қабулхонага тўғридан-тўғри мурожаат юбориш мумкин.

Барча мурожаaтлар шахсан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири томонидан кўриб чиқилади, назоратга олинади ва қонун доирасида ҳал этилади.

Соғлиқни сақлаш вазири виртуал қабулхонаси ташкил этилган илк кунларданоқ аҳолидан кўплаб ариза ва шикоятлар келиб тушмоқда. Уларни соғлиқни сақлаш вазири шахсан назоратга олиб, кўриб чиқаётгани, айниқса, эътиборлидир.

Ушбу ҳолатлар инобатга олиниб, 2017 йилдан бошлаб одамлар билан, халқ билан ишлаш бўйича сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш кўзда тутилгани ва бу борада асосий қадамлар ҳам ташланаётгани қайд этиб ўтилди. Зеро, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак.  

Видеоселекторда бирламчи тиббий ёрдам  тизими, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, шошилинч ва тез тиббий ёрдам фаолиятини такомиллаштириш, тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили, уларнинг сифат ва самарадорлигини янада ошириш, тиббий асбоб-ускуналар билан ишлаш, ихтисослаштирилган ёрдамни аҳолига яқинлаштириш, санитария-эпидемология, Инвестиция дастури ижроси каби асосий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Йиғилишда кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган раҳбарларнинг масъулиятини ошириш бўйича мутасадди масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Манба: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи Ф.Санаев.