UZ RU
07.12.2016

Чекишга қарор қилсангиз – огоҳлантирувчи белгиларга қаранг

Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи (рўйхат рақами 2840, 2016 йил 30 ноябрь) билан Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой ва (ёки) хона ҳақида ахборот берувчи белгиларни тайёрлаш ҳамда уларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Белгиланишича, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи ҳамда тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой (хона) ҳақида ахборот берувчи белгиларни тайёрлаш ҳамда уларни жойлаштиришни ташкилот раҳбари, иш берувчи ёки бино (объект)лардан фойдаланаётган юридик (жисмоний) шахслар ташкил этади.

Огоҳлантирувчи ва ахборот берувчи белгилар Низомда кўрсатилган шаклларга мувофиқ тайёрланади.

Огоҳлантирувчи белгилардаги огоҳлантирувчи матн давлат тилида (лотинча ёки кириллча ҳарфларда), рус, инглиз ёки бошқа хорижий тилларда ифодаланиши мумкин.

Алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи белгидаги огоҳлантирувчи матнда қуйидаги сўзлар акс эттирилади:

«АЛКОГОЛЬ МАҲСУЛОТИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ! ЖАРИМА — ЭНГ КАМ ИШ ҲАҚИНИНГ 1/2 ҚИСМИ МИҚДОРИДА! БИР ЙИЛ ДАВОМИДА ТАКРОРЛАНСА — ЭНГ КАМ ИШ ҲАҚИНИНГ 1/2 ҚИСМИДАН ИККИ БАРАВАРИГАЧА МИҚДОРИДА ЖАРИМА ЁКИ 15 СУТКАГАЧА МУДДАТГА МАЪМУРИЙ ҚАМОҚ! (Асос: МЖтКнинг 187-моддаси)».

Алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган матнли огоҳлантирувчи белги иш жойларида, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғларида ва бошқа жамоат жойларида, шунингдек алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилишга рухсат этилмаган савдо ва умумий овқатланиш объектларида (тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойлар, шунингдек алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилишга рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектлари бундан мустасно) жойлаштирилиши лозим.

Алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган матнсиз огоҳлантирувчи белги жамоат транспортининг барча турларида (фуқаро ҳаво кемаси бундан мустасно) жойлаштирилади.

Тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган огоҳлантирувчи белгидаги огоҳлантирувчи матнда қуйидаги сўзлар акс эттирилади:

«ТАМАКИ МАҲСУЛОТИ ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ! ЖАРИМА — ЭНГ КАМ ИШ ҲАҚИНИНГ 1/3 ҚИСМИ МИҚДОРИДА! (Асос: МЖтКнинг 561-моддаси)».

Тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган матнли огоҳлантирувчи белги иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда ва бошқа жамоат жойларида (тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой (хона)лар бундан мустасно) жойлаштирилиши лозим.

Тамаки маҳсулотлари истеъмол қилинишига йўл қўйилмайдиган матнсиз огоҳлантирувчи белги поездларда, дарё кемаларида, автобусларда, йўналишли ва йўналишсиз таксиларда, шаҳар электр транспортида жойлаштирилади.

Тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жой (хона) ҳақида ахборот берувчи белги махсус ажратилган жой (хона)да жойлаштирилади.

Ҳужжат давлат тилида қабул қилинган ва 2017 йил 5 мартда кучга киради.

Манба: norma.uz